Ўзбекистон | 01:06 / 11.06.2024
35369
2 дақиқада ўқилади

Ҳисорак сув омборидан сув сизиб чиққани ҳақида хабар тарқалди. Расмийлар ортиқча хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилишди

Қашқадарё вилоятидаги Ҳисорак сув омборидаги техник тадбирлар вақтида тўғондан сув сизиб чиққан. ФВВ ҳодисада ҳеч ким жароҳатланмагани, сув омборига шикаст етмагани ва вазият тўлиқ назорат остида эканини билдирди.

Фото: Видеодан кадр

10 июн куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган Ҳисорак сув омборидан сув сизиб чиқди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вазият юзасидан расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, тўғоннинг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик-техник тадбирлар вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган.

Авария оқибатини бартараф этиш мақсадида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилган. ФВВнинг қўшимча қилишича, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирлар олиб борилмоқда.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Сув омборига шикаст етмаган.

«Ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Вазият тўлиқ назоратга олинган», дейилади хабарда.

Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов ҳамда Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев Ҳисорак сув омбори олдида туриб, ҳолат бўйича видеомурожаат йўллади.

Унда айтилишича, ҳар йили ёз фасли бошида пахта ва ғаллани суғориш мақсадида Қамаши туманидаги Чимқўрғон сув омборига сув чиқарилади. Жорий йилда ҳам шу тадбир амалга оширилган вақтда сув сатҳи кўтарилиши кузатилган.

Масъуллар аҳолидан ваҳимага тушмасликни, ҳаммаси назорат остида эканлигини, ҳеч қандай жиддий хавф йўқлигини, ёлғон хабарларга ишонмасликни таъкидлашган.

Шунингдек, аҳолидан ўз яшаш жойларини тарк этмаслик, аксинча ҳамма ўз яшаш уйида қолиб, тунни сокин ўтказишлари сўралган.

Мавзуга оид