“II Халқаро мақом санъати анжумани” ғолиблари аниқланди
16 давлатдан мақомчилар қатнашган анжуманда бош совринни Эроннинг “Форс” ансамбли солисти Али Асғар Арабшоҳий қўлга киритди. У 15 минг АҚШ доллари билан тақдирланган.
Жиззах вилоятининг Зомин туманида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО шафелиги остида ўтказилган “II Халқаро мақом санъати анжумани” якунланди.
Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари учта номинация бўйича — “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” “Энг яхши яккахон хонанда” бўйича баҳоланган. Иштирокчиларнинг чиқишларини халқаро ҳайъат аъзолари — Тожикистондан Абдували Абдурашидов, Озарбайжондан Керими Сиявуш Ашраф ўғли, Мисрдан Ашраф Абделраҳман, АҚШдан Моҳсен Моҳаммади, Ҳиндистондан Али Фатеҳ, Туркиядан Фейзиоглу Несрин ва Ўзбекистондан Исроилжон Ваҳобов баҳолаб борган.
Натижаларига кўра бош совринни Эроннинг “Форс” ансамбли солисти Али Асғар Арабшоҳий қўлга киритган.
Ансамбл жамоаси бўйича 1-ўринга Ўзбек миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги мақом хонандалари ансамбли, 2-ўринга Мақом маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлими мақом ансамбли ҳамда 3-ўринга “Шинжон” бадиий театри “Мақом” бадиий труппаси (Хитой) муносиб кўрилган.
Яккахон ижрочилик йўналишида 1-ўринни Тожикистон миллий консерваторияси гуруҳи солисти Хуршид Ирохимзода, 2-ўринни Чидем Гурдал (Туркия) ҳамда 3-ўринни Али Амжад Хон (Ҳиндистон) қўлга киритган.
Ғолиблар пул мукофотлари (бош соврини 15 минг доллар, 1-ўрин 10 минг доллар, 2-ўрин 7 минг доллар ҳамда 3-ўрин 5 минг доллар) диплом ва статуетка билан тақдирланган.
Анжуман доирасида “Энг яхши мақом хонандаси”, “Энг яхши мақом созандаси”, “Энг яхши мақом устози”, “Энг яхши мақом тарғиботчиси”, “Энг яхши ёш мақомчи”, “Энг яхши мақом бастакори” каби номинациялар бўйича ҳам иштирокчилар рағбатлантирилган.
Маълумот учун, “Халқаро мақом санъати анжумани” иккинчи бор ўтказилмоқда. Анжуман биринчи маротаба 2018 йилда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилганди.
Мавзуга оид
12:31
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
09:56 / 24.09.2024
Жиззахда ҳайдовчи Дамасга катта ёшдаги 14 кишини миндириб ҳаракатланди
14:28 / 08.09.2024
Бировнинг номига 20 млн сўм кредит олиб ўзлаштириб юборган шахс ушланди
01:05 / 16.08.2024