Жаҳон | 15:05 / 15.06.2024
10039
4 дақиқада ўқилади

Шолц Путиннинг Украина бўйича талабларига муносабат билдирди

G7 саммитида Путиннинг Украинадаги урушни тугатиш ҳақидаги баёнотлари муҳокама қилинмади, деди Германия канцлери. Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси ўзининг «империалистик ҳаракатини» ҳужжатлаштиришни таклиф қилмоқда.

Фото: dts Nachrichtenagentur/picture alliance

Россия президенти Владимир Путин томонидан Украина билан тинчлик музокаралари учун илгари сурилган шартлар жиддий эмас ва Италияда бўлиб ўтган «Еттилик гуруҳи» саммитида муҳокама қилинмади, деди Германия канцлери Олаф Шолц тадбир доирасида. Бу баёнотлар Швейцарияда очилган Украина бўйича тинчлик конференцияси билан боғлиқ, деди у 15 июн, шанба куни Германиянинг ZDF телеканалига берган интервюсида.

ARD телеканалида Шолц Путиннинг талабларини рад этиб, уларни мажбурий тинчлик истаги деб атади. Россия империалистик ҳаракатини ҳужжатларда қайд этишни таклиф қилмоқда, дея маълум қилди у Италия жанубидаги Бари шаҳрида. «Бизга мажбурий эмас, балки ҳудудий яхлитлик ва суверенитетга асосланган ҳалол ва адолатли тинчлик керак», - дея қўшимча қилди Германия канцлери. 

Унинг сўзларига кўра, конференциянинг Швейцарияда очилиши, гарчи у ерда кенг кўламли қарорлар қабул қилинмаса ҳам, шундай тинчликка қўйилган биринчи қадамдир. 

Шолц Россиянинг навбатдаги анжуманда иштирок этишини зарур деб ҳисоблайди 

Шу билан бирга, Шолц Украина бўйича навбатдаги конференцияда қўшни давлатга қарши уруш бошлаган Россия вакиллари иштирок этиши кераклигига ишонч билдирди. Унинг сўзларига кўра, Швейцарияда бўлиб ўтадиган тинчлик саммити кейинги конференцияга асос солиши кутилмоқда. «Ва биз у ерда Россиянинг иштироки ҳақида ҳам гаплашамиз», дея қўшимча қилди у. Шолц сўзларига кўра, Швейцариядаги конференцияда улар «ўсиши керак бўлган дипломатик ниҳолни суғорадилар». 

ARD телеканалига берган интервюсида у Путин билан музокаралар келажакда бўлиб ўтишини истисно этмади. «Бундай суҳбат фақат аниқ бир нарсани муҳокама қилиш керак бўлганда мантиқий бўлади», деди у. 

Бир кун аввал Путин Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда Киев Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган тўртта ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб, НАТОга қўшилишдан бош тортгани, Ғарб эса санкцияларни бекор қилишини эълон қилса, Россия Украинада ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини айтди. Украина президенти Володимир Зеленский бу баёнотларни «ишониб бўлмайдиган ултиматум» деб атади. 

Украина бўйича бешинчи конференция

15 июн куни Швейцариянинг Люцерн кантонида очиладиган тинчлик саммити Россия тинчлик жараёнидаги иштироки учун аниқ йўл харитасини яратишга қаратилган. Икки кун давом этадиган анжуманда 90 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этмоқда. Россия унга таклиф қилинмаган, Хитой иштирок этишдан бош тортган. АҚШ томонидан вице-президент Камала Харрис иштирок этмоқда.

Шу билан бирга, Швейцария ҳукумати Россия вакиллари ҳам бир кун келиб Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш муҳокамасига қўшила олишига умид билдирди. Тинчлик бўйича глобал саммит 2023 йилда Дания, Саудия Арабистони ва Малтада, шунингдек, 2024 йил 14 январда Давосда бўлиб ўтган Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича тўртта конференцияга ўхшаш форматда ўтказилмоқда.

Мавзуга оид