Ҳоланд ва иккинчи дарвозабоннинг суперсейви «Сити»ни тарихий чемпионликка яқинлаштирди
«Шаҳарликлар» сўнгги тур арафасида биринчи ўринга чиқишди, «Тоттенҳэм» мухлислари мағлубиятдан хурсанд.
«Тоттенҳэм» — «Манчестер Сити» 0:2
Голлар: Ҳоланд (51, 90+1 пеналти).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, Дрэгушин, ван де Вен, Ҳёйберг (Скипп, 85), Мэддисон (Мур, 90+3), Бентанкур (Кулусевски, 55), Сарр (Ло Челсо, 85), Сон, Жонсон.
«Манчестер Сити» – Эдерсон (Ортега, 69), Уокер, Диаш, Аканжи, Гвардиол, Ковачич, де Брюйне (Доку, 69), Бернарду Силва, Родри, Фоден, Ҳоланд (Алварес, 90+5).
Огоҳлантиришлар: Бентанкур (36), Сарр (57), Ромеро (63), Ковачич (70), Фоден (88), Силва (90+11).
Хосеп Гвардиола — футболчиларнинг саломатлиги учун қайғуради ва мунтазам равишда тиғиз тақвимни танқид қилади. Табиийки, у футболчиларда нафақат жисмоний имкониятларнинг, балки ҳиссиётлар захирасининг ҳам чегараси борлигини тушунади.
Шу туфайли, ўтган турда «Фулҳэм» устидан қозонилган ғалабадан кейин Пеп ўтган мавсумдаги требл ортидан пасайиш бўлишини кутганини, аммо реаллик бошқачароқ бўлганини тан олди. Шу туфайли у футболчилардан бирор нарсадан хафа бўлишса ҳам, ҳиссиётларини яширмасликни сўради. Ва испаниялик мутахассис ўйин арафасида «Тоттенҳэм» майдонига сафар қилишнинг қийинчиликларига тўхталди, бу стадионда «Манчестер Сити» январдаги кубок ўйинига қадар АПЛ доирасида қаторасига беш мавсумда ғалаба қозона олмаган, бу ўйинларда бирорта гол ҳам урмаганди. Ҳозир эса бу серияга чек қўйиш орқали алоҳида мақсадга эришиш — АПЛда қаторасига тўрт мавсумда чемпион бўлган илк жамоага айланиш талаб этиларди.
«Тоттенҳэм» мухлислари учун эса бу аралаш туйғуларга бой кун эди. Улар учун нима афзаллигини аниқлаш қийин эди - азалий рақиб бўлган «Арсенал»га ёрдам бериш ёки Чемпионлар лигасига йўлланма олиш имкониятидан фойдаланиш. Стадион атрофида мухлислар ўртасида ўтказилган сўров натижалари ҳам шунга мос эди, фанатларнинг энг ажойиб ва кинояли жавоби эса Sky эфирида янгради: «Биз мағлубиятсиз вазиятдамиз. Агар ғалаба қозонсак, бундан ютамиз ва ҳатто ютқазсак ҳам ютуқда бўламиз».
Ва трибуналар одатий қўшиғини куйлади: «Агар сиз «Арсенал»дан нафратлансангиз, ўрнингиздан туринг!» Ўйиннинг боши эса жамоа бош мураббийи Ангелос Постекўғлининг сўзларига мос кечди. У ўзининг севимли жамоаси ютқазишини истайдиганларни тушуна олмаслигини, «Тоттенҳэм» «Арсенал» учун эмас, ўзи учун ўйнашини айтди. Ўйин дебютидаёқ АПЛдаги250-ўйинида майдонга тушган Эдерсон Бентанкурнинг зарбасидан кейин тўсин остига кетаётган тўпни қайтаришига тўғри келди.
Шу куни уругвайлик яримҳимоячи биринчи бўлим давомида Фоденни таъқиб қилди. Аввалига у очиқчасига англиялик футболчининг оёқларига бутсасининг остки қисми билан зарба берди, аммо негадир огоҳлантиришсиз қолди. Кейин уни яна бир марта йиқитди ва бу сафар ўз қаршисида сариқ карточкани кўрди.
Биринчи бўлимдаги энг хавфли вазият мезбонлар дарвозаси томонда рўй берди. 16-дақиқада Ҳейберг тўпга омадсиз тегиниб, дарвоза қаршисидан чиққан Фоденга идеал пас берди, аммо у 10 метр масофадан аниқ зарба бера олмади. Мавсумнинг энг яхши дарвозабонларидан бири Викарио мавсумнинг энг яхши сейвларидан бирини намойиш этди.
Мезбонлар рақиб ҳужумларини мардонавор қайтаришди ва гол уриш учун олдинга ташланишди. Жамоа дастлабки ўн дақиқаликнинг 61 фоиз қисмида тўпга эгалик қилди, биринчи бўлимда эса бу кўрсаткич 54,7 фоизни ташкил қилди - Гвардиола жамоасига қарши ўйинларда анчадан буён бирор жамоа буни уддалай олмаганди. Ўтган турда «Энфилд»да 0:4 ҳисобидан кейин ҳам ўз принципларидан чекинмай, олдинга ташланган «Тоттенҳэм» бу ўйинда «шаҳарликлар»нинг прессингидан анча ишонч билан чиқишди ва рақибга ўзини жарима майдонига қамаб қўйишга йўл қўймади.
Меҳмонлар биринчи бўлим охирларида қатор хавфли вазиятлар яратди. Бўлимнинг катта қисмида тезкор Жонсон учун орқада бўшлиқлар қолдирмаслик учун деярли олдинга чиқмаган Гвардиол ҳужумга қўшилиб, хавфли зарба йўллади. Кейин эса Викарио дарвозаси олдида палапартишлик юзага келди. Бу эпизодларда Ромеро ва Дрэгушин ўзини кўрсатди, биринчиси Ҳоланднинг зарбаси йўлидан чиқди, руминиялик ҳимоячи эса дарвозага кириб бораётган тўпга бош қўйишга улгурди. Бу вазиятларни Лондоннинг қизил-оқ қисми ҳам мезбон ҳимоячилар билан бирга нишонлашгани аниқ. Хусусан, шу куни «Тоттенҳэм»нинг катта фанатига айланишни ваъда қилган «Арсенал» форварди Ҳаверц ҳам.
Викарио эса танаффусдан кейин яна бир мўъжизавий сейв намойиш этди — италиялик посбон Де Брейне жарима майдони марказида ўгирилиб берган зарбани тўсди. Кейин эса «Манчестер Сити» билан ўйинда вазиятлардан фойдалана олмаслик қандай оқибатларга олиб келишига гувоҳ бўлдик. Биринчи бўлим охирида ҳам «4 га 2» ҳолатидаги ҳужумни ноаниқ узатма билан йўққа чиқарган Сон Ҳён Мин бу сафар Жонсоннинг узатмасидан кейин дарвозабон майдонида туриб тўпни тўрга жойлай олмади. «Шаҳарликлар» эса дарҳол ҳақиқий мастер-класс ўтишди. Бу ҳужум Фоден майдон марказидаги яккакурашда Ромеродан устун келиши ва тўпни қанот бўйлаб олдинга олиб бориши билан бошланди. Сариқ карточкаси бор Бентанкур эса унга жиддий қаршилик кўрсатишдан тийилди. Кейин тўп жарима майдонига қарама-қарши томондан кириб келган Бернарду Силвага етиб борди, у Де Брюйнени олдинга ташлади, белгиялик яримҳимоячи эса бўш дарвоза қаршисидаги Ҳоландни тўп билан таъминлади.
Эрлинг мавсумдаги 26-голини оддий нишонлади, трансляция режиссёри унинг хотиржам юзини кўрсатди. У бу вазиятда голни нишонлаган лондонлик мухлисларни ҳам ва голда ўзини айбдор ҳис қилган, алмаштирилганидан кейин захира ўриндиғини жаҳл билан тепган Бентанкурнинг реакциясини ҳам намойиш этди.
Гол ўтказиб юборганидан кейин «шпорлар» қўпол ўйнашга ўтишди, Сарр Де Брюйненинг оёғига шип билан зарба берди, Ромеро ҳам қолишмади ва тўпга биринчи бўлиб улгурган Эдерсон билан тўқнашди. Натижада жабрланувчиларнинг иккисини ҳам алмаштиришга тўғри келди, бразилиялик посбон эса мураббийнинг қарорини ўта оғриқли қабул қилди ва майдон четидаги сумкани куч билан тепди.
Пепнинг сабаблари тушунарли эди. У дарвозабоннинг саломатлиги ҳақида қайғуриш билан биргаликда, рискни максимал даражада истисно қилишни истарди. Енгил мия чайқалиш ҳолатида ҳам жабрланувчи ўз ҳолатини холис баҳолай олмасди — бу муҳим эпизодда ўзини кўрсатиши ва чемпионлик бой берилиши мумкин эди.
Унинг ўрнига тушган Ортега эса 69 дақиқа майдонда бўлган Эдерсондан кўпроқ сейв қилишига тўғри келди. «Сити»нинг иккинчи дарвозабони Кулушевскининг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтарди, аммо асосийси — Сон билан яккама-якка вазиятда ўзини йўқотиб қўймади. Кореялик ҳужумчи одатда вазиятлардан фойдаланишда моҳирлиги билан ажралиб турарди, аммо бу ўйинда эмас.
Бунга ўхшаш ҳолат ЖЧ-2022 финалида рўй берганди, ўшанда Эмилиано Мартинес Коло Муани билан бирга-бир вазиятда қутқарганди. Ортега ҳам деярли шундай сейв амалга ошириб, Аканжининг қўпол хатосини тузатди. Бу лаҳзаларда Гвардиола нималарни хаёлдан ўтказганини фақат ўзи билади. Бу эпизод якунланганидан кейин Пеп оёқда тура олмай қолди.
«Сити» устозининг йиқилиши — мемлар коллекциясидан ўрин олди. Қўшимча дақиқаларда эса Фоденнинг яна бир муҳим ҳаракатидан кейин жарима майдонига кириб борган Доку ўз дриблинги билан рақибни хато қилишга мажбурлади, у ишлаган пеналтини Ҳоланд бунуқсон ижро этди - 2:0. Гвардиола чемпионлик масаласи ҳал бўлганини ҳис қилмоқда.
Захира ўриндиғи ортидан жой олган фанатлардан бири бутун ўйин давомида «Тоттенҳэм»дан ютқазишни сўради, ўйин охирида эса Постекўғли ўзини тутиб тура олмади.
Бу натижадан кейин Бирмингҳэмда ҳам байрам бошланди — Унаи Эмери «Астон Вилла»ни Чемпионлар лигасига олиб чиқди. «Тоттенҳэм» фанатлари эса чемпионлик «Арсенал»га кетганидан кўра севимли жамоаси Европа Лигасида ўйнашига рози.
«Канонирлар» энди «Вест Ҳэм»га мухлислик қилиши керак
Энди Пеп истаганидек — сўнгги турда барчаси жамоанинг ўз қўлида бўлади. «Манчестер Сити» биринчи ўринга чиқди ва турнир жадвалининг юқори қисмидаги вазият ўзгариб кетди.
«Манчестер Сити» — 88 очко
Чемпионлик учун нима керак: ғалаба (маълум ҳолатларда дуранг ёки мағлубият ҳам етарли бўлиши мумкин)
«Шаҳарликлар»нинг вазияти осонлашди. Гвардиола навбатдаги совринни қўлга киритиш учун сўнгги турда «Вест Ҳэм»ни мағлуб этиши кифоя. Ҳатто дуранг ўйнаш ва ютқазиш ҳам етарли бўлиши мумкин — аммо фақат «Арсенал» ҳам «Эвертон» билан ўйинда очко йўқотса.
«Вест Ҳэм» баҳор бошланганидан буён АПЛ доирасида фақат учта ғалабага эришгани, сўнгги беш ўйиндан фақат биттасида «Лутон» устидан ғалаба қозонгани (3:1) ва икки ўйинда йирик ҳисобда ютқазгани инобатга олинса, Хосеп Гвардиола кўп қайғурмаса ҳам бўлади. «Вест Ҳэм»да турнир мотивацияси йўқ, шундай экан бу ўйинда фаворит аниқ. «Болғачилар»га қарши ўйинда нафақат хотиржамлик билан чемпионликни қўлга киритиш, балки престиж учун тўплар нисбатини лигадаги энг яхшиси қилиб олиш ҳам мумкин.
«Арсенал» — 86 очко
Чемпионлик учун нима керак: фақат ғалаба + «Сити» очко йўқотиши
Интрига ўхшамади — «Сити» «шпорлар»ни енгди ва энди ташаббус Пеп Гвардиола жамоасида. «Арсенал»да чемпионлик учун иккита сценарий бор ва икки ҳолатда ҳам лондонликлар асосий ролда эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «канонирлар» сўнгги турда уйда «Эвертон» устидан ғалаба қозониши, кейин эса «Сити»нинг натижасига қараши керак.
Агар «шаҳарликлар» «Вест Ҳэм»га ютқазса, «Арсенал» — чемпион. Агар «Сити» дуранг ўйнаса — тўплар нисбатига қаралади. 38-тур арафасида ҳисоб лондонликлар фойдасига 61:60, шундай экан, рақобатчининг ўйинида дуранг қайд этилиши «канонирлар»ни чемпион қилади.
Лекин «Эвертон» устидан ғалаба қозониш ҳам муаммо бўлиши мумкин — «ирислар» бир ойдан буён юқори спорт формаси намойи этмоқда. «Челси» билан ўйиндаги шармандаликдан кейин (0:6) Шон Дайч шогирдлари ўзига келиб олди ва АПЛнинг кейинги беш турида фақат битта гол ўтказди, бу вақт оралиғида тўрт ўйинда «қуруқ» ғалабаларга эришилди ва битта дуранг қайд этилди («Лутон» билан 1:1). Ҳатто чемпионлик пойгасида бўлган «Ливерпул» мағлуб этилди (2:0). Шундай экан, «Арсенал» диққатни жамлаб ўйнаши талаб этилади.
Мавзуга оид
11:13
«Сити» инқирозда, «Ливерпул» илгарилаб кетди. Кун ўйинлари
10:01
Винида яна ҳет-трик, Жуд гол уришни бошлади, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
13:17 / 06.11.2024