Ўзбекистон | 18:00 / 25.06.2024
13213
6 дақиқада ўқилади

Диск чурраси: оммалашаётган касалликни 1 кунда қандай енгиш мумкин?

Бугун ён-атрофимизда умуртқа диск чурраси (грижа) туфайли азият чекаётганлар кўпайганига аҳамият бермаслик имконсиз. Бу хасталик ҳатто тана аъзоларининг ишламай қолишига сабаб бўлиши мумкин. Nano Medical Clinic тиббиёт маркази нейрожарроҳлари Kun.uz билан суҳбатда касалликнинг келиб чиқиши ва ундан қутулишнинг замонавий йўллари ҳақида ўз тавсияларини беришди.

Диск чурраси қандай пайдо бўлади?

Умуртқа поғонаси ораларида юмшоқ, амортизатор вазифасини бажарувчи диск бўлади, у югурганда, сакраганда иккита умуртқа суяги бир-бирига тегиб емирилмаслигининг олдини олади. Айнан шу дискнинг бўртиб чиқиши диск чурраси дейилади. Диск чурраси бўйинда, белда бўлиши мумкин. Бел соҳасидаги чурра белдан пастки тана аъзоларида белги беради.

Агар бўйин соҳасида жойлашган бўлса, бўйиндан пастки тана аъзоларида белги беради: қўлларда оғриқ пайдо бўлади, ҳаракат чекланиши, қувват камайиб кетиши мумкин. Белдаги чурра эса белдаги оғриқ билан, кейинги даражаларга ўтганда оёқдаги оғриқлар билан намоён бўлади.

Чуррага вақтида чора кўрилмаса, тана аъзоларининг ишламай қолишига олиб келадими?

 

Фурқатбек Турсунов, нейрожарроҳ:

Бўйиндаги диск чурраси фақат оғриқ билан безовта қилса, беморларга ҳозирда ҳаракат сақланиб тургани, лекин операция қилиш кераклигини, шунда оғриқлар кетиб, ҳаракат ҳам сақланиб қолишини айтамиз. Баъзи ҳолатларда беморлар келади, қўл ҳаракати чекланиб бўлган, яъни ишламай қолган бўлади.

Бу ҳолатда ҳам операция қилиш шарт – орқа мияда нерв ўтказувчанлигини тиклаш учун. Агар бунда вақтида чора кўрилмаса, тана аъзоларида ҳаракатнинг чекланишига олиб келиши мумкин.

Операциялар маҳаллий оғриқсизлантириш ёки фақат белдан пастки қисмни оғриқсизлантириш (спирал анестезия) орқали қилинади. Биз жамоамиз билан келишган ҳолда эндотрахиал наркоз (ухлатиб қўйиш) бериш усулидан фойдаланамиз. Бу усул беморга операциядан кейин тезроқ ўзига келиб, тезроқ активлаштириш имконини беради. Энг хавфсиз наркоз деб шу усулни танлаганмиз.

Одатда операция тавсия қилинмайдиган беморлар, масалан юрак касалликлари бўлган ёки ёши катта инсонлар ҳисобланади. Чунки улар наркозни кўтара олмасликлари мумкин. Лекин диск чурраси сабабли операцияга қарши кўрсатма йўқ. Бошқа ёндош касалликлар ҳисобидан айрим қарши кўрсатмалар бўлиши мумкин.

Шу пайтгача очиқ усулда операция қилиш амалиёти қўлланган бўлса, эндиликда эндоскопик усулда операция қилиш амалиёти кириб келди. Ҳар иккала усул ҳам бемордаги чуррани олиб ташлашга қаратилган. Фақат операция жараёнида олинадиган жароҳатда фарқ бўлади. Очиқ услубдаги операцияда тери кесилади, мускуллар кесилади, суякнинг бир қисми олиб ташланиб, кейин диск чурраси олинади. Эндоскопик услубнинг ҳам икки хил йўли бор: умуртқанинг нерв толаси чиқувчи тешиклари ва умуртқанинг орқа тарафидаги тешикча орқали қилинади.

Айни пайтда биз амалга ошираётган операция – терини нерв чиқиш тешикчаси орқали терига тахминан 1 см бўлган тешикча орқали кириб чуррани оламиз. Бу усул ҳозирча Тошкентда фақат бизнинг клиникада Nano Medical Clinic'да амалга ошириляпти.

Агар сизда диск чурраси аниқланса…

 

Дилшод Аҳмеджонов, нейрожарроҳ:

Агар одамда чурра пайдо бўлиб, оғриқ бошланса, икки хил йўл тутиш мумкин. Кучли оғриқ кузатилганда, невропатологга бориш керак. Мутахассис даволаш учун қўлланма ва физиотерапея усулларини ёзиб беради. Яна бир йўли – чурра нервни бирданига сиқиб қолганда, оёқда куч камайиб боради, оёқни қимирлатолмаслик, оёқни сезмаслик юз беради. Ёки тос соҳаси фаолияти, пешоб, ич келиши бузилиши кузатилади. Бундай пайтда вақтни кетказмасдан операция қилдириш керак. Қанча кўп вақт йўқотилса шу ҳолат сақланиб қолади. Одатда, китобларда айтилишича, бундай вазиятда 48 соат вақт ичида операция қилинса, тикланиш эҳтимоли юқори бўлади. Айрим ҳолатларда беморларга блокада қилишни ҳам тавсия қиламиз.

Ҳозир беморга операциядан кейин бир кунда уйига рухсат берамиз. Илгари ойлаб шифохонада ётишга тўғри келган. Эсимда, операциядан кейин беморни 6 ойлаб қорин билан ётқизиб қўйиларди. Биз қўллайдиган усулда қон йўқотишлар бўлмайди, умуртқа суягига зарар етмайди, нерв жароҳатланиши деярли бўлмайди. Ҳозирги кунда диск чурраси максимум 1 см лик тешик орқали олиб ташланади. Бу ёндан тушадиган, трансформинал усул ҳисобланади. Бу усул ёндан тушгани сабабли табиий тешиклар орқали ҳеч бир зарарсиз танага кириб бориб, чурра олиб ташланади. Шу усул билан 2000 га яқин операцияларни амалга оширдик.

Агар чурра безовта қилмаса, унга тегиш керак эмас. Баъзиларда чурра бўлса ҳам, безовта қилмагани учун унинг борлигини ҳам билишмайди – ўтиб кетади.

Баъзи ҳолатларда диск чурраси безовта қилганда машқлар орқали ҳам даволамоқчи бўлишади. Аммо оғриқ пайтида машқ қилиш умуман тавсия қилинмайди. Бу оғриқни кучайтириб юборади. Даволангач, оғриқ ўтиб кетгандан кейин машқ қилиш мумкин.

 

Мавзуга оид