Ўзбекистон | 21:54 / 27.06.2024
5007
6 дақиқада ўқилади

27 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Президент Жиззахда конвейердан чиққан илк электромобилларга дастхат қўйди. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ йўлидаги рақиблари маълум бўлди. Ёз жазирамаси поездлар ҳаракатини секинлаштирди — 27 июн куни Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз. 

Жиззахда илк BYD конвейердан чиқди

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззахга ташрифи давомида электромобил ишлаб чиқарувчи BYD заводида бўлиб, заводда ишлаб чиқарилган илк электромобилларга имзо қўйди.

Бу ерда BYD'нинг Chazor ва Song Plus Champion моделлари ишлаб чиқарилмоқда. Биринчи босқичда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 50 мингта электромобилни ташкил этади. Сўнгги учинчи босқичда бу кўрсаткични 500 минг донагача етказиш кўзда тутилган.

Маҳаллийлаштириш даражасини ҳам босқичма-босқич ошириб бориш режалаштирилган. Аввалига бампер, ойна, лак-бўёқ, пластик қисмларни ҳам ўзимизда тайёрлаш йўлга қўйилади, кейинчалик эса аккумулятор, электр двигател, алюминий қисмлар, шиналар ва ўриндиқларни ҳам ишлаб чиқаришга ўтилади. 

Футбол. Ўзбекистоннинг ЖЧ йўлидаги рақиблари

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичидаги рақибларини билиб олди. Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон – Эрон, Қатар, БАА, Қирғизистон ва КХДР билан бир гуруҳдан жой олди.

Жами 3 та гуруҳга бўлинган Осиё жамоалари мундиалга тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритиш учун ўз гуруҳида 1- ёки 2-ўринни эгаллаши талаб этилади. 3- ва 4-ўрин эгалари эса 4-босқичда курашни давом эттиришига тўғри келади. Бу сафарги Жаҳон чемпионатига Осиё учун 8,5 та йўлланма берилган.

Ўзбекистон бу босқични 5 сентябр куни ўз майдонида Шимолий Кореяни қабул қилишдан бошлайди. Сречко Катанец шогирдлари 10 сентябрда Қирғизистонда меҳмон бўлади, 10 ва 15 октябр кунлари Эрон ва БААни қабул қилади. Ноябр ойида эса Қатар ва КХДРга сафар учрашувлари кутмоқда. Яна тўртта учрашув келаси йил март ва июн ойларига белгиланган. 

Тошкентда 5 болали педофил ушланди

Тошкентда 11 ёшли қизни мунтазам зўрлаб келган эркак қўлга олинди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълум қилишича, 31 ёшли эркак ўзи оилали ва 5 фарзанднинг отаси бўла туриб, блогер ниқоби остида бошқа бир эркак билан расмий никоҳи бекор қилинмаган аёлни ўзига иккинчи хотин қилиб олган. Шу билан ҳам қониқмай, иккинчи хотинининг вояга етмаган қизини ҳам мунтазам зўрлаб келган.

А.К. исмли педофил рад этиб бўлмас далиллар билан қўлга олингани айтилмоқда. У 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Жабрланувчи қизга эса Ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан зарур тиббий, психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатиляпти. 

Бекободда ички ишлар ходими қамоққа олинди

Бекободда фуқаронинг ИИБ биносида вафот этгани ҳолати бўйича бир нафар ички ишлар ходими қамоққа олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди. Гумондорнинг шахси ва лавозими очиқланмаяпти, жами неча нафар ички ишлар ходими терговга жалб этилгани ҳам маълум эмас.

43 ёшли эркак Бекобод шаҳар ИИБ биносида 19 июн куни вафот этганди. Вилоят Ички ишлар бошқармасига кўра, ИИБ биносига кириш йўлагида унинг соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган, кейин шаҳар шифохонасига олиб борилганида вафот этгани маълум бўлган.

Марҳумнинг акаси Дилмурод Юсупвалиевнинг Kun.uz'га айтишича, ИИБ ходимлари уни ва укасини калтаклашган. У укасини тепкилаган ходимлар сони 5-6 нафар бўлганини айтганди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов воқеанинг барча иштирокчилари, хусусан ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари холисона ўрганилишини билдирган. 

Ёз жазирамаси поездларни секинлаштирди

Жазирама об-ҳаво туфайли Ўзбекистонда поездлар ҳаракати секинлаштирилди. “Ўзтемирйўлйўловчи” компаниясининг маълум қилишича, ҳарорат кўтарилиши натижасида ер усти темирйўлларининг релслари ва уларнинг пўлат қисмларида ҳарорат жуда юқори бўлади, шу сабабли ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, поездлар ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилмоқда.

Расмийлар тезлик чеклови натижасида поездлар ҳаракат жадвалидан кечикиб ҳаракатланиши, поездларда совитиш тизимининг ишлаш қуввати пасайиши мумкинлигини маълум қилди. Компания аномал иссиқ туфайли юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун узр сўраган.

Иссиқ об-ҳаво шароити, шунингдек, Тошкент шаҳрида юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғи ҳудудида ёнғинни келтириб чиқарди. Бунинг натижасида Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур ва Тошкент туманларидаги кўплаб маҳаллалар 2 соатдан кўпроқ вақт давомида электрсиз қолди. “Ҳудудий электр тармоқлари” компанияси эълон қилган суратларда юқори волтли тармоқларнинг остидаги ҳудудларда ўт-ўланлар ёниб кетганини кўриш мумкин. Компания аҳолидан юқори кучланишли электр тармоқларининг муҳофаза ҳудудларида эҳтиёт чораларини кўришни сўради. 

27 июн – ОАВ ходимлари куни

Бугун – Ўзбекистонда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Бундан 118 йил олдин, 1906 йил 27 июнда Тошкентда биринчи миллий нашр – “Тараққий” газетасининг илк сони чоп этилган. Бу сана 1995 йилдан буён Ўзбекистонда журналистларнинг касб байрами сифатида нишонлаб келинади.

Президент Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида журналистларнинг давлат идоралари ва амалдорлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги ўрнини эътироф этди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ОАВдаги танқидий материаллар мудраб ўтирган мутасаддиларни уйқудан уйғотмоқда. Бугунги кунда журналистлар фаолияти мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид