Доғистондаги ҳужум: икки кун ўтиб нималар маълум?
23 июн куни кечқурун Доғистонда қуролланган шахслар Маҳачқалъа ва Дербентдаги православ черковлари ва синагогларга ҳужум қиланди. Ўлдирилган 21 кишидан кўпчилиги — полициячилар. Қурбонлар сони ва ҳужум характеридан келиб чиқиб, бу воқеаларни жангариларнинг 2014 йил Грознийда амалга оширган ҳужумига қиёслашмоқда. Президент Владимир Путин бу ҳодиса юзасидан барибир муносабат билдирмади, ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган. Ҳужумда иштирок этганларнинг барчаси — Доғистондаги Сергоқалъа қишлоғида яшовчилар, улар орасида Сергоқалъа райони раҳбари Магомед Омаровнинг ўғли ва жияни ҳам бор. Ҳудуд раҳбари дастлаб ишдан олинди ва «Единая Россия» партиясидан четлатилди, кейин эса майда безорилик бўйича 10 кун муддатга ҳибсга олинди.
Сешанба куни Маҳачқалъанинг Ленин райони суди Сергоқалъа райони собиқ раҳбари Магомед Омаровни майда безорилик (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 20.1 моддаси, 1-қисми) бўйича маъмурий моддага асосан ҳибс қилинган. «Интерфакс» ва «Коммерсант» ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига асосланган ҳолда кучишлатар тузилмалар унга қарши терроризмга ёрдам бериш бўйича жиноий иш очиш бўйича материаллар тайёрланаётганини айтган. ОАВ маълумотига кўра, Маҳачқалъа ва Дербентдаги ҳужумда унинг қариндошлари иштирок этган.
Ҳужумда иштирок этганлар сони бўйича ОАВда турлича рақамлар айтилган ва республика раҳбари Сергей Меликов ҳам бир сафар беш, бошқа сафар — олти рақамини келтирган. Россия тергов қўмитаси душанба куни ҳужумда иштирок этган беш киши ўлдирилгани ҳамда уларнинг шахсига аниқлик киритилаётганини маълум қилган. Идора уларнинг исм-шарифларини очиқламаган, аммо бунгача улар ҳақида ОАВ ва телеграм-каналларда маълумот тарқалиб улгурганди.
Якшанба куни Доғистонда амалга оширилган ҳужумнинг барча иштирокчилари Сергоқалъа районидан бўлишган — буни Доғистон раҳбари Сергей Меликов маълум қилди. У ҳужум қилганлар орасида ушбу район раҳбарининг қариндошлари ҳам бўлганини тасдиқлаган.
«Коммерсант» маълумотига кўра, Маҳачқалъада Сергоқалъа районининг қариндоши ва ўғли — 32 ёшли Абдусамад Амадзиев ва 31 ёшли Осман Омаров, шунингдек 42 ёшли Далгат Даудов отиб ўлдирилган. Дербентдаги ҳужумда ММА жангчиси, 28 ёшли Гаджимурад Кагиров ҳамда «Справедливая Россия» партиясининг Сергоқалъа районидаги бўлимининг собиқ раҳбари, 35 ёшли Али Закаригаев ўлдирилган — «РИА Новости» маълумотига кўра, у ҳам Омаровнинг қариндоши саналади. Ҳужум қилганлар орасида Омаровнинг яна бир ўғли Адил ҳам бўлгани — охиригача аниқ эмас. Baza, Mash ва Shot манбалари Омаровнинг икки ўғли ҳам жангарилар қаторида бўлганини айтишган, «Коммерсант» эса Адилнинг акциядаги иштироки тасдиқланмагани ҳақида ёзган.
The Insider Доғистондаги ўлдирилган жангарилар рўйхатини эълон қилган «Сапа Кавказ» ва «Бессовестний Дагестан» телеграм-каналлари Адилни тилга олмаганига эътибор қаратган.
Жангарилар Дербент ва Маҳачқалъага қандай ҳужум қилган?
Якшанба кунги ҳужум Дербентда бошланган: соат 18:00 атрофида қуролланган икки шахс Келе-Нумаз синагогига ёнувчи модда солинган бутилкаларни улоқтириб, ўт қўйган, деб ёзади «Коммерсант». Воқеа жойига полициячилар етиб келганида, жангарилар уларни ўққа тутган. Салман ва Таги-Зада кўчалари кесишмасида ҳужум қилувчилар ва полициячилар ўртасида отишма рўй берган — унинг видеоси «Мой Дербент» каналида эълон қилинган.
Жангарилар полициячилардан қочишга муваффақ бўлган ва синагогдан тахминан бир километр масофадаги Биби Марям шафоати черковига етиб борган. Бу ерда улар 66 ёшли протоиерей, бу ибодатхонада 40 йилдан ошиқ вақтдан буён хизмат қилиб келган Николай Котелниковни ўлдиришган. Котелниковнинг беваси Валентина «Известия» нашрига ҳужум қилганлар «бинога кириб келиб, қўриқчини ўлдиришгани, кейин уйга кириб, руҳонийга ўқ узишгани, уйни ёқиб юборишгани»ни айтган: «Кейин черковга ҳам ўт қўйишди».
Ибодатхонага ҳужум вақтида бу ерда одамлар бўлмаган. Ўлдирилган протоиерейнинг куёви, руҳоний Сергий Абасов «Медиазона» билан суҳбатда Котелников инсултни бошдан кечиргани, анчадан буён ишламай қўйгани ва шунчаки «черковга бориб, ибодат қилиб тургани»ни айтган. «Шу куни шунчаки тоза ҳаводан нафас олиб, дам олган», — дея қўшимча қилган Абасов. Унинг ўзи 2018 йил Грознийда жангарилар ҳужумини бошдан кечирганди. Абасов рафиқасига қўнғироқ қилиб, Котелников ўлдирилгани ҳақида айтганидан бир неча дақиқа ўтиб, жангарилар Маҳачқалъадаги Авлиё Успенский соборига ҳужум қилади. Абасов ҳам ўша ерда эди.
Маҳачқалъада ҳужум Ермошкин кўчасидаги синагогдан бошланади, бу Дербентдаги ҳужумдан тахминан ярим соат ўтганида бошланади. Бошқа гуруҳ бинога ўт қўяди, дарвозага Қуръони каримнинг ўзга диндагиларга алоқадор ояти ва суралари рақамларини ёзишади. «Коммерсант»нинг ёзишича, шундан кейин ҳужум қилувчилар Авлиё Успенский собори томон йўл олади, аммо йўлда Эмиров, Орждоникидзе ва Буйнакский кўчалари кесишмасида полициячилар билан отишмага киришади.
Собор яқинида, Комаров кўчасида полициячилар билан отишмада икки жангари ҳалок бўлади. Уларнинг ўлдирилиши акс этган видео «Тут Дагестан» каналида эълон қилган. Яна бир ҳужумчи йўлдан ўтаётган ҳайдовчининг «Лада» автомобилини эгаллаб олган ва бир ўзи Авлиё Успенский соборигача етиб борган. Бу ерда у қўриқчини ўлдириб, ибодатхона биносига ўт қўйишга улгуради, дея хабар қилади «Коммерсант». У бир неча соат давомида полициячилар билан отишмани давом эттиради. Руҳоний Абасов «Медиазона» билан суҳбатда айтиб беришича, у ибодатхона эшикларини ичкаридан маҳкам ёпиб олишга улгуради ва у билан яна 18 киши отишма вақтида ичкарида жон сақлайди.
Фақат тунги соат 2:30 га келиб Доғистон раҳбари Меликов ҳужум иштирокчиларига қарши амалиётнинг фаол босқичи якунланганини хабар қилади. Жанглар саккиз соат давом этади.
Расмийлар қандай реакция қилди
Доғистондаги ҳужум қурбонлар сони ва ҳужум характери бўйича жангарилар 2014 йил Грознийда амалга оширган ҳужумга қиёсланмоқда — ўшанда қуролланган жангарилар йўл-патрул хизмати постига ҳужум қилган, кейин эса Нашриёт уйини эгаллаб олганди. Ҳужум оқибатида 14 полициячи ва тинч аҳоли вакилларидан бир киши ҳалок бўлган. Доғистонда ҳам ҳужум қилувчилар полициячиларни нишонга олишди.
Доғистон раҳбари Сергей Меликовнинг реакцияси ҳам ўшанда Грознийга ҳужумга муносабат билдирган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировникига ўхшаш. Қодиров ўшанда ҳужумда иштирок этганларнинг оила аъзолари республикадан қувиб юборилишини айтганди. «Мен расман маълум қиламанки, ота-оналар ўғиллари ёки қизларининг ҳаракатлари учун жавоб бермаслиги айтиладиган давр поёнига етди. Чеченистонда жавоб беришади!» — деганди у ўшанда.
Меликов шунингдек ҳужум учун жавобгарликни қисман амалдор Магомед Омаровнинг зиммасига юклади — жангарилар орасида унинг ўғли ва қариндоши бўлган. «Мен ота ўз болалари учун жавоб бериши керак деб ҳисоблайман. Шунча йилдан буён ишлаб келаётган муниципал раҳбари қандай қилиб ўз фарзандлари тарбиясига эътиборсизлик қилди ва улар қотилларга айланишди? Жавобгарлик тўлиқ унинг зиммасида деб ҳисоблайман», — деган Доғистон раҳбари.
Меликов катта Омаровнинг ҳужумдаги айбдорлиги юзасидан изоҳ бермаган, аммо қўшимча қилган: «Агар унинг иштироки тасдиқланса, тўла жавобгарлик ҳам бўлади».
У Омаровни истеъфога чиқарган, уни «Единая Россия»дан четлатишди, сешанба куни эса майда безорилик бўйича ҳибсга олишди. Шу билан бирга, Baza Омаровни якшанба куни кечқурун сўроқ қилиш учун олиб кетишганини хабар қилган. Манба маълумотига кўра, у кучишлатар тузилмалар вакилларига ўғилларидан айримлари, шунингдек қариндоши ваҳобий бўлганини айтган. Улардан энг радикал қарашлардагиси Осман бўлган, аммо қолган укалари ва қариндошлари уни қўлламаган, дея Омаровнинг сўроқдаги сўзларини келтиради Baza.
Нашрга кўра, ушбу амалдор гўёки сўнгги йилларда ўғиллари билан гаплашмаганини айтган ва терговчиларни ўзини ваҳобийларга мансуб деб ҳисобламаслигига ишонтирган. «Оила бу ўғилнинг радикал қарашларига қўл силтаган ва у билан алоқани узган, — деган «Коммерсант» манбаси.
Ҳужумдан икки кун ўтганидан кейин ҳам ижрочиларнинг қайсидир террорчи ташкилотга алоқадорлиги ҳақида хабар йўқ. Доғистондаги ҳужум Россияда сўнгги ойларда «Крокус-Сити Ҳолл»даги томошабинлар отиб ташланиши ҳамда Ростовдаги тергов изоляторида ходимлар гаровга олинишидан кейинги учинчи жиддий ҳужум бўлди. ИШИД террорчилик гуруҳининг «Хуросон вилояти» бўлими Доғистондаги терактларни олқишлаб баёнот берган. Бунга The Khorasan Diary журналистлари эътибор қаратган. «Кавказдаги биродарларимиз улар ҳали ҳам кучли эканини ва нималарга қодирлигини кўрсатишди», — дейилади гуруҳ баёнотида.
Америкадаги Уруш тадқиқотлари институти (ISW) бу баёнотда гуруҳнинг ҳужумга алоқадорлиги ҳақида сўз бормаслигини қайд этган.
«Известия» терговдан хабардор бўлган манбаларига таяниб хабар беришича, жангарилар ҳужумга бир ойга яқин вақт давомида тайёргарлик кўришган, уларнинг нишони эса аввалдан руҳоний Николай Котелников бўлган.
«Справедливая Россия» партияси етакчиси Сергей Миронов Доғистондаги ҳужумга 2023 йил октябрида республика пойтахтидаги аэропортда антисемистик ҳаракатлар жазосиз қолгани ҳам сабаб бўлганини айтган. «Ўшанда турли „авторитетлар“ погромчиларни озод қилишга, „ёш йигитлар ҳаётини барбод қилмаслик“ка чақирганди. Мен кимнингдир ҳаётини барбод этишга қаршиман. Аммо бу беқарор бошларни айлантирган нарса айнан жазосизликдир», — деган у. Лекин ўшанда тартибсизликларда иштирок этган 242 кишига маъмурий ҳибслар ва жарималар тайинланган, ўнлаб гумонланувчилар оммавий тартибсизликлар тўғрисидаги жиноий иш бўйича тергов изоляторларига олиб келинганди.
Путин Дербент ва Маҳачқалъадаги ҳужум юзасидан муносабат билдирмади. Душанба куни президент матбуот котиби Дмитрий Песков барча жабрланувчиларга ёрдам кўрсатилиши, давлат раҳбарига бу иш борасида ҳисобот етказиб турилганини айтган. Ҳужум бўйича махсус мурожаат режалаштирилмаган, дея аниқлик киритган Песков.
Мавзуга оид
21:22 / 17.10.2024
Рамзан Қодиров қонли қасос билан таҳдид қилган депутатлар Давлат думаси мажлисларига келмай қўйди
07:30 / 14.10.2024
Доғистон раҳбари Қодировнинг Керимовга қарши таҳдидларига жавоб қайтарди
10:01 / 28.09.2024
Доғистонда АЁҚШда содир бўлган портлашда 10 киши ҳалок бўлди
09:20 / 24.08.2024