Ўзбекистон | 18:47 / 20.05.2024
5364
11 дақиқада ўқилади

Ислом молияси воситалари – ташқи қарз юкини юмшатиш йўли

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда инновацион ёндашув – исломий молия воситаларидан фойдаланиш иқтисодий фаолликни ва инклюзив ўсишни рағбатлантиради, узоқ муддатли инвестицияларни, хусусан хорижий сармояларни кўпроқ жалб қилиш имконини беради.

Ташқи қарз, агар тўғри йўналтирилса, барқарор ривожланишга ҳисса қўшади. Шунинг учун жалб қилинадиган ресурсларни оқилона бошқариш, лойиҳаларни пухта танлаш, қарз олиш ва кредитлаш амалиётини яхшилаш ҳамда бу соҳаларда шаффофликни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.

Одатда ташқи қарз давлат ташқи қарзи ҳамда хусусий сектор ташқи қарзига бўлинади. Давлат ташқи қарзи – ҳукумат томонидан жалб қилинган ёки унинг кафолати остида олинган ташқи қарзлар. Хусусий сектор ташқи қарзи, ўз навбатида, давлат мажбурият олмаган қарзлардир.

Қарз юкининг ошиши хатари

Қарз – иқтисодиёт ва жамиятлар учун кенг кўламли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган омил. Масалан, Аргентина, Греция ва Замбия каби давлатлар ташқи қарзлар ва уларни бошқаришдаги хатоликлар туфайли жуда қийин иқтисодий вазиятга тушиб қолган.

Аргентинанинг иқтисодий муаммолари сиёсий беқарорлик, иқтисодий нотўғри бошқарув, валюта инқирозлари ва хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги каби омилларнинг комбинациясидан келиб чиқади. Юқори инфляция, валюта қадрсизланиши ва даромадлар тенгсизлиги каби таркибий муаммолар мамлакатнинг қарз муаммоларини янада кучайтирган. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, бу мамлакатда ҳақиқий бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 10 фоизини ташкил қилади, давлат қарзи 400 миллиард доллардан ошган, бу номинал ЯИМнинг 80 фоизидан кўпроғини ташкил қилади.

Грецияда давлатнинг ҳаддан ташқари кўп, мақсадсиз, пухта ўйланмаган харажатлари (бюджет сарфлари), солиқ тўлашдан бўйин товлашлар, коррупция ва иқтисодий нотўғри бошқарув қарз инқирозини кучайтирди. Бюджет-солиқ интизомининг заифлиги, давлат қарзининг барқарор бўлмаган даражаси ва таркибий ислоҳотларнинг йўқлиги мамлакатнинг иқтисодий муаммоларини кўпайтирган.

Умумий олганда, қарз юкининг ноўрин кучайиши одатда барқарор бўлмаган қарз олиш амалиёти, нотўғри молиявий интизом ва тизимли бошқарув камчиликлари, қонун устуворлигининг таъминланмаслиги ҳамда юқори коррупция каби носоғлом ҳолатлар туфайли юзага келади.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзи йилдан йилга ортиб бораётгани сир эмас. 2023 йилнинг якуни бўйича Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 29 млрд 636 млн долларни ташкил этган эди. 2024 йилда жалб этилган кредитларни ҳисобга олганда, қарз миқдори 30 миллиард доллардан ошган. Жорий ҳолат ўта хатарли деб баҳоланмаса-да, хавф-хатарлар етарлича (юқорида келтирилга мисолларга ўхшаш). Бу эса инклюзивликни таъминловчи инновацион ва алтернатив ечимларни талаб қилади. Муқобил молиялаштириш механизмларини ўрганиш ва уларни жорий этиш бўйича мамлакатимизда сўнгги йилларда ислоҳотлар амалга оширилмоқда, аммо бу кам.

Ташқи қарзга тобеликни камайтирадиган муқобил ечимлар борми?

Ташқи қарзнинг камайишида ва камбағалликка қарши курашишда Ислом молиясининг дунё молия бозоридаги ўрни йилдан йилга ортиб бормоқда. Шу боисдан қўшимча муқобил молиялаштириш сифатида, исломий молия воситаларига асосланган давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) тизими орқали инфратузилмаларни инновацион молиялаштириш ечимини таклиф қилиш мумкин.

ДХШ – қарзни камайтириш учун катализатор

Давлат-хусусий шериклик – давлат лойиҳаларини молиялаштириш ва бошқариш учун давлат ташкилотлари ва хусусий корхоналарни бирлаштирадиган ҳамкорлик бўлиб, бундай шериклик давлатнинг ташқи қарзга бўлган талабини камайтиради.

Юртимизда давлат-хусусий шерикчилик асосида бир қатор муваффақиятли лойиҳалар амалга оширила бошланди. Мисол учун, Masdar (БАА) компанияси билан давлат-хусусий шериклик асосида қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган қувватларни ўз ичига олган бир нечта лойиҳалар амалга оширилмоқда.

ДХШларда исломий молия: синергетик ёндашув

Ислом молиясининг ахлоқий тамойилларга содиқлиги, бойликни қайта тақсимлашга эътибор қаратиши, асосий воситалар билан таъминлангани, таваккалчиликни адекват тақсимлашга эътибор қаратиши ва реал иқтисодий фаолиятни рағбатлантириши унинг кенгроқ манфаатларга хизмат қилувчи ва инклюзивликни таъминлайдиган молиявий тизим эканини англатади.

Шу боисдан ҳам, Ислом молияси воситалари қатор давлатларда ДХШ лойиҳаларининг самарали ишга тушишида кенг қўлланмоқда.

Ассосий инструментлар

Жаҳон банкининг 2017 йилдаги “Инфратузилма борасидаги давлат-хусусий шерикликка исломий молиялаштиришни татбиқ этиш” номли ҳисоботида Ислом молияси воситаларидан инфратузилма ДХШларини молиялаштиришда кенг фойдаланиш мумкинлиги бўйича маълумотлар келтирилган. ДХШ соҳасида исломий молия воситалари шариатга мувофиқ молиялаштириш тизимини шакллантирувчи асосий восита бўлиб хизмат қилади.

Бу воситалар мушорака (қўшма корхона), музораба (шериклик), ижара (лизинг), сукук (Ислом облигациялари), музораба сукук, истисна ва такафулни (исломий суғурта) ўз ичига олади. Мушорака ва музораба доирасида фойдани тақсимлаш шартномалари давлат органлари ва хусусий сектор вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлайди, ижара эса активларни ижарага бериш жараёнини осонлаштиради, Исломий облигациялар сифатида хизмат қилувчи сукук инвесторларга инфратузилма корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва лойиҳа даромадларидан даромад олиш имконини беради. Истисна шартномалари олдиндан келишилган шартлар асосида активларни қуриш ва ривожлантиришни қулайлаштиради. Такафул орқали лойиҳаларни амалга оширишда тегишли молиявий хатарлар олдини олишда фойдаланиш мумкин. Қўшимча равишда, Ислом ижтимоий молияси бўлмиш нақд пул вақфини сукук тамойиллари билан мужассамлаштирган молиявий инструментлар ҳам ижтимоий аҳамиятга молик кўплаб лойиҳаларни молиялаштириши мумкин.

Масалан, 2008 йилда Malaysia Airports Holdings Berhad (MAHB) туркиялик ҳамкорлар билан Истанбулдаги Sabiha Gökçen халқаро аэропортини кенгайтириш ва ишлатиш учун қўшма корхона тузган бўлиб, лойиҳани молиялаштириш исломий молия тамойилларига асосланган. Молиялаштиришда ислом банклари ва сукук (ислом облигациялари) эмиссиясидан фойдаланилган.

Худди шунингдек, MAHB Куала-Лумпур халқаро аэропортини ривожлантириш ва янги объектларни қуриш учун зарур маблағларни хусусий сектордан исломий молия тамойиллари асосида жалб қилган. Бунда, Малайзия суверен фондига тегишли компания аэропорт объектларини хусусий сектордаги ҳамкорлардан маълум муддатга ижарага олган.

Норматив-ҳуқуқий асос, устуворлик, мавжуд амалиёт

Ислом молиясининг тўла-тўкис амалиётда жорий этилиши ва анъанавий молиявий тизим билан тенг шартлар асосида рақобатга кира олиши учун биринчи навбатда ҳуқуқий база яратилиши зарур.

Ислом молияси бўйича қонун лойиҳаларида солиққа тортиш жиҳатларига алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

Исломий қимматли қоғоз – сукук ва яшил сукукнинг биринчи ва кейинги чиқарилиши ҳамда муомаласини йўлга қўйиш учун исломий облигациялар тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқишни тезлаштириш бугунги куннинг долзарб талабидир. Капитал бозори молия бозорининг озуқасидир, уни исломий қимматли қоғозлар билан бойитиш фойдали бўлади.

Кези келганда шуни айтиб ўтиш жоизки, “Ислом молияси нега қўшни давлатларда ривожланиб кетмади?” деган фикрлардан халос бўлишимиз керак. Ислом молияси Малайзия, Индонезия, Қатар, Буюк Британия ва бошқа бир қатор давлатларда ривожланиб келяпти, улар қандай йўл тутган (тутяпти) деган ёндашув билан ҳаракат қилишимиз зарур. Чунки бу борада ютуққа эришган давлатларнинг тажрибаси ва аниқ моделлари бор. Улардан фойдаланишимиз ва татбиқ этишимиз керак деб ҳисоблайман. Диний ёки дунёвий давлат бўлишидан қатъи назар, ислом молиясининг манфаатларидан бугунги кунда жуда кўплаб давлатлар фойдаланмоқда.

Мақсад – молия бозорининг инклюзив ва диверсификациялашган бўлишига эришиш орқали мустаҳкам молия бозорини барпо этиш. Мисол учун, исломий молиялаштириш фаолияти Буюк Британияда 1980-йилларда, Лондон металл биржаси муробаҳа тамойили асосида шариатга мувофиқ бир кеча-кундузлик депозит воситаларини тақдим этиши билан бошланган. 2004 йилда Германия, 2010 йилда Франция давлатлари исломий қимматли қоғоз – сукукни жорий қилиш ислоҳотларини амалга ошириб, ислом молияси учун солиқ, солиққа тортиш масалаларини адолатли, ижобий ҳал қилди. Ўрганишлари ва таҳлиллари натижасида 5 миллион мусулмонлар яшайдиган жамиятда бу нарса зарурлигини тушуниб, мамлакатда молия бозорининг диверсификация бўлишини таъминлади. Бу имкониятлар Туркия ва араб давлатларидан инвестиция кириб келиши учун имкониятлар очди.

Ўзбекистон аҳолиси 2024 йилнинг апрел ойида 37 миллион кишидан ошди, аҳолининг 90-95 фоиздан ортиғини Ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил этади. Давлат катта инсон ресурсларига эга. Аҳолининг кундан кунга талаб ва эҳтиёжлари ортиб бормоқда. Ислом молияси маҳсулотлари ва хизматларига бўлган талаб сезиларли даражада ортган, бу имкониятдан унумли фойдаланиш керак. Финтех хизматлари, бошқа онлайн хизматлар ривожланмоқда. Чегара ортидан туриб биз кечиктираётган имкониятлардан бошқалар фойдаланиши мумкин.

Ўзбекистонда Ислом молияси бозорини ўрганадиган, янги маҳсулотлар ва хизматлар устида изланишлар ва тадқиқотлар олиб борадиган, Ислом молияси бўйича халқаро стандартларни мувофиқлаштирадиган шариат олимлари, қонуншунослар, Ислом иқтисодиёти-молияси экспертларидан иборат, Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда ислом молияси, унинг истиқболларини белгилайдиган марказ ташкил этишга эътибор қаратиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Ислом молиясини жорий этишда БАА ва Қозоғистон танлаган йўл каби, яъни эркин Ислом молияси зоналарини ташкил қилиш, Ислом молияси учун қулай мустақил юрисдикцияни жорий қилишимиз лозим.

Имкониятларни ошириш

Ислом молияси бўйича маҳаллий мутахассисларни тайёрлашда илғор давлатлар (Малайзия, Индонезия, Қатар) билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларини ташкил этиш, Ўзбекистон Ислом академияси, Банк ва молия академиясида исломий молия бўйича қабул квоталарини ошириш ва таълим дастурларини янада такомиллаштириш, давлат тилида Ислом молияси бўйича замонавий ўқув дастурларини тайёрлаш муҳим. Шу билан бирга, суд идоралари ходимлари, адвокатлар ва бошқа ҳуқуқшунослар учун исломий молия тамойиллари ва операцияларига оид ҳуқуқий таълим дастурларини шакллантириш ва мавжудларини такомиллаштириш, ҳуқуқ соҳаси вакилларининг малакаларини ошириш, вазирлик ва идоралар ходимлари ва кенг жамоатчилик орасида Ислом молияси ҳақида хабардорлик ва тушунчани ошириш ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида айтиш керак, давлат-хусусий шерикликда исломий молия воситаларидан фойдаланиш кўплаб иқтисодий манфаатлар, жумладан, қарз юкини камайтириш, фискал барқарорликни ошириш ва инфратузилмани ривожлантиришни ошириш имконини беради.

Молиялаштиришнинг бундай инновацион ёндашуви иқтисодий фаолликни, ижтимоий фаровонликни рағбатлантиради ва узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилади, шу билан бирга, молиялаштириш манбаларини диверсификация қилади ва хорижий инвесторларни жалб қилади.

Моҳиятан, исломий молияни ДХШларга интеграция қилиш иқтисодий барқарорлик ва инклюзив ўсишга ёрдам беради ва мамлакатнинг умумий фаровонлигига ҳисса қўшади.

Искандар Турсунов,
Тошкент шаҳридаги Сингапур
Менежментни ривожлантириш институти
Ислом молияси мутахассиси

Мавзуга оид