Ўзбекистон | 12:32 / 22.06.2024
4226
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик кимёгарлар илк бор илмий кашфиёти билан АҚШдаги конгрессда иштирок этди

16-20 июн кунлари АҚШда ТМS Speciality 2024 жаҳон конгресси бўлиб ўтди. Унда 4 нафар ўзбекистонлик олим илмий ишлари билан иштирок этди.

АҚШнинг Огаё штатида ТМS Speciality 2024 жаҳон конгресси ўтказилди. Унда Элёржон Жумаев, Орифжон Михлиев, Дилшодбек Усмонов ва Сарвар Розихўжаев ўз илмий ишлари билан қатнашди. Халқаро конгрессдаги иштирок ҳақида кимёгар Элёржон Жумаев Kun.uz’га гапириб берди.

Унинг айтишича, “Ёрдамчи элементларни Ni асосли суперқотишмаларнинг механик хусусиятлари ва микроструктуравий ўзгаришига таъсири” мавзусидаги илмий кашфиёт устида ишлар 2019 йилдан бошланган. Асосий мақсад ҳозир кенг қўлланаётган юқори ҳароратга бардош берадиган ва мустаҳкам Ni асосли Hastalloy, Inconel ва шу турдаги материалларнинг ўрнини боса оладиган материалларни кашф қилиш бўлган.

Номлари саналган суперқотишмалар таннархи юқорилиги билан бирга улар кимёвий таркибидаги элементлар камёб. Шу сабаб уларни одатий ҳолда ишлаб чиқариш муаммоли. Бизнинг материалларимиз Ni асосли Hastalloy, Inconel ўрнини боса олади. Яхши томони уларнинг таннархи паст ва лаборатория шароитида синовдан ўтказилган материални ишлаб чиқариш билан интеграция қилинган ”, – деб тушунтирди олим.

Олимнинг қўшимча қилишича, ҳозирги кунда интеграция жараёни кимёвий ва физик хусусиятлари тез ўзгариши ҳисобига жуда қийин ҳисобланади ва шунинг ҳисобига лаборатория синовларидан ўтган материаллар ишлаб чиқаришга жорий қилинмасдан қолиб кетмоқда.

Биз бу ишда қандай қилиб бизнинг янги материалларимиз лабораториядан ярим саноат кейин эса ишлаб чиқаришга жорий қилинганини изоҳлаб бердик”, – деди у.

Жумаевга кўра, халқаро конгресс АҚШ Металл, Минераллар ва Материаллар Ташкилоти томонидан ўтказилган. Унда эрокосмик, машинасозлик ва илғор материаллар бўйича дунёнинг кўзга кўринган ташкилотлари, корхоналар –NASA, GYe Aviation, Massachusetts технологиялар университети, Stanford университети ва Oak Ridge миллий лабораторияси каби ташкилотларидан жами 300 дан ортиқ олим иштирок этган.

Маълумот учун, Элёржон Жумаев, техника фанлари доктори бўлиб, Hyundai Моторс, Samsung, NASA ва Oak Ridge миллий лабораториялари лойиҳаларида фаолият юритган. У 350 дан ортиқ янги турдаги материалларни кашф қилган.

Элёржон Жумаев билан Kun.uz ўтказган интервюни бу ерда ўқишингиз мумкин.

Мавзуга оид