Ногирон — ишга яроқсиз деганими?
Тонг отди. Зебо тикув машинаси томон ошиқди. Лекин буни у катта қийинчилик билан эплади. Чунки буюртмани бажариши керак. Афсуски, у машинка олдида узоқ ўтира олмади.
Бир неча йил олдин у ишонч билан келажакка боқар ва режалар тузар эди. Бахтсиз ҳодиса туфайли умуртқа поғонаси шикастланиб, бир умрга ногирон бўлиб қолди.
«Бу кун ҳаётимни «аввал» ва «кейин»га ажратди, — дея ҳикоясини бошлайди пайариқлик Зебо. — Менинг севимли ишим, оилам бор эди. Бир лаҳзада ҳаммасидан айрилдим...»
2022 йилнинг кузи эди. У ўғлини мактабдан олиш учун кетаётган эди, аммо кўзлаган манзилига етиб бора олмади. Келиб урилган машина зарбасидан ҳушини йўқотди.
«Ҳеч қачон кўз олдимдан кетмайдигани — ўзимга келганимда ўғлимнинг қайғули нигоҳи. Бир неча ой юра олмадим. Реабилитация даври тахминан олти ой давом этди. Ногиронлик нафақасини олиш учун ариза бердим, лекин бу пул даволаниш ва оила эҳтиёжларига зўрға етарди», — дея кечмишидан ҳикоя қилади Зебо.
Ҳозир Зебо мустақил ҳаракат қилади, аммо доимий оғриқ фожиали воқеани унутишга имкон бермайди.
— Мана, бир йилдан бери расмий иш топишга ҳаракат қиламан, лекин ҳамма жойда рад жавоби, — дейди Зебо. — Қаерларга мурожаат қилмадим, дейсиз: бандликка кўмаклашиш маркази, «Инсон» ижтимоий ҳимоя марказига, ҳатто яқинда ногиронлар учун иш бўлими пайдо бўлган интернет платформасида рўйхатдан ўтдим. Деярли ҳамма жойда менда йўқ бўлган олий маълумотни талаб этишди. Воқеа содир бўлгунга қадар мен цехда тикувчи бўлиб ишлаганман, аммо ҳозир соғлиғим узоқ вақт давомида дастгоҳда ўтиришга имкон бермаяпти. Мен таслим бўлдим, лекин кучли бўлишим кераклигини тушунаман, чунки онаман ва 10 ёшли ўғлимни катта қилишим керак.
Меҳнат бозорида тўсиқ ва камситишларга дуч келаётган ногиронларнинг минглаб шунга ўхшаш ҳикоялари мавжуд. Одамлар иш топа олмайди ёки ўзларини жамиятга кераксиз ҳис қилишади. Шунга қарамай, ўзида куч топа олган одамларнинг муваффақиятли ҳикоялари ҳам бор.
37 ёшли Ҳилолани кўпчилик билади, у Facebookдаги машҳур «Самарқанд ва самарқандликлар» гуруҳининг администратори. Гуруҳ беш йил аввал ташкил этилган ва ҳозирда 21 мингдан ортиқ фойдаланувчига эга. Ҳилолада туғма сон суяги чиқиши бор. Аммо тақдирига қарама-қарши равишда, ҳаётда энг асосийси ўзига ва кучига ишониш эканини исботлаётган ёш қизни бу қийинчиликлар синдира олмади.
«Менинг ҳам дастлаб иш топишда омадим чопмаган, — дейди Ҳилола. — Албатта, рад этишлар бўлди, лекин мен умидсизликка тушмадим ва доим мақсадим сари интилдим. Фуқаролар учун Facebook саҳифаси, блог ва маълумотларни нашр қилиш — бу ҳобби, холос. Расмий равишда «Инсон» марказининг туман бўлимида ўзимга ўхшаганларни ишга жойлаштириш, ижтимоий ҳимоясини таъминлашда ёрдам бераман».
Қандай қилиб иш топиш мумкин?
Бу саволга жавоб олиш осондек туюлади, лекин аслида ундай эмас. Самарқанд вилоят бандликка кўмаклашиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари кўп йиллар давомида фуқароларни иш билан таъминлашнинг классик усули бўлиб қолган. Ҳар куни у ерга иш излаб юзлаб одамлар келади.
Ҳозир Самарқанд вилоятида ногиронлиги бўлган шахслар учун 1300 дан ортиқ квоталар мавжуд, бироқ улар ҳар доим ҳам ўзларига ёққан иш топа олмаяпти.
Мутахассис билан суҳбатлашётганимизда, офисга ёш йигит ҳамроҳлигида кўзи ожиз қиз кириб келди. У ҳамма уни ишга олишдан бош тортаётганидан шикоят қилди. Қиз Самарқанд давлат университети Амалий психология факултетининг сўнгги босқич талабаси экан. Унинг меҳнат биржасига биринчи марта мурожаат қилиши эмас, лекин ҳар сафар жавоб салбий.
— Мен рад жавобини эшитишдан чарчадим, — шикоят қилади аноним қолган қиз. — Қаерга мурожаат қилмадим, дейсиз. Илгари кўзи ожизлар ишлаши мумкин бўлган корхоналар бўлган, ҳозир эса йўқ. Университетларга кириш учун имтиёзлар бор, лекин иш йўқ. «Инсон» ижтимоий ҳимоя марказида қиздан ҳам кутишни сўрашган.
Ҳозирги кунда vacancy.argos.uz портали орқали иш қидиришнинг замонавий усулига талаб ортиб бормоқда. Бу давлат идораларида бўш иш ўринларини топиш учун ҳукумат веб-сайти. Янги йилдан бошлаб интерактив веб-сайтга ногиронлар учун бўш иш ўринларини қидириш функцияси қўшилди. Тўғри, бутун мамлакат бўйлаб бўш иш ўринлари сони юздан сал кўпроқ, аммо бу рўйхат доимий равишда янгиланади.
Мутахассисларнинг фикрича, бу қоғозбозлик ва ортиқча ёзишмалардан холи, электрон платформа. Ишга қидираётган ҳужжатлар билан ташкилотларга югурмайди. Шунингдек, турли бўлимлардан кераксиз сертификатлар олишнинг ҳожати йўқ. Номзод ҳақидаги барча маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизими орқали унинг аризасида автоматик тарзда акс этади.
Тўсиқ бўлаётган асосий омиллар
Самарқанд вилоятида 105 минг нафардан ортиқ имконияти чекланган инсон бор. Уларнинг 19,1 фоизини 17 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар ташкил этади, 60 мингга яқини 18 ёшдан ошган, 24 фоизи пенсия ёшидагилардир. 38 мингдан ортиқ ногиронлиги бор инсон меҳнатга лаёқатли деб топилган.
Ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Дилмурод Пардаевнинг айтишича, ногиронларни ишга жойлаштиришга тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири — тиббий меҳнат эксперт комиссиялари (ВТЭК) томонидан берилган ногиронлик гувоҳномасига дискриминатив тарзда ёзиб қўйилишидир: «меҳнатга яроқсиз», «ногирон» ёки «махсус яратилган шароитларда ишлашга яроқли».
Бундай ёзувлар БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 27-моддасига зид бўлиб, давлатлар ногиронларнинг бошқалар билан тенг меҳнат қилиш ҳуқуқларини тан олишга мажбур қилади. Аксарият ногиронлар, агар улар учун қулай меҳнат шароитлари яратилса, ишга жойлаштирилиши мумкин. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш ва тизимли мониторингини олиб бориш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни алоҳида ҳисобга олишни амалга ошириш зарур.
Умид борми?
Йил бошидан мамлакатимиз бўйлаб «Инсон» ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари иш бошлади. Самарқанд ҳам бундан мустасно эмас. Шаҳар Ижтимоий хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилганидан буён ишчилар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар тоифалари аниқланиб, манзилли рўйхат шакллантирилди. Марказнинг асосий вазифаси - муҳтожларга ёрдам бериш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тенг имкониятлар яратишдан иборат.
Айни пайтда вилоятда 37 минг 816 нафар меҳнатга лаёқатли ногиронлар истиқомат қилади, 6 минг 689 нафарини ишга жойлаштириш режалаштирилган бўлса, амалда бу кўрсаткич 41 фоизга бажарилган.
Марказ директори ўринбосари Бахтиёр Исмоилов биз билан суҳбатда марказда кексалар, имконияти чекланган шахслар ва вояга етмаганларга турли ижтимоий хизматлар кўрсатилаётганини таъкидлади. Марказ очилганидан буён ривожланишида нуқсони бўлган 1437 нафар фуқарога касб-ҳунар ўрганишга йўлланма берилди. Имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастлабки қадамлар қўйилмоқда, улар қанчалик самарали бўлишини вақт кўрсатади.
Мутахассисларнинг фикрича, иш берувчилар номзодларни танлашда холис бўлса, солиқ имтиёзлари ва преференциялардан унумли фойдаланса, бандлик муаммосини ҳал этиш мумкин. Иш билан таъминланган ногиронлар учун қулай жисмоний муҳит яратиш учун субсидиялар ажратилиши, шунингдек, 12 ой давомида 3 фоизли квотадан ортиқ ишга қабул қилинган ногиронларга иш ҳақи учун субсидиялар ажратилиши ҳақида ҳамма иш берувчилар хабардор эмас.
— Ногиронларни иш билан таъминлашда максимал натижага эришиш учун ногиронларни замонавий касблар, масалан, IT-технологияларга ўргатиш зарур, — дейди ногиронлар жамияти раиси Дилмурод Пардаев. — Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга оид қонун ҳужжатларига эътибор қаратиш лозим. Бизда қонун бор, лекин унинг бажарилиши устидан назорат йўқ. Шунингдек, ногиронларнинг уй-иш, ва аксинча йўналиш бўйича ҳаракатланиши учун тўсиқсиз муҳит яратиш зарур. Ишчилар учун қулай шароит яратиш, масалан, пандуслар ташкил қилиш керак. Бу, албатта, инклюзив бандликка оид турли муаммоларни бартараф этишга таъсир қилади.
Замира БАЛТАЕВА, журналист.
Фотолар муаллифники.
Мавзуга оид
12:19
Тошкентда ногиронлиги бўлганлар учун “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди
23:05 / 27.07.2024
Техника мўъжизаси: Тарихда илк марта юра олмайдиган одам Олимпия машъаласи эстафетасида қатнашди
13:31 / 19.07.2024
Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратилади
17:47 / 10.07.2024