Жаҳон | 23:31 / 23.06.2024
43591
5 дақиқада ўқилади

Доғистонда қуролли ҳужум. Асосий маълумотлар

Бир вақтнинг ўзида Доғистоннинг икки шаҳрида - Дербент ва Маҳачқалъада қуролланган жангарилар православлар ибодатхонасига ҳамда синагогга ҳужум қилди. Полициячилар ҳалок бўлган ва яраланган.

Фото: Видеодан кадр

23 июн куни кечқурун Дербентда Ленин кўчасида жойлашган Биби Марям православ черковига ҳужум амалга оширилди. Бу ҳақда биринчилардан бўлиб хабар берган Baza телеграм-канали гувоҳларга асосланиб ёзишича, ибодатхона ҳудудида ўқ овозлари эшитилган ва тутун кўтарилган, Дербент полицияси бутун таркибда тревога бўйича чақирилган.

РФ Ички ишлар вазирлигининг Доғистон бўйича бошқармаси тахминан соат 18:00 да Дербентда автоматик қуроллар билан православ ибодатхонада, шунингдек маҳаллий синагог биноси ҳудудида ўт очилгани ҳақида хабар берган. Жиноятчилар оқ рангли, Volkswagen Polo русумли автомобилга миниб, воқеа жойидан яширинган. Телеграм-каналларда полициячилар автомобили ўққа тутилгани, шунингдек синагог биноси олов ичида қолгани акс этган видеолар тарқалди.

Дербентдаги ҳужум билан деярли бир вақтда Доғистон пойтахти Маҳачқалъа шаҳрининг Ермошкин кўчасида жойлашган синагогда ҳам ёнғин бошлангани маълум бўлди. Воқеа жойида олинган видеода синагогнинг учинчи қавати деразасидан атрофга тутун тарқалаётгани акс этган.

Доғистон ИИВ ҳам жангарилар Дербент билан параллел равишда регион пойтахтига ҳужум уюштирганини тасдиқлади: «Маҳачқалъада номаълум шахслар Ермошкин кўчасида йўл-патрул хизмати постини ўққа тутди». Маҳачқалада ҳам, худди Дербентда бўлгани каби, «Перехват» режаси эълон қилинган. Маҳачқалада олинган видеолардан бирида қора кийимдаги жангарилар атрофдан ўтаётган полиция автомобилини автоматдан ўққа тутаётганини кўриш мумкин.

Республика муфтийси берган маълумотга кўра, ҳужум қилганлар билан отишмалар вақтида 9 киши ҳалок бўлган, шундан 7 нафари полициячилар. Камида 25 киши яраланган. Baza эса Дербентда «синагог хизматчилари» ҳалок бўлганини хабар қилган.

Доғистон Жамоатчилик назорати комиссияси раиси Шамил Хадулаев ўз телеграм-каналида унга келиб тушган маълумотга кўра, «Дербентдаги черковда Николай отани (гап протоиерей Николай Котелников ҳақида бормоқда) бўғизлаб ўлдиришгани» ҳақида ёзган: «У 66 ёшда эди, хаста эди. Маҳачқалъа-1 черкови қўриқчиси, фақат газли тўппонча билан қуролланган Михаил отиб ташланган». Руҳонийнинг ўлими тўғрисидаги маълумотни Миллий аксилтеррор қўмитада ҳам тасдиқлашган. ИИВ маълумотига кўра, жангариларнинг ҳаракатлари туфайли камида 16 киши жабрланган.

Қўмитадагилар Доғистонда «фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, террорчилик жиноятларига барҳам бериш ҳамда қуролли ҳужумга алоқадор шахсларни ушлаш мақсадида» аксилтеррорчилик амалиётлари режими (КТО) жорий этилгани ҳақида маълум қилган.

Mash телеграм-канали Маҳачқалъадаги православ ибодатхонасида 40 га яқин киши гаровда ушлаб турилгани ҳақида хабар тарқатган. Доғистон ИИВ буни рад этган. «Ҳеч қандай гаровдагилар йўқ! 19 киши бино ичкарисида, ўз хавфсизлиги учун қамалиб қолган. Улар аллақачон хавфсизликда, мазкур ҳудуд тозаланган!», дейилади республика ИИВ хабарида.

Доғистон раҳбари Сергей Меликов «кечқурун Дербент ва Маҳачқалъада номаълум шахслар жамиятдаги вазиятни беқарорлаштиришга урингани» ҳақида айтган. «Доғистон полицияси ходимлари уларнинг қаршисига чиқишди. Дастлабки маълумотларга кўра, улар орасида жабрланганлар бор. Барча хизматлар инструкцияга мувофиқ ҳаракатланмоқда. „Перехват“ режаси эълон қилинган. Ҳужум қилганларнинг шахсига аниқлик киритилмоқда», — дея хабар қилган регион раҳбари.

РФ тергов қўмитаси «Террорчилик акти» (РФ жиноят кодекси 205-моддаси) моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. «Ҳодисанинг барча тафсилотлари ва терактларга алоқадор шахслар аниқланмоқда, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Воқеа жойида терговчилар ҳамда терговчи-криминалистлар ишламоқда», — дейилади идора хабарида.

Доғистон ИИВ Маҳачқалъада қуролланган шахслар полициячиларга ўт очаётгани акс этган видеони эълон қилган. Кўп ўтмай бу шахсларнинг иккиси ҳам отишмада ўлдирилгани акс этган бошқа бир видео пайдо бўлди.

Доғистон ИИВнинг сўнгги маълумотларига кўра, Маҳачқалъада тўрт нафар террорчи йўқ қилинган. 

Шунингдек, телеграм-каналларда Маҳачқалъадаги «Берёзка» пляжида икки нафар террорчи қўлга олингани ҳақида ролик тарқалган.

 

Мавзуга оид