Ўзбекистон | 21:24 / 21.06.2024
6757
6 дақиқада ўқилади

21 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Якунланган кун Ўзбекистонда қатор воқеалар билан ёдда қолмоқда. Қуйида уларнинг асосийларини келтириб ўтамиз.

Тайинловлар куни 

Бугун, 21 июн куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон бош прокурори лавозимига номзод кўриб чиқилди ва сенаторлар 2019 йилдан бери шу лавозимда ишлаб келаётган Ниғматилла Йўлдошев номзодини маъқуллашди. У яна кейинги беш йил мобайнида бош прокурор бўлади

Ялпи мажлисда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Сенаторлар Халилилло Собиржонович Тўрахўжаевни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси лавозимига сайлади. У 2021 йилнинг январидан Олий суд раисининг ўринбосари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси сифатида ишлаб келаётганди. 

Бугун шунингдек бош вазир Абдулла Арипов янги лавозимларга тайинланган ва тасдиқланган номзодларни ҳукумат аъзоларига таништирди

Унга кўра, Абдуваққос Воҳидович Рафиқов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси; Азим Исроилович Аҳмадхўжаев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори;

Олимжон Муҳаммаджонович Умаров Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари; Жамшид Юнусович Турсунов Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси раиси лавозимига тайинланган. 

«Ўзсувтаъминот»да ҳам янги раҳбар пайдо бўлди. Аҳмад Сувонқулов «Ўзсувтаъминот» бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. У бунгача Сурхондарё вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси директори бўлиб ишлаб келаётганди. 

Маълумот учун, «Ўзсувтаъминот» раҳбарлиги 2023 йил июл ойида Дилшод Азимовга топширилганди. У 2024 йил май ойида лавозимидан озод этилганди. 

ИИБ биносида яна бир ўлим 

ИИБ биносига олиб кетилган шахс ўлими билан боғлиқ навбатдаги ҳолат рўй берди. 19 июн куни Тошкент вилояти Бекобод туманида суд залида жанжал кўтарган фуқаро ИИБ биносига олиб борилганидан сўнг ҳушидан кетган. Вилоят ички ишлар бош бошқармаси хабарига кўра, у шифохонага етказилганда вафот этгани маълум бўлган. 

43 ва 46 ёшли ака-укалар қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланаётган 33 ёшли укасининг суд мажлисига борган. Улар укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, залда жанжал кўтарган ва жамоат тартибини бузган. 

Бошқарма хабарига кўра, шу вақтда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган. 

Чақирувга асосан ИИБнинг 3 нафар профилактика инспектори етиб келган ва жанжал бартараф қилинган. Ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган. 

ИИБ биносига кириш йўлагида 43 ёшли эркакнинг соғлиғи ёмонлашиб, у ҳушини йўқотган. Ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борган. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида у вафот этгани аниқланган, дейилади хабарда. 

Ўлим сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланланган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳозирда воқеа содир бўлган жойларда мавжуд бўлган барча видеоёзувлар олинганини, гувоҳлар ҳамда воқеа иштирокчиларнинг кўрсатмалари текширилаётганини маълум қилган. 

«Ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳолатда одам вафот этиши, юзага келган вазиятдан қатъи назар, фавқулодда ҳолат сифатида кўрилади ва воқеанинг барча иштирокчиларини, шу жумладан, ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланади», — дея изоҳ берди вазирлик вакили. 

Боғчалардаги зўравонлик 

Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари бўйлаб мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларга тарбиячилар томонидан куч ишлатилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб кетди. Шундай ҳолатлардан бири 20 июн куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида рўй берган

Тармоқларда тарқалган видеода 16-сонли боғчада тарбиячи болаларни ҳақоратлаб, ургани акс этган. Кадрларда тарбиячи оёқ кийим билан болаларнинг қўлига, оёғига ва юзига бир неча марта ургани, тарсаки туширгани ҳамда қулоғидан чўзганини кўриш мумкин. 

Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг ҳолат юзасидан берган изоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат ўрганилгани ва тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у ишдан бўшатилгани маълум қилинган. Хизмат текширув ишлари давом эттирилмоқда. 

Бунгача Тошкент шаҳрида боланинг қўлини кўкартирган, Андижонда шеригини урган болани калтаклаган ва Хоразмда тарбияланувчиларга тарсаки туширган тарбиячилар ишдан олингани ҳақида хабар берилганди. 

Тошкентда яна ёнғин 

Жазирама кунларда ҳадеганда қаердадир ёнғин чиқмоқда. Гоҳ йўлларда автомобиллар ёниб кетади, гоҳ бозор олов ичида қолади. 21 июн куни эса Тошкент шаҳридаги ресторанлардан бирида ёнғин содир бўлди. 

Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар беришича, Учтепа тумани Катта Қани кўчасида жойлашган ресторанларнинг бирида ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. 

4 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига етиб борган ва оловни ўчирган. 

Ёнғин натижасида ресторан ҳудудининг газ тақсимлаш хонасида бўлган газ тақсимлаш ускунаси ва тахта бўлаклари ёнгани аниқланган. 

Жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. 

Шу ўринда барча юртдошларимиздан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишни сўраб қоламиз.

Мавзуга оид