Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бастрикин Россияда ўлим жазосини қайтаришни таклиф этди
У умрбод қамалганлар сайр қилиши ва кунига уч маҳал овқатлантирилиши, унинг ўзи эса баъзида тушлик қилишга вақт топа олмаслигини айтган.
РФ Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин яна бир марта Россияда ўлим жазосини қайтаришни таклиф қилди. «Интерфакс» хабарига кўра, Бастрикин бу ҳақда 28 июн куни Петербургдаги юридик форумдаги чиқиши вақтида айтиб ўтган.
«Менда барибир бу савол қайта-қайта пайдо бўлаверади: нега оғир жиноятлар сони ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, қонунчилигимизда ўлим жазосига киритилган мораторийни бекор қилмаслигимиз керак?» — деган Бастрикин.
Тергов қўмитаси раиси ўз таклифини изоҳларкан, 2024 йил 22 мартида «Крокус Сити Ҳолл»даги концерт залида 145 киши ўлимига сабаб бўлган терактдан мисол келтирган.
«Агар советлар даврида ўлим жазоси оғирлаштирувчи ҳолатларда, икки ёки уч кишини ўлдирганлик учун қўлланган бўлса, бу 15 айбланувчи [«Крокус»даги теракт бўйича] энг кўпи билан умрбод қамоқ жазоси олади. Бу нимани англатади? Уч маҳал овқатланиш, икки соатлик сайр. Мен ўзимга икки соат сайрни эп кўра олмайман, менда бунга вақт йўқ. Баъзида тушлик қилишга ҳам улгурмайман. Тиббий кўрик, стоматологи ҳам бор — уларнинг тиши оғриб қолмаслиги учун. Биласизми, бир маҳбусни қамоқда сақлаб туриш қанчага тушади? <…> Менга бир марта айтишганди: Бир киши учун йилига ўттиз минг рубл (). Буни бир умрга озодликдан маҳрум этилганларнинг барчасига кўпайтиринг — бу катта бюджет бўлади.
Бу нима? Бу қўриқчилар, улар бўлиб турган кўп миқдордаги қамоқхоналарни сақлаб туриш харажатлари, бу ерда шифокорлар бўлади, уларга янги егуликлар бериш керак, ошпазлар керак, колбаска кесиши, компот тайёрлаши учун. Мана шунинг учун, менимча, бу масалага қайтишимиз керак. Даволаниш ҳам бор. (Форумнинг бошқа иштирокчиси саволига жавоб беради) Ҳар бир маҳбус учун йилига 300 минг рубл бўлиши ҳам мумкин. <…> Шунинг учун мен ўлим жазоси тарафдориман. Мен гуманизм ҳақида гапиряпман, маняк 70, 80, 100 кишини ўлдирса ва олий жазога — отувга ҳукм қилинса, бу ўта инсонпарварлик бўлади».
Бастрикин Россияда амалда бўлган ўлим жазосига мораторийни президентнинг тегишли фармони билан бекор қилишни таклиф этган. «Менга баъзи малакали ҳуқуқшунослар Конституцияни ўзгартириш кераклиги, референдум ўтказиш талаб этилишини айтишади, мен эса шунчаки президент фармони билан ўлим жазосига мораторийни бекор қилиш керак дейман», — деган ТҚ раҳбари.
Александр Бастрикин ўтган йилларда ҳам Россияда ўлим жазосини тиклаш лозимлиги ҳақида гапирганди.
- Россияда ўлим жазосига мораторий қўйилган. Олий жазога тақиқ 1997 йилдан буён амал қилиб келади. Шунга қарамай, Россияда ўлим жазосини қайтариш керак ёки керак эмаслиги ҳақидаги баҳслар вақти-вақти билан муҳокама марказига чиқади. Бундай муҳокамаларнинг янги оқими «Крокус Сити Ҳолл»даги терактдан кейин бошланганди, ўшанда, расмий маълумотларга кўра, 145 киши ҳалок бўлган, 551 киши жабрланганди.
- «Крокус»даги терактдан кейин «Единая Россия» партияси ўлим жазосини қайтариш масаласини «ишлаб чиқиш»га ваъда берган, Конституция судидагилар эса суд мазкур масалани муҳокама қилиши мумкинлигини билдирганди. Шу билан бирга, Конституциявий суд раҳбари Валерий Зоркин июн ойида «амалдаги Конституцияга кўра» ўлим жазосига қайтиш имконсизлигини билдирган. Шу фонда Russian Field томонидан ўтказилган сўровга кўра, сўралган россияликларнинг 53 фоизи ўлим жазосини қайтаришни қўллаб-қувватлаган.
- Агар Россия ҳукумати ўлим жазосига мораторийни бекор қилишга қарор қилса, Жиноят кодекси қоидаларига кўра, бу чора фақат келгусида жиноят содир этадиганларга қўлланиши мумкин. Бундан ташқари, РФнинг амалдаги қонунлари, ҳатто мораторий бўлмаган тақдирда ҳам, терроризмда айбланганлар учун ўлим жазосини қўллашга имкон бермайди, деган сенатор Андрей Клишас.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
10:23 / 28.05.2025
Давлат департаменти спикери: Россия Трампнинг сўзларини жиддий қабул қилиши керак
09:03 / 28.05.2025
WSJ: Трамп Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ҳақида ўйлаяпти
21:34 / 27.05.2025