“Тошкентдаги дарахтларни текширувдан ўтказиш лойиҳаси ҳукуматга киритилган” – Эковазирлик
Шаҳардаги дарахт ва буталардаги зараркунандаларни ўрганиб, уларга ишлов бериш лойиҳаси Экология вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Лойиҳанинг 1-босқичида шаҳардаги 470 дан ортиқ кўчадаги дарахтлар текширувдан ўтказилади. Чумчуқсимон қушларни сунъий кўпайтириш ҳам режада бор.
15 май куни Тошкент шаҳридаги дарахтларда турли зараркунандалар ва касалланиш кўпайгани, лекин уларга қарши чора кўришга ҳеч ким бош қўшмаётгани ҳақида Kun.uz’да материал эълон қилинган эди. Шунингдек, таҳририят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига мавзу юзасидан сўров юборганди. Ҳолатга вазирлик мутахассиси Нурилло Муҳсинов изоҳ берди. Унинг маълумот беришича,16 майда Экология вазирлиги томонидан зарарланган дарахтларни ўрганиб чиқиш бўйича лойиҳа ҳукуматда киритилган. Лойиҳада бюджетдан 3 миллиардга яқин пул сўралган. Биринчи босқичда 470 дан ортиқ марказий кўчалардаги дарахт ва буталарга ишлов берилади.
Муҳсинов дарахтлардаги зараркунандаларга қарши курашиш учун чумчуқсимон қушларни сунъий кўпайтириш усулидан ҳам фойдаланиш ҳақида ўйлаб кўрилаётганини қўшимча қилди. “Зоология институти билан шаҳарда қушларни кўпайтиришни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Чумчуқсимон қушлар ҳам зараркунандалар билан озиқланади”, – деди вазирлик масъули.
Мутахассис дарахтларга ишлов беришда асосан биологик ва кимёвий усуллардан фойдаланиш мумкинлигини айтиб, шаҳар ҳудудида одамлар бўлгани учун биологик усулдан фойдаланиш кўпроқ мақсадга мувофиқ эканини ҳам таъкидлади.
“Аниқланган касаллик ва зараркунандаларга қарши биологик ва кимёвий кураш чораларини олиб боришда давлат кимё комиссияси рўйхатидан ўтган препаратларни ҳаво ҳарорати 25 даражадан юқори бўлмаган шароитда дарахтларнинг зарарланиш ҳолатига қараб белгиланган оралиқда сепиш тавсия этилади. Қўлланган кимёвий ёки биологик препаратларнинг кураш чоралари биологик самарадорлиги доимий(ҳар 5-7 кунда) ҳисоблаб борилиб, натижаларга таяниб дарахтларга қайта ишлов бериш юзасидан қўшимча хулоса ва тавсиялар тайёрлашни режа қилганмиз”, – деди Нурилло Муҳсинов.
Шунингдек, мутахассис Экология вазирлиги қошидаги илмий тадқиқот институтларидан олимларни йиғиб, шаҳарда битта ишчи гуруҳ ташкиллаштириш ва у гуруҳ олимлари тавсияси асосида чоралар ишлаб чиқиш кераклигини айтди. Муҳсинов ишчи гуруҳ таркибида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги қошидаги илмий муассасалардан мутахассис, Тошкент шаҳар ҳокимиятидан вакил, ЎзФАга тегишли бўлган соҳа олимлари: дендролог, энтамолог, фитопатолог, агрохимиклар жамланиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
“Улар шаҳардаги дарахтларнинг биологик ҳолати, ўсиши, ривожланиши, улардаги касаллик, зараркунандаларни доимий назорат қилиб бориши керак. Ўсимликлар ҳолати ҳақида ҳар чоракда ҳисобот тайёрлаб, дарахтлар санитар ҳолати бўйича ўз хулосасини тақдим этиб туриши керак ва шу хулосага асосан биологик кураш олиб борилади. Шунингдек, СЭС ходимлари ҳам гуруҳга кирса яхши бўлар эди. Улар биологик препаратларнинг инсонга хавф даражасини айтса, шунга қараб иш бошланиши керак”, – деди у.
Мутахассис кўриладиган чора-тадбирлар сифатида қуйидагиларни санади:
– ўрмон ва манзарали дарахт-буталарда эрта баҳорда (март-апрел) энтомологик ва фитопатологик кузатувлар олиб бориш;
– аниқланган касаллик ва зараркунандаларнинг тур туркуми ҳамда зарарланиш даражасини аниқлаш;
– дарахт-буталарнинг шох-шаббалари ўта қалин бўлиб кетишига йўл қўймаслик, қалин ва зарарланган шох-шаббаларга эрта баҳорда ёки кеч кузда шакл бериб, ҳудуддан ташқарига олиб чиқиб кетиш;
– буталанган жойларни боғ бўёғи ёки боғ муми билан зарарсизлантириш (дезинфекция қилиш).
Мавзуга оид
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
20:35 / 07.11.2024
2 туп чинорни кесган шахс табиатга 199 миллион сўм зарар етказди
18:18 / 06.11.2024
Шаҳарни салқинлатиш учун қанча дарахт керак? Олимлар жавоб берди
14:20 / 24.10.2024