Жаҳон | 10:07 / 28.05.2024
4361
3 дақиқада ўқилади

Гуржистонда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун: парламент президент ветосини олиб ташламоқчи

Гуржистон парламентининг ҳуқуқий қўмитаси президентнинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги мунозарали қонунга қўйган ветосини бекор қилишни маъқуллади.

Фото: KIUR KAASIK / DELFI MEEDIA

Гуржистон парламентининг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси президент Саломе Зурабишвилининг «Чет эл агентлари тўғрисида»ги қонун деб аталадиган мунозарали «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунига қўйган ветосини бекор қилиш тартиб-таомилини бошлаш тарафдори. 27 май, душанба куни қўмита аъзолари ушбу масалани пленум овозига қўйиш қарорини қўллаб-қувватладилар.

Президентнинг ветоси 28 май кунги ялпи мажлисда кўриб чиқилади, деб ёзади Newsgeorgia.ge. Тахминларга кўра, парламентда кўпчиликни ташкил этган ҳукмрон «Гуржистон орзуси» ва у билан ҳамкорлик қилувчи партиялар депутатлари президент ветосини бекор этиш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин. 

ЕИ Гуржистонга «жуда аниқ сигнал» беришга чақирмоқда 

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғилишида бир қатор иштирокчилар Гуржистоннинг ЕИ аъзолигига номзод сифатидаги мақомини қайта кўриб чиқиш тарафдори бўлишди. 

Хусусан, Литва Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Габриэлюс Ландсбергис бу ҳақда DW мухбирига хабар қилди: «Европа Иттифоқидан жуда аниқ сигнал бўлиши керакки, агар қонун якуний таҳририда қабул қилинса, Гуржистон бундан буён Европа Иттифоқига йўлини давом эттира олмайди». Ландсбергиснинг сўзларига кўра, номзод мақоми бўйича қарор шартлар асосида берилган ва бу шартлар бажарилмаса, номзод мақоми олиб ташланиши мумкин.

«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун

14 май куни Гуржистон парламенти мамлакатдаги оммавий норозилик намойишлари фонида «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси апрел ойида парламентга киритганидан буён ушбу ҳужжат мухолифат кучларининг ўта салбий муносабатини уйғотди, улар уни ҳукумат назорати остида бўлмаган ноҳукумат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситаларини «тўғирлаш»га қаратилган деб ҳисоблайдилар. 

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Гуржистон ҳукуматини ушбу қонунни қайтариб олишга чақирди ва унинг қабул қилиниши Гуржистоннинг ЕИга йўлини ёпиши ҳақида огоҳлантирди. Қўшма Штатлар янги қонун тарафдорларига қарши виза санкциялари жорий этилишини ва Гуржистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама кўриб чиқилишини эълон қилди. Президент Зурабишвили бу қонунга 18 май куни вето қўйган. Парламентда ветони бартараф этиш тартиби 28 майга белгиланган.

26 май куни Гуржистон Мустақиллик кунида Зурабишвили ўз мамлакатининг Европа келажаги ва Европа интеграциясининг давом этишини қўллаб-қувватлади. «Европа бирорта ҳам уруш бошлагани йўқ, у бизнинг давлатимизга ўз мустақиллигини сақлаб қолиш ва тараққиётга эришиш имкониятини беради», деди у.

Мавзуга оид