Ўзбекистон | 20:38 / 18.05.2024
18869
15 дақиқада ўқилади

Ортаётган тенгсизлик, хандаққа қулаган уй ва Тўқаевнинг баёноти — ҳафта дайжести

Собиқ бош прокурорнинг ўғли Дубайда миллионер экани маълум бўлди. Бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ катталашяпти. ХВЖ ҳукуматдан амалдорлар қачон мол-мулклари ҳақида “отчёт” беришини сўради. Айрим ташқи кучлар Марказий Осиё давлатларини бир-бирига қарши гижгижлаяпти. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Иқтисодий тенгсизлик ортиб бормоқда

Ўзбекистон аҳолиси орасида даромадлар бўйича табақаланиш даражаси ортиб боряпти. Оддийроқ айтганда, бойлар ва камбағалларнинг топиш-тутиши ўртасидаги фарқ катталашяпти. Бу ҳолатга Жаҳон банки экспертлари Ўзбекистондаги камбағаллик даражасига доир шарҳида эътибор қаратди.

Ташкилотнинг қайд этишича, Ўзбекистонда 2015–2022 йилларда халқаро стандартлар асосида ўлчанган камбағаллик даражаси 2 баробарга қисқариб, 36 фоиздан 17 фоизга тушган. Бу – минтақадаги энг яхши кўрсаткичлардан бири. Лекин, бошқа тарафдан, охирги пайтларда даромадларнинг ўсиши асосан бадавлат қатламга мансуб кишилар орасида юз беряпти. Рақамларга қараганда, 2022-2023 йилларда аҳолининг энг бадавлат 10 фоизлик қисмининг даромади 30 фоиздан кўпроққа ошган, энг камбағал 10 фоизлик қатламнинг даромади эса атиги 6 фоизга ўсган. Халқаро экспертларнинг айтишича, бундай иқтисодий тенгсизликнинг чуқурлашиши оқибатида мамлакатда камбағалликни қисқартириш қийинлашиб боряпти.

Иқтисодий тенгсизлик ортаётганини ҳукуматнинг расмий статистикаси ҳам тасдиқлайди. Масалан, 2020 йилда Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятидаги ўртача ойлик маошлар ўртасида фарқ 74 фоиз бўлган бўлса, ҳозир бу салкам 2,5 баробарга етган. Соҳалар кесимида эса, 2019-2023 йиллар оралиғида таълим ва тиббиётдаги ойлик маошлар молия соҳасидаги ойлик маошларга қараганда 2,5 баробарга секинроқ ўсган.

Иқтисодий тенгсизликни кучайтирадиган омиллардан бири – инфляция. Шу ҳафта Марказий банк эълон қилган сўров натижаларига кўра, апрел ойида аҳолига сезилган йиллик инфляция даражаси 13,7 фоиз, Тошкентда эса 17,4 фоиз бўлган. Пойтахтда яшовчи ҳар учта респондентдан бирининг фикрича, охирги бир йилда нарх-наволар 21 фоиздан кўпроққа ошган.

Сўровда кўплаб ўзбекистонликлар айниқса даволаниш харажатлари ошганини айтган. Бу – 1 апрелдан бошлаб дори воситалари ва тиббий хизматлар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз бекор қилингани билан боғлиқ. Ўткир бюджет дефицити шароитида қабул қилинган бу қарорни масъуллар “ҚҚС занжирининг узлуксизлигини таъминлаш” мақсади билан изоҳлаган эди. Лекин эътиборлиси, кўп ўтмай ҚҚС занжири узиладиган бошқа бир соҳа пайдо бўлди: душанба куни имзоланган қонун билан, заргарлик соҳаси учун қимматбаҳо тошларни олиб кириш ҚҚСдан озод қилинди. Бу ўринда, бой-у камбағалга бирдек зарур дори-дармон ва тиббий хизматлардан фарқли равишда, заргарлик буюмларидан ўртаҳол ва ўзига тўқ қатлам фойдаланишини таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ.

ХВЖ: Қачон ўзбек амалдорлари мол-мулкини очиқлайди?

Бу ҳафта Халқаро валюта жамғармаси ҳам Ўзбекистондаги иқтисодий ҳолат бўйича ўз шарҳини эълон қилди. Жамғарма расмийларининг Тошкентга 2024 йилги ташрифи хулосаларида айтилишича, Ўзбекистон иқтисодиёти учун истиқболлар “умуман олганда ижобий, лекин ички ва ташқи хатарлар сақланиб қоляпти”. Ташқи хатарлар сифатида Украинадаги урушнинг авж олиши, товарлар нархининг ўзгарувчанлиги ва жаҳон иқтисодиётида стагнация бошланиши билан боғлиқ эҳтимоллар санаб ўтилган. Давлатнинг ортиқча харажатларни қисқартиришни пайсалга солиши, давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат-хусусий шериклик битимлари бўйича мажбуриятлар юзага келиши мумкинлиги эса ички хатарларни ташкил этади.

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ҳукумати учун ўз тавсияларини ҳам берган. Монетар омиллар қаторида қаттиқ пул-кредит сиёсатини сақлаш қолиш, энергия нархлари туфайли керак бўлса асосий ставкани кўтариш, Марказий банкнинг мустақиллигини ошириш, тижорат банкларини хусусийлаштириш, директив кредитлашни қисқартириш зарурати кўрсатилган. Шунингдек, алмашув курсини бошқаришдан воз кечиш тавсия этиляпти. Курснинг эгилувчан бўлиши эҳтимолий шокларни енгилроқ қабул қилишга ва захираларни сақлашга ёрдам беради, деган иқтисодчилар. Охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистон феврал ва март ойларида жаҳонда энг кўп олтин сотган давлат бўлган.

Юқоридагилардан ташқари, ХВЖ Ўзбекистон расмийларини анчадан бери ваъда қилинаётган таркибий ислоҳотларни ортиқ чўзмасликка чақирди. Расмий баёнотда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, суд тизимининг мустақиллигини ошириш, давлат хизматчиларининг активларини декларациялаш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунларни тезроқ қабул қилиш тавсия этилган. Эслатиб ўтамиз, давлат амалдорларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш тизими 2022 йил 1 январдан ишга тушиши керак эди. “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун эса Сенат томонидан маъқулланганига 1 июн куни роппа-роса бир йил бўлади.

Собиқ бош прокурорнинг ўғли – Дубайда миллионер

Ўзбекистон собиқ бош прокурорининг ўғли Дубайда миллионлаб долларлик кўчмас мулкларга эгалик қилади. Халқаро суриштирувчи журналистлар тармоғига кўра, бу ерда гап Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодиров ҳақида кетяпти. Кенг миқёсли халқаро суриштирув хулосаларида айтилишича, Дубайдаги Marina Plaza номли осмонўпар бинода Алишер Қодировнинг тўртта офиси бор. Ҳар бирининг қиймати қарийб 2 млн долларга баҳоланган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасини 15 йил бошқарган Рашид Қодиров 2018 йилда қамоққа олинганидан кўп ўтмай, унинг ўғли Алишер Қодиров қидирувга берилган эди. У жуда кўп миқдордаги товламачилик ва фирибгарлик моддалари билан айбланган. Қидирувнинг ҳозирги ҳолати маълум эмас – Ички ишлар вазирлиги сайтидан қидирувдаги шахслар ҳақида анчадан бери маълумот олиб бўлмай қолган.

Эслатиб ўтамиз, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон бош прокурори бўлган Рашид Қодиров 2019 йилда бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилишда айбли деб топилиб, 69 ёшида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. 2023 йил январида у муддатидан аввал шартли озодликка чиқарилгани маълум бўлганди.

Самарқандлик тадбиркор хандақ қазиб, қўшнисининг уйини қулатди

14 май куни Самарқанд вилоятида Жума шаҳрида рўй берган воқеа бутун Ўзбекистонга овоз бўлди. Бу ерда қурилиш қилиш учун хандақ нотўғри қазилгани оқибатида, қўшни уй қулаб тушди. Интернетда тарқалган видеода икки қаватли уйнинг қулаши тасодифан эмас, кутилган ҳолда рўй бергани, ҳолатни кўчада одамлар томоша қилиб турганини кўриш мумкин. Уйдаги одамлар қасир-қусур овозлардан кейин уйни тарк этишга улгурган. Ҳеч ким жабрланмаган.

Воқеа жойида бўлган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, қулаб тушган уйнинг олдида аввал эски уй бўлган. Уни тадбиркорлар сотиб олиб, ўрнига каттароқ дўкон қуришни мақсадида хандақ қазиган. Керакли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қурилиш қилишга рухсат олингани, лекин технологик жараён нотўғри бўлгани айтиляпти.

Қулаган уй эгасининг айтишича, у қурувчилардан бир неча марта қазиш ишларини тўхтатишни талаб қилган, акс ҳолда уйи қулаб тушишини айтган, лекин қурувчилар қазиш ишларини давом эттираверган. Мулкдор ўзига етказилган моддий зарарни 300 минг долларга баҳолаган, шунингдек, қўшнисига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ариза берган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Марказий Осиёдаги ҳамжиҳатликни кўролмаётганлар бор

Айрим ташқи кучлар Марказий Осиё давлатлари ўртасида тарқоқликни келтириб чиқаришга уриняпти. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев баёнот берди. У бешта республикани бир-бирига қарама-қарши қўйиш ва минтақада тарқоқликни юзага келтиришга уринаётган ташқи кучлар борлигини айтиб, минтақа давлатларини бундай кучларга баҳамжиҳат қарши туришга чақирди.

“Биз бундай ёндашувлар ва уринишларни қатъиян рад этамиз. Умуман олганда, мамлакатларимиз ўртасида биз ўзаро мақбул ечим топа олмайдиган масалалар йўқ ва бўлмаслиги ҳам керак”, – деди Тўқаев Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик кенгашлари котиблари билан учрашувда.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путиннинг шу ҳафта Хитойга ташрифи вақтида одатга кўра Марказий Осиё ҳақида ҳам муҳокамалар бўлган. Путин ва Си Жинпинг ўзаро музокаралардан кейин эълон қилган қўшма баёнотида Россия ва Хитой Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириши қайд этиб ўтилган. Шунингдек, баёнотда АҚШ нафақат Афғонистонга, балки унга қўшни бўлган минтақага ҳам ўз ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришга уринмаслиги кераклиги таъкидланган.

Россияда ҳуқуқбузарлик қилганлар Қозоғистонда қўлга олинмоқда

Қозоғистондаги ҳуқуқ органлари Россияда ҳуқуқбузарлик содир этишда гумонланаётган чет эл фуқаролари, хусусан ўзбекистонликларни ҳам ҳибсга ола бошлади. Бу – Қозоғистон ва Россия ўртасида маъмурий ва жиноий ишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга оид битим кучга киргани билан боғлиқ. Шунга асосан, охирги пайтларда Россия ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этган Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон чегарасини кесиб ўтиш вақтида ҳибсга олинаётган ҳолатлар кузатиляпти.

Бу ҳақда хабар берган Миграция агентлигига кўра, ҳибсга олинган шахслар Россия томони мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича якуний қарор қабул қилгунига қадар жазони ижро этиш муассасаларида сақланяпти. Шу сабабли Россия ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этиб, Ўзбекистонга келган фуқароларга Қозоғистонга бормаслик тавсия этиляпти.

Миграция агентлиги, шунингдек, бошқа бир баёноти билан Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди. Огоҳлантириш сўнгги вақтларда кўпайиб қолган норасмий куръерлик хизматлари билан боғлиқ. Бундай хизматларга ёлланиб, наркотик ёки бошқа тақиқланган моддалар солинган буюртмаларни етказиб бераётганлар қўлга олиниб, жиноий жавобгарликка тортиляпти. Бу ҳолда мигрантнинг қамоқдан кейинги манзили уруш майдони бўлиши мумкин.

Ўзбекистонликлар учун Корея қишлоқ хўжалигида мавсумий ишлаш имконияти тикланмоқда

Ўзбекистон фуқаролари яна Жанубий Кореяга қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишлар учун бориши мумкин бўлади. Бундан ташқари, коллеж ё техникумни тугатган ёшлар ҳам олий маълумотга эга бўлмай туриб Кореяда ишлаши мумкин бўлади. Бандлик вазирлигининг хабар беришича, вазир Беҳзод Мусаевнинг Сеулга сафари давомида корейс томони билан шундай келишувга эришилган.

Маълумот учун, пандемиядан кейин, 2021 йилда Корея ўзбекистонликларни мавсумий ишларга яна жалб қила бошлаган, лекин ишлашга борган ўзбекларнинг кўпи меҳнат шартномасини бузиб, белгиланган вақтда ортга қайтмагани учун жараён тўхтаб қолганди. Эндиликда, Бандлик вазирлигидан маълум қилишларича, Корея Адлия вазирлиги билан олиб борилган музокаралар натижасида Корея томони ўзбекистонликларга ишчи визалар беришни кенгайтиришга рози бўлган, лекин бунинг учун ўзбекистонлик ишчилар Кореянинг меҳнат қонунчилигини бузмаслиги, нолегал фаолиятга ўтмаслиги, ўз иш жойини асоссиз ташлаб кетмаслиги керак бўлади.

Зўравонлар реестри тузилмоқда

Ўзбекистонда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик базасини такомиллаштириш ишлари давом этяпти. Ўтган йили оиладаги зўравонлик расман жиноят деб эътироф этилиб, зўравонларга қўл келган қонунлардаги айрим “лазейка”лар ёпилганди. Куни кеча имзоланган президент қарори билан бу борадаги қўшимча чоралар белгиланди.

Муҳим чоралардан бири – 2025 йил 1 январдан бошлаб зўравонлар реестри юритилади. Ички ишлар органлари бу реестрга бирор-бир шахсга тазйиқ ўтказган, зўравонлик қилган ёки зўравонлик қилишга мойиллиги бор шахсларни киритади. Реестрга киритилган шахсларнинг хулқ-атворини тузатиш ишларига Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳам жалб этилади.

Қарор билан, 1 июндан бошлаб зўравонликка учраганларга “Инсон” марказларида ижтимоий, психологик ва юридик ёрдамлар кўрсатилади. Агар жабрланувчилар анча оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган бўлса, тез ёрдам бўлимларида янги ташкил этилаётган, тун-у кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналарида 3 кунгача олиб қолиниб, психотерапевтик ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларида вақтинчалик бошпана – шелтерлар фаолияти йўлга қўйилади. Жабрланувчилар тез ёрдам бўлимида бир неча кун психотерапевт назоратида бўлганидан кейин, зарурат бўлса ана шу шелтерларга ўтказилади.

Шунингдек, Меҳнат кодексига киритилиши кутилаётган ўзгаришларга кўра, иш жойида бошқа ходимга тазйиқ ё зўравонлик қилиш ходимни ишдан бўшатиш учун асос бўлади. Ҳимоя ордери берилган ходимлар ўзининг руҳий-эмоционал ҳолатини тиклаши учун асосий меҳнат таътилидан ташқари иш ҳақи сақланган ҳолда 10 кунлик қўшимча таътил олиши мумкин бўлади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Президент Шавкат Мирзиёев Осиё кубоги финалида Япония билан кечган ўйиндан таассуротлари билан ўртоқлашди. “11 метрни уролмаганидан кейин уч кун ухламай чиқдим (кулади). Унинг ўрнида ўзим бўлсам дейман-да, биттагина тўп-а... Маҳорат кўрсатишди, уларнинг кўпи билан гаплашдим, телеграмма юбордим. Биз ҳам дарров чемпион бўламиз деймиз-да. Биринчи марта жамоавий командамиз Олимпиадага чиқди, буям катта ютуқ”, деди давлат раҳбари кино соҳаси вакиллари билан мулоқотда.

Автомобиллар бозорида фаоллик кетма-кет уч ойдан бери пасайяпти. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, апрел ойида автомобиллар савдосидаги пасайиш суръати тезлашиб, автотранспорт воситаларининг умумий савдоси 19 фоизга камайган. Бу автокредитлаш қисқаргани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айни пайтда, бозордаги бундай пасайиш электромобиллар сегментига тааллуқли эмас. Апрел ойида олди-сотди қилинган электрокарлар сони 2900 тага етган, бу март ойидаги кўрсаткичдан 23 фоизга кўп.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи AИ-80 бензинини ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтатади. “Ўзбекнефтгаз” раиси ўринбосари Одил Темировнинг маълум қилишича, ҳозир заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 85 фоизини АИ-80 бензини ташкил этади. Шу йил ноябрдан бошлаб АИ-91 ва ундан юқори октанли бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш, 2025 йил бошидан эса АИ-80 ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатиш режалаштирилган.

Сурхондарёнинг Сариосиё туманидаги қишлоқлардан бирига айиқ бостириб келди. Жаннатмакон маҳалласида кутилмаганда пайдо бўлиб қолган йиртқич ҳайвон одамларнинг ҳовлиларига ва мактаб ҳудудига ҳам кириб, ўқувчилар ҳаётига хавф туғдирган, натижада уни отиб ўлдиришга мажбур бўлинган. Бу жараёнда ички ишлар ходими жароҳатланиб, тиббий текширувдан ўтказилган. Шунга ўхшаш ҳолат ўтган ойда Жиззахдаги Чакан қишлоғида ҳам рўй берган, тоғдан тушган айиқ ҳеч кимга ҳужум қилмай, ўрмонга кириб кетганди.

Ҳукумат тадбиркорларнинг экспортдан тушумларни яширишига қарши кураш бошлади. Бунда ҳукумат қарори билан тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотлари, электр жиҳозлари ва мева-сабзавотларга минимал экспорт нархлари жорий этиляпти. Минимал нархлар режими бузилган тақдирда, тадбиркор фойда солиғи бўйича имтиёздан маҳрум бўлади, унинг фаолиятини Солиқ қўмитаси ва прокуратура департаменти текшира бошлайди. Маълумот учун, маҳсулот нархини ҳужжатларда пасайтириб кўрсатиш тадбиркорга экспортдан тушумнинг бир қисмини чет элда қолдириш имконини беради.

Мавзуга оид