Жаҳон | 11:22 / 21.06.2024
4563
4 дақиқада ўқилади

Россия ва Ветнам мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

Мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик Россия-Ветнам муносабатлари тизимида алоҳида ўрин тутади, дейилади икки давлат қўшма баёнотида.

Фото: Minh Hoang/AP Photo/picture alliance

Ветнам ва Россия мудофаа ва хавфсизлик каби қатор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путиннинг Ханойга ташрифи якунлари бўйича икки давлат қўшма баёнотида айтилади. Ушбу ҳужжатнинг асосий тезислари 20 июн, пайшанба куни эълон қилинди.

«Мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик Россия-Ветнам муносабатлари тизимида алоҳида ўрин тутади» ва учинчи давлатларга қарши қаратилмаган, дея таъкидлади томонлар. Бундай ҳамкорликнинг мақсади «Осиё-Тинч океани минтақасида ва бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ва ривожланишни таъминлашга» ҳисса қўшишдир», дейилади ҳужжатда.

Бошқа нарсалар қаторида, Россия ва Ветнам «анъанавий ва янги хавфсизлик муаммоларига, жумладан терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилади». Россия ва Ветнам биргаликда қарши чиқмоқчи бўлган «анъанавий ва янги хавфсизлик муаммолари» қаторида «ҳудудий низолар» ва «ташқаридан давлат тўнтаришларини қўзғатиш» тилга олинган.

Томонлар, шунингдек, Ветнамдаги Ядро фанлари ва технологиялари маркази лойиҳасини амалга оширишни тезлаштиришга келишиб олдилар.

Владимир Путиннинг Ветнамга ташрифи

20 июн куни Владимир Путин Ханойда Ветнам президенти То Лам билан учрашди. Кейинроқ икки томонлама музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар алмашинуви бўлиб ўтди, Ветнам бош вазири Фам Мин Тин билан нонушта ва Ветнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиби Нгуен Фу Чонг билан суҳбат форматида музокаралар ўтказилди. Бу Путиннинг Ветнамга бешинчи сафари, у аввалроқ 2001, 2006, 2013 ва 2017 йилларда ушбу Осиё давлатига ташриф буюрган.

AFP агентлигининг қайд этишича, Совет Иттифоқи давридан бери Ветнам Москванинг иттифоқчиси бўлиб келган. Хусусан, Ветнам Коммунистик партиясининг нашри ҳисобланган Nhan Dan газетаси учун мақоласида Путин Ханойга «Украина инқирозидаги мувозанатли позицияси» учун миннатдорчилик билдирди, дея таъкидлайди агентлик. 

AFP маълумотларига кўра, 2022 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,5 миллиард долларни (3,2 миллиард евродан ортиқ) ташкил қилган. Бу Ветнамнинг Хитой (175 миллиард доллар) ва АҚШ (123 миллиард доллар) билан савдо ҳажмидан сезиларли даражада камдир. 

Шу билан бирга, Москва ўнлаб йиллар давомида Ветнамнинг энг муҳим қурол етказиб берувчиси бўлиб, 1995 йилдан 2023 йилгача импортнинг 80 фоиздан ортиғи унинг ҳиссасига тўғри келган, дея таъкидлайди AFP. Бироқ, Украинада уруш бошланиб, Россияга қарши санкциялар кучайтирилгач, бу савдолар ҳажми камайди. 

Путиннинг Шимолий Кореяга ташрифи 

Ветнамга сафар қилишдан олдин Владимир Путин Шимолий Кореяга ташриф буюрди ва у ерда катта тантана билан кутиб олинди. 19 июн куни Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Бошқа нарсалар қаторида, ҳужжат иштирокчилардан бирига тажовуз содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади. 

Ушбу шартнома имзоланиши муносабати билан Ким Чен Ин икки томонлама муносабатларда «янги давр» бошланганини олқишлади ва Россия сиёсатини, жумладан, Россиянинг Украинага қарши урушини қатъий қўллаб-қувватлади. 

Мавзуга оид