FT: Россия ва Хитой газ нархи борасида келишмовчиликларга эга
Хитой «Сибир қудрати 2»дан газга нархни Россия Федерациясидаги ички нархлар даражасида белгилашни талаб қилди, деб ёзади FT. Москва бунга қарши.
Россиянинг Хитой билан «Сибир қудрати 2» газ қувурини қуриш бўйича келишув тузишга уринишлари нарх сиёсатидаги келишмовчиликлар ва Пекин Москвадан сотиб олмоқчи бўлган газ миқдори туфайли тўхтаб қолди. Бу ҳақда Financial Times газетаси 2 июн, якшанба куни музокаралар бориши билан таниш бўлган ўзининг уч манбасига таяниб ёзди.
Нашр суҳбатдошларига кўра, Хитой «Сибир қудрати 2» орқали етказиб бериладиган газ учун Россия Федерациясидаги ички ёнилғи нархига яқин нархни тўламоқчи, гарчи улар давлат субсидиялари туфайли маълум даражада ушлаб турилса ҳам. Бундан ташқари, Пекин газ қувури қуввати етказиб беришга мўлжалланган ёнилғи миқдорининг фақат кичик қисмини сотиб олмоқчи.
Ушбу масала бўйича келишмовчиликлар «Газпром» ЁАЖ директорлар кенгаши раиси Алексей Миллернинг Россия президенти Владимир Путинга 2024 йил май ойида Хитойга сафарида ҳамроҳлик қилмаганига сабаб бўлди. FT манбаларига кўра, Хитой банкларининг Россия Федерациясидаги фаоллигини ошириш талаблари ва Пекинни тинчлик конференциясини ўтказиб юборишга чақириш билан бирга, Путин Хитой етакчиси Си Жинпинг билан учрашув чоғида қувур бўйича келишувни ҳам муҳокама қилган.
Миллернинг бундай жиддий музокараларда йўқлиги «жуда рамзий» эди, деди Колумбия университетининг Глобал энергия сиёсати маркази тадқиқотчиси Татяна Митрова FT’га берган интервюсида. Шу билан бирга, Пекиннинг «Сибир қудрати 2» бўйича қатъий позицияси Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми РФни иқтисодий кўмак учун Пекинга тобора кўпроқ қарам қилиб қўйганини таъкидлайди, деб ёзади газета.
Пекинга «Сибир қудрати» жуда муҳим эмас
Хитойга газ қувури қурилишини маъқуллаш «Газпром»нинг позициясини ўзгартириши мумкин, у 2023 йилда Европа Иттифоқига газ экспорти деярли тўхтатилгани туфайли 629 миллиард рубл миқдорида рекорд даражада зарар кўрган, деб ёзади FT.
Бироқ, «Сибирнинг қудрати 2» бўйича келишувга эришишга ҳали эрта ва қувур қурилса ҳам, «Газпром» Хитойга йилига жами 98 миллиард кубометр газ етказиб бера олади. Таққослаш учун, «Газпром» Европа Иттифоқига газ етказиб беришни секинлаштириб, кейин бутунлай тўхтатишидан олдин, Россия концерни Европа давлатларига йилига 200 миллиард куб метрга яқин газ сотган.
Россия ёнилғисини экспорт қилишнинг муқобил йўллари йўқлиги сабабли, «Газпром» Пекин шартларини қабул қилиши керак, деди Берлиндаги Россия ва Евросиёни ўрганиш Карнеги маркази директори Александр Габуев FT билан суҳбатда. Хитой «яхшироқ шароитлар учун кутиш қобилиятига эга», деди таҳлилчи.
Хитойнинг импорт қилинадиган газга бўлган талаби ортиб бормоқда ва 2030 йилга бориб қарийб 250 миллиард куб метрга етиши мумкин, деб ёзади газета. Бироқ Хитой ўзини шундай ҳажм билан таъминлаш учун етарли миқдорда, жумладан, АҚШ, Ўзбекистон ва Мянма билан шартномаларга эга. Шу билан бирга, Россия Хитойга газни бошқа етказиб берувчиларга қараганда арзонроқ сотмоқда.
Мавзуга оид
21:50 / 17.11.2024
Берлинда Россия мухолифати томонидан уюштирилган урушга қарши марш бўлиб ўтди
14:56 / 17.11.2024
Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
22:22 / 16.11.2024
Хитойда имтиҳондан ўта олмаган талаба оммавий қирғин уюштирди
22:10 / 16.11.2024