Жаҳон | 21:11 / 22.06.2024
7234
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик журналистга суиқасд уюштиришда гумонланувчи полицияга таслим бўлди

Айдос Содиқовга суиқасд уюштиришда гумон қилинган Олтой Жаканбоев Қозоғистон полициясига таслим бўлди.

Айдос Содиқовнинг ойнаси синган машинаси Фото: Украина миллий полицияси

Украина пойтахти Киевда қозоғистонлик журналист Айдос Содиқовга суиқасд уюштиришда гумон қилинган икки шахсдан бири Олтой Жаканбоев Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларига таслим бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси хабар берди.

Хабарда аниқлик киритилишича, бу 21 июн куни содир бўлган. Жаканбоев иш ҳолати бўйича сўроқ қилинган, бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Бир кун аввал Украина ҳукумати Қозоғистоннинг икки фуқароси – Олтой Жаканбоев ва Мейрам Қоратоевни суиқасд иши бўйича халқаро қидирувга берган эди.

Тергов маълумотларига кўра, Жаканбоев ва Қоратоев 2 июн куни Полшадан Украинага келган, шундан сўнг улар Содиқовни кузатиш мақсадида уй ижарага олган ва машина сотиб олган. Суиқасд 18 июн куни содир бўлган. Қоратоев журналистнинг машинасига яқинлашиб, унинг бошига товуш сўндиргичга эга тўппонча ўқ узган. Шундан сўнг, Жаканбоев ва Қоратоев жиноят жойидан қочиб, Молдовага жўнаб кетган. Содиқов суиқасддан омон қолган, бироқ унинг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Айдос Содиқовнинг рафиқаси Наталия ижтимоий тармоқларда гумонланувчилардан бири полициячи эканини ёзди. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги бунга жавобан Қоратоев ички ишлар органларидан 2019 йил январида бўшатилганини маълум қилди.

Айдос Содиқов ва Наталя бир миллиондан ортиқ обуначиларга эга бўлган «Басе» YouTube каналининг муаллифлари. Ўз видеоларида улар Қозоғистон ҳукуматини танқид қилади, шунингдек, коррупция ва полиция зўравонлиги ҳақида гапиради. 2014 йилдан бери Содиқовлар Киевда истиқомат қилади. 2023 йилда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Содиқовларни нафрат уйғотганликда айблаб, қидирувга берган эди.

Мавзуга оид