Жаҳон | 23:31 / 11.06.2024
5877
2 дақиқада ўқилади

«Газпром» газ ишлаб чиқариш ҳажмини тарихда энг минимал даражага туширди

Компания рекорд даражадаги йўқотишларга дучор бўлмоқда ва қудуқларни ёпишга мажбур. 

Фото: РИА Новости

Европа газ бозорини йўқотган Россиянинг «Газпром» компанияси Хитойга газ етказиб бериш бўйича келишувга эриша олмади ва ишлаб чиқариш ҳажмини ўз тарихида энг минимал даражага туширишга мажбур бўлди. Бу ҳақда The Moscow Times газетаси «Газпром» статистика маълумотларига таяниб ёзди. 

2023 йил якунига кўра, «Газпром» тузилмалари томонидан газ қазиб олиш ҳажми 359 миллиард куб метрни ташкил қилди. Бу 2022 йилга нисбатан 13 фоизга ва урушдан олдинги 2021 йилга нисбатан 30 фоизга кам. 

Таъкидланишича, компаниянинг ўтган йилги натижалари СССР Газ саноати вазирлиги «Газпром»га айлантирилганидан бери ўтган 34 йил ичида энг ёмони бўлди. 

Нашрнинг таъкидлашича, «Газпром» Европани йўқотиб, ярим асрдан кўпроқ вақт давомида ишлаган савдо бозоридан ажралди. Европага газ етказиб бериш ҳажми 28 миллиард куб метргача қисқарди, бу 1970-йилларнинг иккинчи ярми даражасига тўғри келади. Энди компания газ конларидаги қудуқларни музлатишга мажбур, деб ёзди нашр. 

Бундан ташқари, 1990-йиллар охиридан бери биринчи марта «Газпром» йилни соф фойдасиз якунлади. Бундан ташқари, компания нафақат йўқотишларни, балки бутун тарихидаги рекорд миқдорда зарар кўрди - 629 миллиард рубл.

Мавзуга оид