Ўзбекистон | 18:26 / 22.06.2024
3195
2 дақиқада ўқилади

Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ташкил этилади

Кибержиноятларни тергов қилиш жараёнларига замонавий технологиялар жорий этилади.

Фото: Getty images

Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларни аниқлаш ва тергов қилиш услубларини такомиллаштиришга қаратилган рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш мақсадида «Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси негизида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш назарда тутилган. Институт рақамли криминалистика соҳасида инновацион тадқиқот ва ишланмалар марказига айланишни мақсад қилган. 

Қарорнинг асосий жиҳатлари: 

1. Институтга рақамли криминалистика соҳасида суд-тиббий экспертиза ва тадқиқотлар ўтказиш ваколати берилади; 

2. Кибержиноятларни тергов қилиш жараёнларига замонавий технологиялар жорий этилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти самарадорлигини оширишда “катта ҳажмли маълумотлар” (Big Data) таҳлили, сунъий интеллект ва бошқа илғор технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади; 

3. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноятларнинг рақамли изларини аниқлаш, олиб қўйиш, сақлаш ва тадқиқ этишда амалий ёрдам кўрсатилади; 

4. Рақамли криминалистика бўйича суд экспертизаларини ўтказиш усуллари ишлаб чиқилади ва такомиллаштирилади; 

5. Крипто-активлар ва блокчейн технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш усуллари ишлаб чиқилади; 

6. Рақамли криминалистика соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрланади; 

7. Кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида халқаро илмий-техникавий ҳамкорлик кенгайтирилади. 

Қарорда «Рақамли далилларнинг ягона реестри» – идоралараро автоматлаштирилган тизимни яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Реестр рақамли далилларни, жумладан, фотосуратлар, видео ва аудио ёзувлар, электрон ҳамёнлар ҳақидаги маълумотлар, крипто-активлар манзиллари, IP-манзиллар ва жиноятларнинг бошқа рақамли изларини тўплаш, қайд этиш, сақлаш ва таҳлил қилиш учун мўлжалланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид