Ўзбекистон | 14:50 / 04.06.2024
8045
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан Россияга юборилган ўрикда қурт аниқлангани юзасидан текширув ўтказилди

Маълум бўлишича, маҳсулот Фарғона вилоятининг Қува туманидаги боғда етиштирилган.

Фото: Shutterstock

Ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясига экспорт қилинган ўрик маҳсулоти қуртлаганлиги сабабли қайтарилгани ҳақида хабарлар эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Росселхознадзор) мутасаддилари билан музокаралар олиб борилди.

Маълум бўлишича, маҳсулот Фарғона вилоятининг Қува туманидаги боғда етиштирилган. 924 килограммлик ўрик 6+ калибрда бўлиб, май ойининг охирги саналарида юкланган. Юк тегишли тартибда Марказий фитосанитария лабораториясида экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса берилган.

Оренбург вилоятида юз берган ҳолат юзасидан агентликка нотификация (эътирознома) жўнатилмаган.

Шу ўринда, Россия Федерациясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ортганини маълум қиламиз. Жорий йилнинг январ-май ойлари давомида қиймати $146 миллиондан ортиқ 223 минг тона қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинган. Шундан 10 минг тоннага яқини ўрик маҳсулоти.

Мавзуга оид