Ўзбекистон | 07:30 / 22.06.2024
16842
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бир киши дори сотиб олишга ўртача қанча пул сарфлаётгани айтилди

Ўзбекистонда биринчи марта солиқ органлари фискал чеклар бўйича дори воситалари савдоси ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.

Фото: uzpharmagency.uz

Республика бўйича 8 002 та дорихона рўйхатга олинган бўлиб, уларда 15 609 та онлайн-НКТ мавжуд.

Харид қилинган дори воситалари учун истеъмолчиларга берилган фискал чекларда кўрсатилган МХИК асосида аҳолининг тиббий препаратлар учун қанча маблағ сарфлаётгани тўғрисида маълумотлар шаклланади.

Жорий йилнинг 5 ойида дори воситалари учун энг катта харажатлар Тошкент шаҳри (2,1 трлн сўм), Самарқанд (986,9 млрд сўм) ва Тошкент вилоятларида (663,4 млрд сўм) қайд этилган.

Пойтахт кўрсаткичлари йирик тиббиёт муассасаларининг айнан ушбу ҳудудда жойлашганлиги ҳисобига шаклланган.

Республика ҳудудлари кесимида энг кам харажатлар Жиззах (201,3 млрд сўм), Навоий (191,6 млрд сўм) ва Сирдарё (170 млрд сўм) вилоятларига тўғри келган.

Юқоридаги рақамлар ва ҳар бир ҳудудда рўйхатга олинган аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда йил бошидан ўртача бир киши дори воситаларига:

  • Тошкент шаҳрида – 750 минг сўм;
  • Бухоро вилоятида – 277 минг сўм;
  • Самарқанд вилоятида – 245,1 минг сўм сарфлаган.

Январ-май ойларида аҳоли жон бошига нисбатан камроқ харажатлар қуйидаги ҳудудларда қайд этилган:

  • Қашқадарё вилоятида – 120 минг сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикасида – 118 минг сўм;
  • Сурхондарё вилоятида – 114 минг сўм.

Бундай маълумотлар солиқ органларининг маълумотлар базасида нафақат вилоятлар, балки ҳар бир туман ва маҳалла кесимида шаклланади.

Фискал чеклар маълумотлари таҳлилига кўра, энг кўп маблағ қуйидаги касалликларни даволаш учун мўлжалланган дори воситаларига сарфланган:

1. юрак-қон томир касалликлари;
2. инфекцион касалликлар;
3. оғриқ қолдирувчи восита;
4. асаб тизими касалликлари;
5. ошқозон-ичак касалликлари;
6. нафас олиш йўллари касалликлари;
7. таянч-ҳаракат тизими;
8. томоқ-бурун касалликлари;
9. жигар касалликлари.

Дори воситалари мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим. Дори воситалари маркировкасининг ҳақиқийлигини солиқ мобил иловаси орқали текшириш мумкин.

Мавзуга оид