Жаҳон | 23:15 / 21.05.2024
7753
1 дақиқада ўқилади

Саудия қироли Салмоннинг аҳволи яхшилангани маълум қилинди

88 ёшли монарх пневмониядан даволанаётгани ҳақида хабар берилганди. 

Фото: AFP

Саудия Арабистони қироли Салмоннинг аҳволи яхши, у тиббий муолажадан ўтди. Бу ҳақда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон 21 май куни маълум қилди. 

Валиаҳд шаҳзоданинг баёноти вазирлар маҳкамаси йиғилишида янгради. У қиролнинг соғлиғи ҳақида қайғурган барчага миннатдорчилик билдирди, деб хабар берди Saudi Press Agency (SPA) хабарига таяниб Al-Arabiya. 

19 май куни куни SPA агентлиги қирол Салмон «баланд иситма ва бўғимлардаги оғриқлар» туфайли тиббий кўрикдан ўтгани ҳақида хабар берган эди. 

Кейинчалик қирол антибиотикларни ўз ичига олган терапия дастури билан пневмониядан даволанаётгани хабар қилинди. 

88 ёшли қирол Салмон охирги марта апрел ойида шифохонага ётқизилган эди. У Жиддадаги Қирол Файсал ихтисослашган тиббиёт муассасасида мунтазам текширувдан ўтди. 

Қирол Салмон бин Абдулазиз 2015 йилда Саудия Арабистони тахтига ўтирган.

Мавзуга оид