Жаҳон | 20:00 / 02.06.2024
35017
20 дақиқада ўқилади

Японияни Япония қилганлар бугун қандай яшаяпти?

20-асрнинг иқтисодий мўжизаларидан бири – Японияда қисқа вақтда эришилган жуда катта иқтисодий юксалиш. Япон жамияти бугунги фаровонликка кимларнинг хизматлари эвазига эришилганини яхши тушунган ҳолда, кексаларни парваришлашга катта эътибор қаратади. Яъни миллатни оёққа турғизган авлод – ҳозирги авлоднинг эъзозида.

Kun.uz ижодий жамоаси Японияга сафари давомида энг кекса мамлакатдаги кексалар билан ишлаш тизимини ўрганди.

Қадимий анъаналари ва илғор технологиялари билан машҳур Японияга борсангиз, эътиборингизни тортадиган энг биринчи жиҳатлардан бири – кўчада, жамоат жойларида ёши улуғ японларнинг кўплиги бўлади.

Қарияларнинг 65дан ёшдан тортиб 90 ёшлиларигача Токионинг марказий кўчаларидаги кўплаб дўкон, кафе, станция, такси, транспорт, меҳмонхоналар ва деярли барча хизмат кўрсатиш шохобчаларида меҳнат қилаётганини кўрасиз. 94 ёшли онахон “Макдоналдс”да ишлаётгани ҳам биздан бошқа ҳеч кимни ажаблантирмаётгандек туюлди.

Оилавий дорихонада ишлаётган 101 ёшли аёл ва унинг 85 ёшли ўғли

Дорихонада сотувчи бўлиб ишлаётган 101 ёшли Сузуки Тадако ҳар куни ўз мижозларини қарши олади. Унинг кўзларида бир асрлик донолик, ҳаракатларида эса хотиржамлик ва ишонч мужассам. Тадако урушдан анча олдин, 1923 йилдаги Буюк Канто зилзиласи вақтида туғилган. Иккинчи жаҳон урушигача япон аёлларининг уйдан ташқарида ишлаши одатий ҳол эмас эди, аммо Тадако хоним, етим қолган фарзандларини ёнига олиб, турмуш ўртоғидан қолган дорихона ишини давом эттирди.

Сузуки Тадако

Табиийки, бу онахондан биринчи навбатда узоқ умр кўриш сири нимада эканини сўрадим.

“Мен ҳар доим тик туриб ишлайман, оёқларим доимий ҳаракатда бўлади. Мижозлар билан дилдан суҳбатлашаман, бу эса руҳий жиҳатдан менга катта ёрдам беради, кайфиятимни кўтаради. Энг муҳими, биз японлар 50 ёшдан ўтгач, енгил овқатланишга ўтамиз. Масалан, ёғли ва қизил гўштли балиқларни эмас, балки оқ гўштли балиқларни истеъмол қиламиз.

Турмуш ўртоғимдан ёш бева қолдим. Фарзандларни ўқитиш учун кучли бўлишга, ёлғиз бўлишимга қарамасдан, улар учун кўтаринки кайфиятда бўлишга, позитив қарашга ўргандим. Тўғрисини айтсам, мен узоқ умр кўриш учун махсус ҳаракат қилмаганман, аммо фикрларим доимий ижобий ва кўтаринки руҳда бўлади. Бу, эҳтимол, менга узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришимга ёрдам бергандир”, – дейди у.

Тадако хоним дорихонада 85 ёшли ўғли Сузуки Тадаши билан биргаликда ишлайди.

Атрофимиздаги дўконларда ёши катта кексалар кўп ишлайди. Онамнинг ёнига келиб, суҳбат қилиб ўтиришади. Кўпчилигининг фарзандлари бошқа шаҳарларда ишлайди, шунинг учун улар ҳам зерикмаслик учун ўзларини меҳнат билан банд қилишган.

Замон ўзгарди. Авваллари бир касб атрофида оила аъзолари бирдам бўлиб ишлашган бўлса, ҳозир ҳар бир инсон ўзи севган касби билан шуғулланади.

Oнам мени барвақт дунёга келтирган. Синглим билан катта қилди. Отамнинг касбига бизда меҳр уйғотган. Мен Осака университетида доришунослик бўйича кўп йиллар дарс берганман. Синглим ҳам шу соҳада биз билан ишлайди. Фармацевтлар сулоласимиз деб айта оламан, чунки менинг фарзандларим ҳам биз билан ишлайди”, – дейди суҳбатдошимиз.

Тадако-сан билан хайрлашар эканман, у менга Ошин сериали қаҳрамонини эслатди.

Қариётган Япония

Ҳозирда жаҳонда 60 ёшдан катта бўлган қариялар 700 миллион кишидан ошди. Тахминларга кўра, 2050 йилга бориб уларнинг сони 2 миллиардга етиши мумкин, бу эса дунё аҳолисининг 20 фоизидан кўпроғи қариялардан иборат бўлади дегани. Туғилишлар тобора камайиб бориши дунё олимларини хавотирга солаётган катта муаммолардан бири. Чунки бу ривожланган мамлакатлар иқтисодиётига жиддий негатив таъсирини бермоқда.

Дунёда энг қари мамлакат эса – Япония. Ҳозир бу ерда қариялар аҳолининг 35 фоизини ташкил этмоқда. Ёшлар сонининг камайиши туфайли, ишлаб чиқариш ва саноатда иш ўринлари бўш қолиб, бизнес эгалари қарияларни ишга қабул қилишга мажбур бўлишмоқда.

Таниқли сиёсатчи Акио Каватонинг айтишича, агар бу муаммога ечим топилмаса, японлар 200 йилдан кейин миллат сифатида ер юзидан йўқолиб кетиши мумкин.

Акио Кавато

Демографик инқироз туфайли юзага келаётган муаммолардан яна бири – қарияларнинг ижтимоий муҳофазаси.

“Корейша шякаи” – “қариялар жамияти”га айланиб бораётган Японияда, меҳнат қилган қариялар кексалик чоғида давлатдан муносиб ёрдам олади. Бунинг учун мамлакатда қарийб 14 мингга яқин қариялар учун мўлжалланган узоқ ва қисқа муддатли пансионатлар, реабилитацион медицина марказлари, ҳордиқ чиқариш масканлари мавжуд. Бу соҳа Японияда катта бир индустрия ҳисобланиб, қарияларни парваришлашда хусусий секторнинг ҳам улуши юқори.

Қариялар уйи

Токионинг марказий қисмида жойлашган Вафукаи медицина корпорацияси айнан қариялар учун ихтисослашган кўп тармоқли тиббиёт ташкилоти ҳисобланади. Бу ташкилотга қарашли қариялар уйлари, пансионатлари, реабилитация марказлари Токионинг турли бурчакларидаги қарияларга хизмат кўрсатади. Қарияларнинг аксарияти бу ерга худди болалар боғчаларига келиб-кетгандек ҳар куни қатнашади.

Бу ерда ҳар бир киши, айниқса, Сузуки-сан каби инсонлар ўз тенгдошлари билан ҳамсуҳбат бўлиш, турли қизиқарли машғулотлар билан шуғулланиш, соғлом овқатланиш, сифатли парваришловчи муолажаларни олиб мириқиб дам олиб, кечга томон оиласига кузатилиб қуйилади. Баъзилари бу ерда узоқ муддат яшайди.

94 ёшли Сузуки-сан Паркинсон касаллиги билан курашаётган бўлса-да, унинг ҳаёти фаоллик ва ижодкорлик билан тўла, у бутун умр хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаб келган экан, ҳозирда у Вафукаи қарияларни реабилитация қилиш уйида бир неча ойдан бери яшаб, сифатли хизмат олмоқда.

Онахон ҳар куни ўзининг меҳрибон ҳамшираси билан бирга қўлларини ҳаракатга келтириш учун турли машғулотлар қилади. Бу фаолиятлар нафақат унинг жисмоний ҳолатига ёрдам беради, балки руҳий ҳолатини ҳам яхшилайди. Улар биргаликда тўқиш, чизиш каби ижодий қўл меҳнати билан шуғулланишади, бу эса Сузуки-саннинг ҳаётига ранг ва маъно қўшади.

Сузуки хоним билан яқинмиз. Фарзандлари доимий хабар олиб туришса-да, биз бир-биримизга боғланиб қолганмиз, – дейди ҳамшира Кае Оно. – 23 йилдан бери шу соҳада ишлайман. Қариялар билан мулоқот қилиш, уларнинг ҳикояларини тинглашни яхши кўришим бунга сабаб бўлса керак. Ҳар бирининг ҳикояси мен учун бир асар. Гаплашсам, худди бутун бошли китоб ўқигандек бўламан”.

“Касаллигим менга ҳаётимда чекловлар қўйган бўлиши мумкин, – дейди Сузуки-сан, – лекин ҳар куни қўлларим билан яратган нарсаларим орқали мен ўзимни ифода этишда давом этаман. Бу мен учун жуда муҳим, чунки ҳар бир тугма, ҳар бир чизиқ менга ҳаётим давом этаётганини ҳис қилдиради. Сиз ҳам сезяпсизми?”

Вафукай корпорацияси президенти Ишида Набуҳиконинг сўзларига кўра, Японияда биринчи қариялар уйлари пайдо бўла бошлаганда, жамиятда бу жойларга ота-оналарни олиб бориш уят ҳисобланган.

“Лекин мамлакат ривожланди. Уйлар шинам ва кичик-кичик қурилди. Кўпчилик ёшлар катта шаҳарларга кўчди. Шу сабаб катта оилалар бўлина бошлади. Кексалар қишлоқларда боқувчисиз қолди. Бир вақтнинг ўзида қарияларнинг сони ўса бошлади, туғилиш эса кескин пасайди. Қарияларни парваришлаш давр талабига айланди.

Ишида Набуҳико

Ҳозир бу йўналишда ҳукумат қарияларни парваришлаш учун Кайго суғуртасини жорий қилган. Бу дегани қарияларнинг фарзанди бор ёки йўқлигидан, меҳрибон эканлиги ёки ундай эмаслигидан қатъи назар, пенсия ёшига етган қария давлат қарамоғига ўтади, унинг соғлиғига ва яшаш тарзи ҳимояга олинади. Шундай тизимли йўлга қўйилган.

Қариялар уйида оддий одамлар ишламайди. Уларда сертификат бўлмаса, иш берувчи уларни ишга қабул қилишга ҳаққи йўқ. “Кайгоши”лар – парваришлаш ходимлари қонунда белгиланган муддат таълим олиб, имтиҳондан ўтгандан кейингина қария олдига ишга қўйилади. Японияда бунинг учун кўплаб таълим муассасалари мавжуд. Кўпгина қариялар пансионатлари кадрларни ўзлари етиштиради. Биз каби. Токио бўйлаб 13 та турли реабилитация марказларимиз, касалхоналаримиз ва ташхис марказларимиз ва 2 та ўқув ташкилотимиз бор. Вафукаи медицина корпорациясида қарийб 1,5 минг киши ишлайди. Шу жумладан чет элликларни ҳам ишга ёллаймиз. Клиника ва тиббий реабилитация марказларимиз 2000га яқин ўринга мўлжалланган. Вафукаи мижозларга юқори сифат ва ҳар бирига алоҳида ёндашган ҳолда хизмат кўрсатади. Уларнинг яшаш шароитлари премиум стандартига мослаштирилган”, – дейди Вафукай корпорацияси президенти.

Вафукаи пансионати менежери Икеда-сан бизни пансионат билан таништирди. У бизга асосан хотираси билан муаммо бўлган қариялар яшайдиган алоҳида қаватга олиб чиқди.

“Бу бўлимда беморларимиз камида 6 ойдан 1 йилгача бу ерда қолишади. Улар шикастланмасликлари учун барча хавфсизлик чоралари кўрилган. Бундай пациентларнинг олдига ортиқча нарса қўйиш мумкин эмас. Улар доимий назоратдалар”, – дейди у.

Икеда-сан

– Деменция бўлган қариялар алоҳида назоратга олинишади, шундайми?

– Алоҳида эътибор қилинади, десак тўғри бўлади. Оддий касаллардан уларни ажратмаймиз. Уларни оммадан ажратмасдан парваришлаш муҳим. Шунинг учун уларга 1 эмас, ҳар бирига 2 тадан парвариш ходими бириктирилади.

– Кексаларнинг оила аъзолари қанчада хабар олишади?

– Коронавирус вақтидаги чекловлар олиб ташланди. Ҳозирда ҳафтада 1-2 марта, баъзилар кунора хабар олишади. Кимлардир уйга ўзи бориб келади.

– Битта ҳамшира бир кунда қанча қарияга хизмат кўрсатади? Боқувчи ходимлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммо борми?

– Бир ҳамшира аслида 4-5 кишига хизмат қилади. Аммо ходимларнинг етишмаслиги ва қариялар сонининг кўплиги боис, ҳозирча 8 тагача рухсат берилган.

Японияда қарияларга ҳурмат ниҳоятда баланд. Ҳаттоки улар ҳозир асосий истеъмолчи бўлганлиги боис, барча хизмат кўрсатиш ҳам уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил қилинади.

Қарияларни парваришловчи ҳамшираларга талаб юқори

Аҳолининг қариши Япония иқтисодиётига катта босим ўтказмоқда, чунки мамлакат кексаларга ижтимоий хизмат кўрсатиш учун улкан маблағ сарфламоқда. Япония соғлиқни сақлаш ва фаровонлик вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда бу соҳага қарийб 2 млн 200 минг қария парваришловчи мутахассислар жалб этилишига қарамасдан, 2035 йилгача яна қарийб 700 минг нафар каиго ҳамшираларига талаб мавжуд бўлади. Япония ҳукумати меҳнат бозоридаги бу талабга хорижий ишчи кучини жалб этиш орқали жавоб қилмоқчи.

Кейинги суҳбатдошимиз Вьетнамдан жалб қилинган ходим, пансионатда ҳамшира ёрдамчиси бўлиб ишламоқда.

Вьетнамлик ҳамшира

– Ишингиздаги сизни энг қийнаган нарса нима бўлди?

– Япон тили.. бироз қийналяпман.

– Ишингиз ёқадими?

– Ҳа, жуда. Жуда ҳам қизиқарли.

– Қанча маош оласиз? Оилангизга жўнатишга имкон бўляптими?

– Қўлимга 200 минг иена тегади (1270 доллар), ҳамма харажатлардан ташқари. Оиламга ярмини жўнатаман.

– Келажакда нима қилмоқчисиз?

– Япон тилини ўрганиб, япон ҳамшираси бўлмоқчиман.

У Японияга келиш учун 1,5 йил тайёрланганини ва тил ўрганишдан бошлаганини айтди. Чунки япон тилини билмасангиз, ишга олишмайди.

“Кексаларни парваришлаш учун Ўзбекистондан ходимлар ёлламоқчимиз”

Маълумки, Ўзбекистонда кексаларни парваришлаш соҳаси шаклланиб келмоқда, лекин билимлар махсус ихтисослашмаган, профессионал ёндашув етишмайди. Аввалроқ Вафукай корпорацияси бу соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқчи эканини билдирган эди. Корпорация президенти Ишида Набуҳико биз билан суҳбатда бу борада ишлар бошланганини айтди.

“Ўзбекистонда япон тили ва махсус малака маркази билан қариялар парвариши бўйича касбга тайёрлаш ва келажакда уларни Японияга олиб келиб иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорликни бошладик. Япониядаги реабилитация марказларимизда тажриба оширишни истаган ўзбекистонликларни ишга қабул қиляпмиз. Чунки Японияда қарияларни парваришлаш бўйича ишчи ходимларга бўлган талаб юқори. Ҳозирда Ўзбекистондаги марказларда номзодларни ўқитиш жараёнлари бошланган. Шу билан бирга биз мамлакатдаги қарияларни парваришлаш ва реабилитация қилиш тизими қанчалик йўлга қўйилганлиги бўйича ҳам изланишлар олиб боряпмиз. Келажакда Ўзбекистонга Япония тажрибасини олиб киришни режа қиляпмиз.

Қариялар эъзозланган жойда барака ва фаровонлик бўлади дейишади японлар. Бу қадриятлар Ўзбекистонда ҳам борлиги мени қувонтиради. Ўзбекистон иқтисодиёти тез суръатларда ўсиши билан бир қаторда, мамлакатингиз аҳолиси сони ҳам ошиб бормоқда ва, табиийки, қариялар сони ҳам ортиб боряпти. Нафақага чиққан қариялар давлат томонидан муносиб эътиборга ҳақли. Бунинг учун тизим яратилиши керак. Ўйлаймизки, клиникаларимизда тажриба орттириб келган ўзбек мутахассислари келажакда Ўзбекистонда ижтимоий соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшадилар”, – дейди Ишида Набуҳико.

Қариялар парвариши бўйича суғурта тизими

Вафукаи корпорацияси президенти бизга Япониянинг қариялар парвариши бўйича суғурта тизими – Кайго Ҳокен ҳақида ҳам сўзлаб берди. Бу тизим мамлакат ижтимоий суғурта тизимининг муҳим қисми бўлиб, 2000 йили қарияларга кундалик ҳаётда ёрдам бериш мақсадида жорий этилган ва қарияларнинг ҳаётда мустақил ва барқарор яшашларини таъминлашга қаратилган.

Кайго Ҳокеннинг асосий жиҳатлари қуйидагича. Суғурта 65 ёшдан катта одамларга, шунингдек, ёш бўлса-да, ёшга хос касалликлар билан оғриётган одамларга мўлжалланган. Бу суғуртага 40 ёшдан катта барча япон фуқароси кириши мажбурий қилиб белгиланган. Тизим барча ишловчи фуқаролар томонидан тўланадиган бадаллар, давлат субсидиялари ва маҳаллий бюджетлар ҳисобига молиялаштирилади. Ўртача ойликдан 1-2 фоиз (тўловчининг яшаш ва иш ҳаққига қараб) ушлаб қолинади, бу ўртача ҳар 5000 иендан 30-40 долларни ташкил этади.

Бунинг эвазига фуқаро пенсияга чиққанидан кейин уйда ёки пансионатда парвариш хизматини олиши, махсус реабилитация марказларида қисқа ва ёки узоқ муддат яшаши, кундалик ҳаёт учун зарур бўлган қурилма ва жиҳозлар билан таъминланиб борилади. Давлат томонидан.

“Ҳар бир кексанинг эҳтиёжлари ҳокимият томонидан тузилган махсус комиссия томонидан ўрганилади ва парвариш қилиш даражаси белгиланади. Кимгадир кунига 2 соат, кимдир эса 24 соат парваришга муҳтож бўлиши мумкин. Бунинг ҳаммасини мутахассислар баҳолаб, яқин атрофдаги қариялар парвариш қилиш муассасаларига буюртма берадилар.

Хизмат ҳаққининг 10 фоизини қария, қолган 90 фоизини давлат қоплаб беради. Маҳаллий ҳокимият органлари парваришни бошқариш ва мувофиқлаштиришда муҳим рол ўйнайди, шунингдек, фуқароларни мавжуд хизматлар ҳақида хабардор қилиш ва уларни олишга ёрдам бериш мажбуриятига эга.

Қария парвариши суғуртасини тўламаслик оқибатлари нимага олиб келади, деган саволингизга келсак, қарз йиғилиши натижасида пенсия фондига қарз бўлиб қолишади, вақт ўтиши билан пеня ва жарималар йиғилади. Тўлов қилмаслик келажакдаги умумий пенсия миқдори камайишига олиб келиши, пенсия олишдаги муаммолар, ҳаттоки ҳуқуқий оқибатларга ва кредит тарихига таъсир қилувчи салбий оқибатларга олиб келиши мумкин”, – дейди Ишида Набуҳико.

Уйсиз қариялар муаммоси

Япония ўз бюджетидан қарияларни парваришлаш ва қолган ҳаёти осуда ўтиши учун салмоқли маблағ сарфлаб, ҳар қанча имтиёз яратишга уринмасин, ёрдам кексаларнинг маълум қатламини қамраб ололмаяпти.

Сергавжум Токио кўчаларининг сояси ва замонавий технологиялар орасида, Намба Мотохико исмли кекса отахон қоғоз картонлар ичида севимли китоблари билан яшайди.

Намба Мотохико

Бу кекса одам бир пайтлар Япониянинг тез ўсиб бораётган иқтисодиётининг бир қисми эди. Энди у – кекса уйсизлардан бири, ҳаёти жамиятнинг четида қолган.

– Сизга совуқ эмасми? Бу жойда қанчадан бери яшайсиз?

– Мен ҳоккайдоликман. Бу ерда 4 йилдан бери яшайман.

– Ҳукумат томонидан сизга ёрдам ажратилмаганми? Нафақа олмайсизми?

– Бутун умр вақтинча ишларда ишлаганман. Даромадимдан орттириб, пенсияга вақтида ва мунтазам тўлов қилолмаганман. Ҳужжат ишларига бироз сабрим чидамасди.

– Қандай қилиб кун кечирасиз?

– Ҳар куни ҳокимият тарафидан бу ердаги уйсизларга бепул егулик, асосан нон тарқатилади. Иссиқ овқат емаганимга анча бўлди. Баъзан макулатура, пластик бутилкалар йиғиб, озгина даромад қиламан, лекин бу ижарага уй тутишимга етарли эмас.

– Оилангиз борми? Фарзандларингиз?

– Оилам йўқ, ажрашганман. Фарзандим бўлмаган.

Намба Мотохико мисоли – Япония дуч келаётган муаммолардан бирини кўрсатиб турибди, юқори яшаш харажатлари, нафақа олишдан маҳрум кексаларга ижтимоий қўллаб-қувватловнинг йўқлиги.

Акио Кавато

Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Акио Каватонинг сўзларига кўра, ҳукумат уйсиз кексаларни жамиятга қайтариш устида ишламоқда.

“Уйсиз кексалар – ҳозирда япон жамиятининг ҳал қилолмаётган муаммоларидан бири. Жамиятимизнинг қариб бориши эса бу муаммони яна ҳам мушкуллаштирмоқда.

Соҳа вакиллари ҳозирда ҳукуматга уларни ҳам ижтимоий изоляциядан чиқариш бўйича турли таклифларни беришяпти, инклюзив тарзда уларга ҳам парваришлаш хизмати кўрсатилади деган умиддаман”, – дейди дипломат.

Японларнинг узоқ умр кўриш сири нимада?

Дорихоначи Тадако хонимга берган бу саволимизни Вафукаи корпорацияси президенти Ишида Набуҳикога ҳам бердик. У японларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги бўйича дунёда етакчи эканини изоҳловчи бир қатор омилларни санаб ўтди.

“Япон ошхонаси соғлом ингредиентларга бой. Улар кўпроқ денгиз маҳсулотлари, сабзавотлар, тофу ва бошқа соя маҳсулотларини истеъмол қиладилар, бу эса парҳезларининг паст калорияли ва юқори оқсилли бўлишини таъминлайди. Шунингдек, японлар ўз таомларига камроқ қўшимча шакар ва ёғ қўшадилар.

Шунингдек, мунтазам жисмоний фаоллик. Японияда кундалик ҳаётнинг бир қисми сифатида жисмонан фаол бўлиш муҳимдир. Масалан, кўплаб японлар ишга юриб ёки велосипедда борадилар, бу уларнинг жисмоний ҳолатини яхши сақлашга ёрдам беради.

Яна бир сабаблардан бири бу Япон маданиятида оила ва дўстлик алоқалари чуқур қадрланади. Кучли ижтимоий тармоқлар ва жамоатчилик ҳисси уларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Японлар асабни асрашади. Стресс билан курашишнинг турли усулларини, жумладан медитация, онсен (иссиқ булоқ ҳаммомлари) ва бошқаларни қўллайдилар. Бу уларга стрессни самарали бошқаришга ва умумий саломатликни сақлашга ёрдам беради.

Энг асосийси, тиббий кўрикдан йилда икки марта ўтилади. Японияда соғлиқни сақлаш тизими юқори даражада ривожланган ва аҳолининг кенг қатламига хизмат кўрсатади. Бу юқори сифатли тиббий парваришга осон киришни таъминлайди.

Узоқ умр кўриш Японияда маданият даражасига кўтарилган. Бу нафақат соғлиқни сақлаш масаласи, балки маданий қадрият ҳисобланади. Катта ёшдаги инсонларни ҳурмат қилиш ва уларга ғамхўрлик қилиш маданияти япон жамиятининг ажралмас қисмидир”, – дейди у.

Бугун Вафукаининг деворлари орқасидаги кекса юраклар, яна бир кунлик меҳр ва эътибордан баҳра олиб, уйга қайтишга ҳозирланишяпти. Ҳамшираларга сўнгги бор хайрлашаётгандек сўзларини айтаётган кексалар, барчамизнинг қалбларимизни тўлқинлантирди. Ким билади эртага уларнинг ҳаммаси ҳам қайтиб кела олармикин?..

Кечқурун, ҳар бир киши ўз хонадонига қайтар экан, пансионат эртанги янги кун учун эшикларини очиқ қолдиради. Зеробу ерда кексаларга хизмат қилаётган ҳар бир ходим уларнинг ўтмиши ҳақидаги шахсий ҳикоялари тингловчиси, бугунининг фаол иштирокчиси ва эртанги кунига умид бахш этувчи сифатида яна кутиб қолади.

Дилафруз Икромова

Мавзуга оид