Жаҳон | 18:30 / 23.05.2024
3721
3 дақиқада ўқилади

Бишкекда Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари ўртасидаги мулоқот йиғилиши бўлиб ўтмоқда

Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этяпти. Мулоқот 2021 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган. 

Фото: kabar.kg

Бишкекда «Марказий Осиё иқтисодиётида аёлларнинг роли: рақамли, ижтимоий ва экологик инновацияларни илгари суришда етакчилик» мавзусида Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқоти йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 

Йиғилишда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Қозоғистон парламенти Мажлиси раиси ўринбосари Дания Эспаева, Туркманистон Мажлисининг Фан, таълим, маданият ва ёшлар сиёсати қўмитаси раиси Баҳор Сейидова иштирок этяпти. Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Хотин-қизлар ва оила масалалари қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Фируза Нуруллозода онлайн тарзда иштирок этмоқда. 

Йиғилишда Қирғизистон Жогорку Кенеши спикери ўринбосари Жамила Исаева сўзга чиқиб, Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишда аёллар асосий рол ўйнашини таъкидлади. 

«Глобал рақамлаштириш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш даврида аёлларнинг асосий саноат мезонларидаги иштирокини рағбатлантириш зарур. Аёллар нафақат иқлим ўзгаришига энг заиф, балки иқлим бўйича миллий мақсадларга эришишда муҳим манфаатдор томондир. Гендер тенглигини таъминлаш, барча аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш нафақат адолат, балки иқтисодий фаровонлик масаласидир», деди Жамила Исаева. 

Унинг таъкидлашича, Қирғизистон мулоқотга раислиги доирасида бир қатор ташаббусларга эътибор қаратишни таклиф этган. 

«Бу аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича Марказий Осиё минтақавий жамғармаси, рақамли, ижтимоий ва экологик инновациялар соҳасида етакчи аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича Марказий Осиё минтақавий тармоғи ҳамда миллий ва минтақавий даражадаги мувофиқлаштирувчи кенгашни ташкил этишдир. Бу ташаббуслар минтақанинг мулоқот соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлиги доирасида алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган», деди Жамила Исаева. 

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари Мулоқоти минтақа парламентлари аёл аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун норасмий платформа ҳисобланади. 2021 йилда Ўзбекистон, 2022 йилда Туркманистон, 2023 йилда Қозоғистон Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари Мулоқотига раислик қилган.

Мавзуга оид