Ўзбекистон | 23:29 / 04.06.2024
4074
2 дақиқада ўқилади

Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилди

Бадиий таржима соҳасидаги халқаро мукофот учун танлов 2025 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. 

«Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида»ги президент қарори эълон қилинди. 

Унга кўра, Ёзувчилар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат марказининг бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилди. 

Халқаро мукофот учун танлов 2025 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир марта қуйидаги йўналишларда ўтказилади:

- ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;

- ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;

- ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;

- хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима;

- хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима;

- хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима.

Халқаро мукофот ғолибларининг ҳар бири махсус диплом, кўкрак нишони ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Мавзуга оид