Жаҳон | 19:01 / 22.06.2024
11098
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қайта уланди

Тизим Марказий Осиё давлатлари ўртасида энергетика бўйича ҳамкорлик қилиш имконини беради.

Фото: Asia-Plus

Тожикистон «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси»ни тасдиқлади. Экспертлар бу Тожикистоннинг Марказий Осиёнинг ягона энергетика ҳалқасига қайтишини англатади, деб хулоса қилмоқда.

Тожикистон узоқ вақтдан бери ягона энергетика тизимига қайтишга тайёргарлик кўраётган эди. Минтақанинг ягона тизимига қайтиш учун Осиё тараққиёт банки 2018 йил охирида Тожикистонга 35 миллион доллар миқдорида грант ажратди. Бу ишлар томонлар ўртасидаги келишувга кўра, 2022 йилда якунланиши керак эди.

Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизими Совет Иттифоқи даврида (1960 йилда), минтақадаги барча мамлакатлар бир давлат таркибида бўлган пайтда ташкил қилинган. Тизим Тошкентдаги Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилиб, суғориш даврида электр энергиясига бўлган талаб ва сувга бўлган эҳтиёжнинг мавсумий тебранишларини мувозанатлаш имконини берган.

Тожикистон ва Қирғизистон совуқ мавсумда ўз ҳавзаларида сув сақлаган ва Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистондан электр ва энергия ресурсларини (кўмир ва табиий газ) олган. Ёз келгач Тожикистон ва Қирғизистон қишда тўпланган сувни қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун бу мамлакатларга берган. Шунингдек, ёзда Тожикистон ва Қирғизистон қўшни давлатларга ортиқча ҳажмда ишлаб чиқарилган электр энергиясини етказган.

СССР парчаланганидан кейин тизим бир неча йил ишлади, кейинчалик давлатлар бирин-кетин ҳалқани тарк эта бошлади. Аммо, амалда маълум бўлдики, ягона энергия ҳалқасини тарк этиш ҳар бир Марказий Осиё республикаси учун фойдасиз бўлиб чиқди, бу эса минтақада доимий равишда ўсиб бораётган электр энергияси истеъмоли ва эскирган энергетика инфратузилмаси билан боғлиқ эди. Шу боис 2014 йилда Марказий Осиё давлатлари энергия ҳалқасини тиклаш ишларини бошлаб юборди.

2019 йилда энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ва ягона электр энергияси бозорини яратиш соҳасида минтақавий ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация имзоланди. 2021 йил охирида Тожикистон томонидан ягона энергетика тизимига қайтиш қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид