Ўзбекистон | 20:37 / 16.05.2024
4546
3 дақиқада ўқилади

Тарихимизни дунёга кино ёрдамида танитишимиз керак – Шавкат Мирзиёев

Президент Киночилар саройига борди, Ўзбекистон кино санъати музейини кўздан кечирди, режиссёр ва актёрлар, киношунослар, соҳа мутасаддилари билан суҳбатлашди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Киночилар саройини бориб кўрди. Ушбу маскан 2021 йил мукаммал таъмирланган, катта-кичик заллар, ёзги кинотеатр ва хоналар замонавий жиҳозланган. Бу ерда жами 3 минг нафар томошабинни қабул қилиш имкони мавжуд. 

Давлат раҳбари дастлаб Ўзбекистон кино санъати музейини кўздан кечирди. Музей 1972 йилда ташкил этилган бўлиб, илгари музей-архив сифатида фаолият юритган. Унда эллик мингдан ортиқ тарихий буюм, либос, расм ва кинотасмалар бор. 

Шавкат Мирзиёев режиссёр ва актёрлар, киношунослар, соҳа мутасаддилари билан суҳбатлашди. 

- Сўнгги йилларда миллий киномиз қайта «уйғонди», десак тўғри бўлади. Юқори савияли, замонавий сифатли филмлар пайдо бўлди. Бунинг учун сизларга миннатдорлик билдираман. Шу билан бирга, кинематографияни ривожлантириш учун яна нималар қилишимиз керак, деган савол мени ўйлантиради. Агар тарихимизни дунёга тараннум этмоқчи бўлсак, халқимизнинг миллий ғурурини кўтармоқчи бўлсак, буни биринчи навбатда кино ёрдамида амалга оширишимиз керак, - деди давлат раҳбари. 

Мулоқотда Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Тирик тарих» туркумидаги фильмлар лойиҳаси тақдимот қилинди. Бу 2024-2030 йилларга мўлжалланган стратегик дастур бўлиб, энг қадимги ўтмишдан тортиб, яқин тарихгача бўлган жуда катта даврни қамраб олади. Лойиҳада чет эллик ҳамкорлар, кино санъати усталари ҳам иштирок этиши режалаштирилган. 

– Албатта, бу дастур ва ғояларни амалга ошириш учун кўп моддий имконият талаб этилишини, юзлаб истеъдодли мутахассислар зарурлигини ҳам барчамиз яхши биламиз. Қанчалик қийин бўлмасин, биз том маънодаги улкан, тарихий бу лойиҳанинг молиявий масалаларини ҳал қиламиз. Нега деганда, ушбу дастур шонли ўтмишимизни чуқур англаб, шу асосда келажакка ишонч билан дадил қадам қўйишга, ёшларни чинакам ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялаб, Учинчи Ренессансни барпо этишга катта туртки бўлади, деди Шавкат Мирзиёев. 

Мулоқотда киноижодкорлар мазкур туркум филмлар ва соҳани ривожлантириш юзасидан таклифларини билдирди.

Мавзуга оид