Спорт | 21:26 / 17.05.2024
5029
2 дақиқада ўқилади

«Ювентус» Аллегрини истеъфога чиқарди

«Ювентус» клуби бош мураббийи Массимилиано Аллегри истеъфога чиқарилди.

Фото: Getty Images

Турин клуби раҳбарияти бугун йиғилиш ўтказиб, италиялик мутахассисни истеъфога чиқарди.

«Мураббийнинг истеъфосига унинг Италия кубоги финалидан кейинги хатти-ҳаракати сабаб бўлди. Клуб бундай ҳолатни «Ювентус»нинг қадриятларига хос эмас, деб ҳисоблайди. Аллегри билан 2014 йил бошланган, 2021 йилдан яна давом этган ҳамкорлик якунланди. «Юве» мураббийнинг кейинги фаолиятига омад тилайди», - дейилади хабарда. 

Туринликлар куни кеча Италия кубоги финалида «Аталанта»ни мағлуб (1:0) этиб, совринга эга чиққанди. Финал якунланишига яқин эса Аллегри ҳакамлар билан асабий тарзда тортишган, бош ҳакамнинг қароридан норози оҳангда захирадаги ҳакамга бақириб, унинг олдида либосини йиртган ва қизил карточка билан ўйиндан четлатилганди.

Финалдан кейин эса 56 ёшли мураббий яна бир можарога аралашиб, «Tuttosport»ни ёлғон хабарларни тарқатишда айблаб, унинг муҳарририга очиқчасига таҳдид қилганди. Турин клуби эса мураббийнинг қўполлиги учун ҳакамлар ва нашрдан узр сўраганди.

Аллегри 2021 йилдан буён жамоани бошқариб, клуб унинг қўл остида Италия кубогига эга чиқди. Массимилиано фаолияти давомида 5 карра Италия кубоги соҳибига айланган.

Мавзуга оид