Ўзбекистон | 10:46 / 11.06.2024
5270
2 дақиқада ўқилади

Қамбарота ГЭС-1 қурилишига тайёргарлик кўриш бўйича келишув имзоланди

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон сув-энергетика ресурсларидан фойдаланишни мувофиқлаштиради.

Фото: Энергетика вазирлиги

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Қамбарота ГЭС-1 қурилишига тайёргарликни бошлашга келишиб олди, деб хабар қилди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги.

Венада бўлиб ўтган Қирғизистон энергетика форумида уч мамлакат энергетика идоралари раҳбарлари келишув имзолади. Жаҳон банки кўмагида 10 июн куни бошланган тадбир республика энергетика соҳасини тақдим этиш ва унга сармоя жалб этиш мақсадида ўтказилмоқда.

Форумда 200 дан ортиқ меҳмонлар бор. Улар орасида - лойиҳада иштирок этаётган уч давлат, Австрия, Франция, Британия, Саудия Арабистони, шунингдек, халқаро молия ташкилотлари вакиллари.

Битим «яшил» энергия соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади. Томонлар гидроэлектр станцияси лойиҳасида сув-энергетика ресурсларидан фойдаланишнинг ўзаро мақбул механизмларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

2023 йил январ ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонда ГЭС қурилишига қўшилди. Қамбарота ГЭС-1 мамлакатнинг энг йирик электр станциясига айланиши ва қўшни давлатларни энергия билан таъминлаши керак.

Қозоғистон ҳукумати апрел ойида гидроэлектр станциясини қуриш бўйича қўшма компания яратишда ҳукуматлараро келишув лойиҳасини тақдим этган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон 33 фоиздан, Қирғизистон 34 фоиз улушга эга бўлади.

Мавзуга оид