Туркманистон «Дарвоза» кратери оловини ўчириш муваффақиятли кечаётганини маълум қилди
Халқ орасида «Жаҳаннам дарвозаси» деб номланган кратерда 53 йил олдин кучли ёнғин бошланган ва уни ҳанузгача ўчириш йўли топилмаган.
Туркманистон «Дарвоза» кратеридаги метан чиқиндиларни камайтириш бўйича катта муваффақиятга эришди. Бу ҳақда «Туркменгаз» давлат концернининг Табиий газ илмий-тадқиқот институти лаборатория раҳбари Ирина Луриева маълум қилди.
Халқ орасида «Жаҳаннам дарвозаси» деб номланган кратерда 53 йил олдин кучли ёнғин бошланган ва уни ҳанузгача ўчириш йўли топилмаган.
Луриева сўзларига кўра, илмий-тадқиқот институтида ишлаб чиқилган ўчириш усули кратерга газ оқимини камайтиришдан иборат.
«Натижада бу усул кратер томон ҳаракатланадиган газ оқимининг камайиб боришига сабаб бўлади. Биз бу газнинг ҳаммасини тортиб оламиз, газ мавжуд захира қудуқларига йўналтирилади», деди у.
У кратерни тўлиқ ўчириш учун қанча вақт кетишига аниқлик киритмади, аммо бу усул аллақачон кратердан чиқаётган метан чиқиндиларини «сезиларли даражада» камайтиришга имкон берганини айтди.
Тадқиқот институти олимлари ёнаётган кратерни ўчиришнинг ягона йўли газ олинадиган кон яқинида қудуқ бурғулаш деган хулосага келган.
Ашхободдан 266 км узоқликда жойлашган Қорақум чўлидаги газ кратери 1971 йилда разведка конининг қулаши оқибатида пайдо бўлган. Кейинчалик, диаметри 60 м ва чуқурлиги 20 м бўлган чуқур халқ орасида «Жаҳаннам дарвозаси» номини олди. Кратер остидаги ғордан чиқадиган ва газ ёниши натижасида пайдо бўлган олов устунлари баландлиги 15 метрга етиши мумкин.
2022 йилда Туркманистон собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукуматдан муаммога ечим топишни талаб қилган эди. Унинг сўзларига кўра, газнинг ёниши атроф-муҳитга ва яқин атрофда яшовчи аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мавзуга оид
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
22:15 / 25.10.2024
БМТ Марказий Осиёни «Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди» деб эълон қилди
18:51 / 12.10.2024
Ашхободдаги кўчага президентни даволаган немис шифокорининг номи берилди
13:35 / 08.10.2024