Ўзбекистон | 13:35 / 18.06.2024
3113
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчиси Латвия президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистоннинг Латвиядаги янги элчиси Тимур Раҳмонов кеча Латвия президенти Эдгарс Ринкевичсга ишонч ёрлиқларини топширди.

Фото: "Дунё" АА

"Дунё" хабарига кўра, расмий маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Латвия президенти Рига ва Тошкент ўртасидаги сиёсий мулоқот ҳамда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳолатини юқори баҳолади. У 2023 йил охирига келиб Ўзбекистон Латвиянинг энг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан бирига айланганини таъкидлади.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак баҳоланиб, уларнинг натижалари Европа Иттифоқининг барча давлатлари томонидан мамнуният билан қабул қилинаётгани алоҳида қайд этилди.

Тимур Раҳмонов 13 март куни Латвия пойтахтига Ўзбекистоннинг янги элчиси сифатида етиб келди. У мамлакатнинг Латвиядаги дипломатик миссияси раҳбари (2019–2024) ҳамда Литва (2021–2024), Эстония (2020–2024) ва Финландиядаги (2020-2024) ўриндошлик асосидаги элчиси (қароргоҳи Рига шаҳрида) сифатида аккредитациядан ўтган Қадамбой Султонов ўрнига тайинланган.

Мавзуга оид