Ўзбекистон | 19:06 / 24.05.2024
3644
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Бауман номидаги МДТУ филиали очилади 

Россиянинг энг кўҳна техник таълим даргоҳларидан бири Ўзбекистонда филиал очишни режалаштирмоқда. 

Фото: Михаил Джапаридзе/ТАСС

Ўзбекистонда Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети (МДТУ) филиали очилади. Бу ҳақда Россия фан ва олий таълим вазири ўринбосари Дмитрий Афанасев маълум қилди. 

У Тошкентда ўтказилаётган «Илмий-техника тараққиёти шароитида олий техник таълимнинг истиқболлари» мавзусидаги конференцияда шу ҳақда гапирди. Унда Россия ва Ўзбекистондаги 50 та муҳандислик-техника олий ўқув юртлари ректорлари, кафедралар ва илмий марказлар раҳбарлари иштирок этмоқда. 

«Яқин келажакда [Ўзбекистонда] филиаллар тармоғини очмоқчи бўлганлар қаторига Бауман университети ҳам киради. Филиални ташкил этиш босқичма-босқич амалга оширилади...», деди Афанасев. 

МДТУ Россиянинг энг кўҳна таълим даргоҳларидан бири бўлиб, 1830 йилда очилган. Унда 22 мингга яқин талаба таълим олади, 70 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланади. 2024 йилда МДТУ Россия университетларининг умумий рейтингида 6-ўринни эгаллаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид