Ўзбекистон | 21:57 / 01.06.2024
18476
14 дақиқада ўқилади

АЭС бўйича битим, арзонлашган доллар ва “девелопер”га айланган банклар — ҳафта дайжести

Россия Жиззахда кам қувватли АЭС қурадиган бўлди: кўплаб саволлар очиқ қоляпти. Ўзбекистон қачон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлади: бош вазир ўринбосари муддатни айтди. Доллар курсида аномалия: бир ҳафтадан бери курс фақат тушяпти. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Жиззахда кичик АЭС қурилиши бошланиш арафасида

Ўзбекистон ва Россия ўртасида Марказий Осиёдаги биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича 2017 йилдан бери давом этаётган музокараларда якуний тўхтамга келинди. Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган келишувга асосан, Жиззах вилоятида кам қувватли АЭС қуриладиган бўлди.

Станция ҳар бири 55 мегаваттли 6 та реактордан иборат бўлиб, тўлиқ қуввати 330 мегаваттни ташкил этади. Бу – Россия томонидан биринчи илгари сурилган вариант – иккита энергоблокли, анъанавий йирик АЭС қувватидан 7 баробарга кам. Шу тариқа, мамлакатимизда электр энергияси етишмовчилиги муаммосини ҳал қилишда қурилажак атом станциясининг ўрни деярли сезилмайди.

“Ўзатом” агентлигига кўра, қурилиш ишлари шу йил ёздаёқ бошланади. Лойиҳанинг асосини Россиядан ташиб келтириладиган РИТМ-200Н реакторлари ташкил этади. Ихчам станцияни қуриш классик АЭСларга қараганда анча камроқ вақтни олади. Бош пудратчи “Росатом” бўлади, қурилишга маҳаллий компаниялар ҳам жалб этилади.

Ҳозирча расмийлар очиқлаган маълумотлар фақат шулардан иборат. Лойиҳани амалга ошириш нархи қанчага тушади, бу маблағ қаердан олинади, қанча муддатда қуриб битказилади, ишлаб чиқарилган электр энергияси қанча нархдан сотиб олинади, ўзимизнинг урандан фойдаланилиши нарх шаклланишида қандай ўрин тутади – шу ва бошқа саволларга ҳозирча жавоблар йўқ.

Лекин ижтимоий тармоқларда энг қизғин муҳокама қилинаётган саволлар булар эмас. Фаолларнинг асосий эътибори сиёсий рискларга қаратилган. Энг кўп берилаётган савол эса қуйидагича: нега халқаро тендерсиз ва нега айнан Россия?

Владимир Путиннинг давлат ташрифи

Ўзбекистонга ташриф Владимир Путиннинг бешинчи муддатга сайланганидан кейинги учинчи хорижий сафари бўлди. Икки кунга мўлжалланган ташриф амалда уч кун давом этди. Саммит доирасида 27 та ҳужжат имзоланди; ҳукуматлар олдига ўзаро савдо ҳажмини 3 баробарга ошириб, 30 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Энергетика соҳасида, Россия Ўзбекистонда АЭСдан ташқари, ГАЭС ҳам қурмоқчи. Маълум бўлишича, Айдаркўл ва Қаратерен кўлларида “Русгидро” томонидан умумий қуввати 1 GW бўлган 2 та йирик гидроаккумулятор электр станция қуриши масаласи кўриб чиқиляпти. Маълумот учун, гидроаккумулятор станциялар энергетик юкламага мослашиши билан одатий ГЭСлардан фарқ қилади, яъни талаб ошган пайтда ишлаб чиқаришни кўпайтириш имкони бўлади. Ўтган йили Ўзбекистондаги биринчи ГАЭСни Бўстонлиқда қуриш бўйича Хитой компанияси билан 1 млрд долларлик келишув имзоланган эди.

Путиннинг ташрифи вақтида Ўзбекистон газ транспорт тизимини модернизация қилиш, Россиядан нефт ва газ импортини кўпайтириш, бу мамлакатдаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини муносиб меҳнат шароитлари билан таъминлаш, Ўзбекистон армиясини қайта қуроллантириш дастурини ишлаб чиқиш каби бошқа қатор масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари Тошкентдаги Ғалаба боғида бўлди. Президентлар раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу мажлисда қатнашиш учун келганлар орасида Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров мезбонларнинг алоҳида диққат марказида бўлди.

Расмий тадбирлардан кейин, Кремл матбуот хизматининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасбини ўзи яшайдиган уйга таклиф этган, улар ўртасидаги суҳбат тонгги соат 3 гача давом этган. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бундай узоқ давом этган суҳбатни “мутлақ ишонч асосига қурилган мулоқот, ҳақиқий ва шахсий дўстлик” деб атади. Ташриф режа қилинганидан узоқроқ давом этгани икки томонлама муносабатларнинг кўлами билан боғлиқ, деди Дмитрий Песков.

ЖСТга аъзолик – 2026 йилга мўлжал қилинган

Ўзбекистон узоғи 2 йил ичида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кирмоқчи. Буни бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев айтди. ЖСТ матбуот хизматининг хабар беришича, у ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишида сўзлаган нутқида Ўзбекистон ташкилотнинг 2026 йилги саммитига қадар аъзолик жараёнини якунлаш ниятида эканига ишонтирган.

“Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадида собит турибди ва бу йўналишда илгарилаш учун мавжуд барча имкониятларни ишга солмоқда”, – деган Ўзбекистон делегацияси раҳбари. Жамшид Хўжаев ишчи гуруҳ аъзоларидан Ўзбекистонни бу жараёнда қўллаб-қувватлашни сўраган. Ишчи гуруҳ эса Ўзбекистоннинг ташқи савдо режимини таҳлил қилиб, ҳукуматни қўшимча мажбуриятлар олишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссиянинг аввалги раиси Сардор Умрзоқов 2021 йилда берган интервюсида Ўзбекистон 5 йил ичида, яъни 2026 йилгача ЖСТга аъзо бўладими деган саволга йўқ деб жавоб берган, жараён 5 йилга чўзилмаслигини айтганди.

Иқтисодий янгиликлар

Бу ҳафта республика валюта биржаси учун ноёб ҳафта бўлди: ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан қиймати кетма-кет нақ 7 биржа куни давомида фақат мустаҳкамланиб борди. Натижада расмий курс 125 сўмга арзонлашиб, икки ой ичида илк марта 12 600 сўмдан пастга тушди. Жума куни банкларда сотиш курси 2 630 сўмгача пасайди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бу ўтган ҳафта чиқарилган ҳукумат евробондлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хабар берганимиздек, 21 май куни 1,5 млрд доллар эквивалентида облигациялар чиқариш йўли билан ташқи қарз олинган эди. Бу қарз пакетининг асосий қисмини 600 млн доллар ва 600 млн евро ташкил этади. Бу маблағлар сўмга айирбошлаш учун биржага чиқарилгани тахмин қилинмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги шу ҳафта очиқлаган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг 1 апрел ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 35,3 млрд долларга етган. Шундан 29,5 млрл доллари – ташқи қарзлар. Маълум бўлишича, бу йил давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари ўтган йилга қараганда 70 фоизга кўпаяди. Йил давомида қарзларни қайтариш учун ҳукуматга қарийб 3 млрд доллар керак бўлади. Олиш режалаштирилган қарзлар миқдори эса 5 млрд доллар деб белгиланган. Шу тариқа, тез орада қарзларни қайтариш харажатлари янги олинадиган қарзлар миқдори билан тенглашади. Бу эса амалда битта қарз иккинчи қарз ҳисобидан ёпилишини англатади.

Вазирликнинг яна бир ҳисоботига кўра, йилнинг 1-чорагида давлат бюджети дефицити 17,7 трлн сўмга етган. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан 1,5 баробар, икки йил олдинги кўрсаткичдан 18 (!) баробарга кўп. Бюджет даромадлари таркибида бир қатор йирик солиқ тўловчиларнинг улуши кескин қисқарган. Айниқса “Ўзтрансгаз”нинг солиқ тўловлари каррасига камайиб кетгани, мамлакатнинг энергетик мустақиллиги учун стратегик аҳамиятга эга компания ишончли бошқарувга берилгани ҳақида миш-мишлар тарқалгани изоҳталаб ҳолат бўлиб қолмоқда.

Бюджетдаги катта тақчилликка қарамай, давлат ташкилотларини қимматбаҳо харидлардан тўхтатиб бўлмаяпти. Ғазначилик хизматининг аниқлашича, ўтган йили бош вазир томонидан тежамкорлик бўйича топшириқ берилганига қарамай, амалдорлар қимматбаҳо смартфонлар харид қилишдан ўзини тия олмаган. Бюджет ташкилотлари йил давомида битта харидда ўртача 12 та смартфон сотиб олган. Улар орасида ҳар бир донаси 19 млн сўмга олинган iPhone 15 Pro Max телефонлари ҳам бор.

Бундан ташқари, спорт соҳаси расмийларининг кўнгли замонавий хоккей мажмуасини тусаяпти. Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳаси билан, Тошкентда муз саройини ўз ичига олувчи хоккей комплекси қурилиши мумкин. Хоккей федерацияси мажмуа қуриб битказилганидан кейин уни тайёр ҳолда ишончли бошқарувга олишни мақсад қилган. Бундан ташқари, федерациянинг ўзи, хоккей клублари ва легионерлар учун солиқларни 2 баробарга камайтириш кўзда тутилган.

Тадбиркорлар учун солиқларни ҳисоблаш тартиби ўзгариши мумкин

Хоккей клублари ёки гигант компаниялар тўламаган солиқни барибир кимдир тўлаши керак, чунки харажатлар ўсишда давом этяпти. Қимматбаҳо смартфон, муз саройи, АЭС ва бошқа чиқимлар учун пул топиб бериши керак бўлган Солиқ қўмитаси ҳам, ўз навбатида, бошқа бир қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди. Қўмита товарларнинг бозор нархини аниқлаб, шу нарх асосида солиқ ҳисоблашга ўтмоқчи.

Бу тартиб аввалига биржа товарлари, давлат харидлари порталидаги ва маркировкаланадиган товарларга нисбатан татбиқ қилинади. Кейинчалик эса барча (!) турдаги, эътибор беринг, минглаб турдаги товарлар ва хизматларнинг барча-барчаси учун жорий қилинади. Яъни солиқ органлари иқтисодиётдаги жамики товар ва хизматларнинг бозор нархини аниқлаб, ҚҚС, фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни шу нархдан келиб чиқиб ҳисоблашни режа қилган. Шу нархдан арзон сотиб қўйган тадбиркорни эса, табиийки, у ёки бу шаклдаги жазо кутади.

Солиқ қўмитасининг бўлим бошлиғи ўринбосари Даврон Бобожоновнинг Kun.uz'га айтишича, қўмита шу йўл билан интизомли солиқ тўловчилар ва солиқдан қочадиган тадбиркорлар ўртасида ҳалол рақобатни юзага келтирмоқчи. Товар ва хизматларнинг бозор нархларини ҳисоблаш автоматлаштирилади, бунда биржа, давлат харидлари портали, бошқа очиқ манбалар ва фискал чеклар асос бўлади.

Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджоновнинг сўзларига кўра, солиқ органининг бундай ниятлари тадбиркорлик муҳитига, инвестицион иқлимга салбий таъсир қилади. “Солиқлар қатъий белгиланган ёки аниқ олинган даромадга қаратилган бўлиши лозим. Кейинчалик излаб топиладиган мавҳум рақамлар асосида солиқ ҳисоблаш тадбиркорларнинг фақатгина қўрқувда яшашига олиб келади”, деди соҳа эксперти.

Солиқлар бўйича тадбиркорлар кутган янгиликлар ҳам йўқ эмас. Чоршанба куни президент имзолаган қонун билан, Солиқ кодексининг машҳур 227 прим 1-моддаси ўзгартирилди. Эндиликда бу моддада назарда тутилган фискал ҳуқуқбузарликлар учун жарима 50 бараварга камайтирилиб, охирги чоракдаги соф тушумнинг 2 фоизи деб белгиланди. Ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилган тақдирда, жарима миқдори соф тушумнинг 20 фоизига ошади. Аввалги миқдор 100 фоиз экани тадбиркорларнинг эътирозига сабаб бўлиб келаётганди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Президент Бухоро вилоятига ташрифида бир нечта йирик объектлар қурилишини бошлаб берди. Бухоро туманида халқаро аэропорт, Олот туманида қуёш электр станцияси, “Қоракўл” эркин иқтисодий зонасида эса метандан олефин олувчи йирик газ-кимё мажмуаси қурилиши бошланди. Қиймати 5 млрд долларга баҳоланган газ-кимё мажмуасида йилига 1,3 миллиард метр куб табиий газ ва 430 минг тонна нафта қайта ишланиб, 1,1 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Шавкат Мирзиёев мажмуа яқинида қурилган бошқа бир лойиҳа – 58 млн долларлик металл қувурлар заводида ҳам бўлди.

Давлат банкларининг Toshkent City'даги баланд бинолари сотувга қўйилди. Саноатқурилишбанк 33 қаватли, Асакабанк ва Алоқабанк эса 26 қаватли биноларини камида 340 млн доллар сарфлаб, эҳтимол ташқи кредитлар ҳисобидан қураётган эди. Энди бу бизнес марказлар Давактив бошчилигида хусусийлаштирилади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саноатқурилишбанк Яшнободда 21 қаватли бино қурмоқчи экани маълум бўлганди. Давлат банклари ҳали Янги Тошкентда ҳам бинолар қуриши айтилмоқда. Лекин бино қуриб сотиш, экспертлар фикрига кўра, носоғлом банк фаолияти ҳисобланади.

Ўзбекистонда 112 ягона диспетчерлик хизмати ташкил этилмоқда. Бунда ИИВ, ФВВ, ССВ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда “Ҳудудгазтаъминот”нинг шошилинч хизматлари 112 қисқа рақамига уланиб, ягона тизимга бирлаштирилади. Ҳукумат қарорига кўра, янги тизим 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, йил охиригача республиканинг бошқа барча ҳудудларида йўлга қўйилади.

Жиззахнинг Ғаллаорол туманида ҳаракатланиб кетаётган “Нексия-2”нинг газбаллони портлади. Воқеа ҳайдовчи шохобчадан машинасига газ қуйиб чиққанидан кўп ўтмай содир бўлган. Натижада ҳайдовчи, унинг 56 ёшли хотини ва икки йўловчи ҳалок бўлган. Портлаш оқибатида автомобил ҳам, ундаги инсонлар жасади ҳам бўлакларга бўлиниб кетган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳайдовчиларга мурожаат билан чиқиб, улар ўзларига тегишли транспорт воситасининг техник ҳолати учун жавобгар эканини эслатди.

Тошкентда собиқ МХХ биноси ҳудудидаги дарахтлар ўтган ҳафта шов-шувли тарзда кўчирилиб, шаҳар ташқарисига чиқариб ташланган эди. Куни кеча ўша дарахтларни янги экилган жойида суратга олмоқчи бўлган фотограф Комил Еникеев тўсқинликка учради. Дарахтларни кўчирган фирма раҳбари Фаррух Ҳакимов фотографни тўхтатиб, бу ердан кетишни буюрган, ҳатто унинг бошидан газланган ичимлик қуйиб юборган. Эслатиб ўтамиз, Ҳакимов Kun.uz билан суҳбатда дарахтларни кўчиришга рухсати борлигини айтганди, лекин кейинроқ Экология бошқармаси рухсат бермагани ойдинлашди. Унинг на дарахтларга нисбатан ва на фотографга нисбатан ҳаракатлари бўйича ҳуқуқ органларидан ҳозирча реакция бўлмади.

Мавзуга оид