Жаҳон | 14:52 / 04.06.2024
4044
3 дақиқада ўқилади

Rheinmetall Литвада артиллерия снарядларини ишлаб чиқаради

Вилнюс Литванинг «мудофаа ва хавфсизлик соҳасида эҳтиёжларини зудлик билан қондириш йўлида ўта муҳим қадам» қўйилганини эълон қилди. Режаларга кўра, 2025 йил охиридан бошлаб Литва йилига ўн минглаб снарядлар ишлаб чиқаради.

Фото: AFP / Axel Heimken

Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни Литвада артиллерия снарядларини ишлаб чиқарувчи завод қурилишига 180 миллион евро сармоя киритмоқда. 3 июн, душанба куни Литва иқтисодиёт ва инновациялар вазири Аушрине Армонайте Rheinmetall билан 2025 йил охиридан бошлаб йилига ўн минглаб ўқ-дорилар ишлаб чиқарадиган завод қуриш бўйича келишувни имзолади. 

Армонайтенинг сўзларига кўра, бундай келишув тузилиши Литванинг «мудофаа ва хавфсизлик соҳасида эҳтиёжларини зудлик билан қондириш йўлидаги ўта муҳим қадамдир». «Бу бизга Ғарб қуроллари ва ўқ-дориларидан узлуксиз фойдаланишимизга ёрдам беради», деди у. 

Ўз навбатида, Rheinmetall раҳбарияти Литва расмийларига узоқ муддатли ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди. Аввал хабар қилинганидек, Литвадаги Rheinmetall заводи 155 миллиметрли артиллерия снарядларини ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, камида 150 иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда. Қурилишнинг эҳтимолий бошланиш вақти ва жойлашуви ҳақида маълумот ҳали олинмаган. Литва ва Rheinmetall ўртасида келишув апрел ойида имзоланган эди. 

Германия ва Литва ўртасидаги мудофаа ҳамкорлиги 

2022 йил ўрталаридан бошлаб Литвада Rheinmetall томонидан Krauss-Maffei Wegmann (KMW) мудофаа компанияси билан биргаликда очилган ҳарбий техникага техник хизмат кўрсатиш маркази ишламоқда. Унда Германия томонидан Украинага берилган Leopard 2 жанговар танклари таъмирланади. 

Бундан ташқари, Россия Федерациясининг Украинага тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳужуми бошланганидан сўнг, НАТО шарқий қанотида кучайиб бораётган таҳдидларга жавобан Германия Литвада бундесвер тахминан 4800 кишилик зирҳли бригадасини доимий асосда жойлаштиришга қарор қилди. Дастлабки немис ҳарбий хизматчилари, шу жумладан бундесвернинг 10-танк дивизияси аллақачон мамлакатга етиб келган. Бригада 2027 йилгача хизматга кириши кутилмоқда.

45-танк бригадаси деб номланган бўлинма келаси йили тўлиқ шакллантирилиши режалаштирилган. 150 нафар ҳарбий хизматчидан иборат кичик гуруҳ Литвада 2024 йилда хизмат қила бошлайди. Литва Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бригадани жойлаштириш Германияга 800 миллион еврога тушади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид