Исроил – “Ҳизбуллоҳ”: катта уруш эҳтимоли ортмоқда
Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар суръати пасайган бир пайтда, эътибор энди Исроил–Ливан чегарасига қаратилмоқда. Бир қанча давлатлар аллақачон ўз фуқароларини Ливанга бормаслик ёки мамлакатни тарк этишга чақирган. Эроннинг БМТдаги вакили эса агар Исроил Ливанга ҳужум қилса, ҳалокатли уруш бошланишидан огоҳлантирди.
“Геосиёсат”да сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Бектош Бердиев Ғазо атрофидаги сўнгги энг муҳим воқеликларни таҳлил қилди.
— Нетаняҳу ҲАМАСга қарши уруш олиб боришнинг фаол босқичи ортда қолганини эълон қилди. Бу нимани англатади?
Бектош Бердиев: — Ғазодаги вазият Исроил учун муваффақиятли деб бўлмайди, чунки асосий мақсад асирдагиларни озод қилиш эди, лекин ҳали ҳам 120 дан ортиқ одам асирликда турибди. Баъзи манбалар уларнинг аксарияти ҳалок бўлганини айтди. Шу сабаб Исроил ҳам биринчи мақсаддан чекинди, ростдан ҳам энди қолган асирларни тирик озод қилиш имкони йўққа ўхшамоқда.
Бундан ташқари, Ғазода Исроил вайрон қиладиган ҳудуднинг ўзи қолмади ҳисоб. Учинчидан эса ҲАМАСни йўқ қилиб бўлмайди, уни йўқ қилиш учун бутун ғазоликларни йўқ қилиш керак, бунга халқаро ҳамжамият йўл қўймайди.
ҲАМАС ўзининг жанговар қобилиятини йўқотди, фақат кам сонли вакиллари партизанлик урушини олиб боряпти. Исроил катта маблағ ҳам сарфлаяпти уруш кампаниясига. Исроил армиясининг 4 та дивизияси Ғазода бўлгани сабаб, бошқа томонларда муаммолар бўляпти, энди Ливан томонга йўналтиряпти ҳарбийларни. Шу сабаблардан Ғазодаги уруш сусайди.
Эндиги масала Ғазони бундан кейин нима қилиш бўлади. Лекин аниқ режалари йўқ бу бўйича. АҚШнинг режалари маъқул келяпти, лекин икки томонни муросага олиб келиш қийин бўляпти.
— Байденнинг тинчлик режаси нима бўлди, бу масала қандай босқичда?
Камолиддин Раббимов: — Бугун АҚШ ички муаммолар билан банд, сайловолди дебатлар бошланди. Яқин Шарққа эътибор пасайди, бу эса Нетаняҳу учун қулай вазият. Байден режасига Исроил босқичма-босқич рози бўляпти, Нетаняҳу ва мудофаа вазири бир-икки ҳафтада Ғазодаги фаол уруш тўхтатилади, деди. Лекин ҲАМАСнинг ерости туннелларини қидириш давом этади, ҲАМАСнинг Ғазодаги раҳбари ҳам топилгани йўқ, излашяпти.
Умуман, ҲАМАСга жиддий зарар етказди Исроил. Исроил ҳукумати халқни мақсадларига етганига ишонтириш учун ҲАМАС энди ўзига келолмайди деб пропаганда қиляпти. Лекин бундай эмас, Фаластин давлати тузилмагунича ҲАМАС ўлмайди. Исроил урушдан кейин Ғазони қандай тартибга солиб, у ердаги ҳаётни қандай изга тушириши номаълум, лекин бунга жуда катта маблағ, режалар керак бўлади.
Байденнинг режаси ўз кучида, лекин ҲАМАС Миср ва Қатар воситачилигида режага ўзгартиришлар киритишни таклиф қиляпти. Исроил ичида Нетаняҳуга босим катта, у асосий мақсад бўлмиш асирларни озод қилишга эришолмади. Энди Ливан билан чегарага эътибор қаратиляпти. Исроил биз қудратли давлатмиз, аслида биз “Ҳизбуллоҳ”га таҳдид қиляпмиз, деган ёндашувда. Эроннинг БМТдаги вакили Исроил Ливанга бостириб кирса, Эрон тўғридан тўғри урушга аралашиб, Исроилни йўқ қилишга киришишини билдирди. Шундан сўнг Нетаняҳу ҳукумати ёпиқ муҳокамалар қилди ва биз дипломатияни маъқул кўрамиз, лекин вазият тақозо қилса урушдан қочмаймиз, деб бироз юмшади.
— “Ҳизбуллоҳ”ни қайси исломий гуруҳлар фақат риторикада эмас, амалда ҳам қўллайди?
Бектош Бердиев: — Олдин бир масалага тўхталиш керак. “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасидаги муаммолар улар ўртасида тўғридан тўғри мулоқот йўқлигида дейилмоқда, мулоқот Франция ёки АҚШ орқали бўлади одатда. Исроил одатда бундай гуруҳлар билан келишишга, ўзига оғдиришга ҳаракат қилади, лекин бу ерда у нарса бўлмаяпти.
“Ҳизбуллоҳ” бугун катта кучга айланган, мафкураси ҳам кучайиб боряпти. Эронда ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган ёки шуларга андоза бўлган замонавий қуроллари бор, Исроилнинг “Темир гумбаз”ини ҳам ёриб ўта оляпти. Тўғри, Исроилнинг ҳарбий салоҳияти “Ҳизбуллоҳ”дан анча кучли, уни енга олади, лекин шу уруш давомида унинг ўзи ҳам катта зарар кўради. Исроил Ливанга бостириб кирса ва “Ҳизбуллоҳ” ҳам кенг кўламли ракета зарбалари берса, Исроилда ҳам инфратузилмалар вайрон бўлиб, тинч аҳоли қурбон бўлиши мумкин.
Қўлловчиларга келсак, “Ҳизбуллоҳ”ни қўлловчи яна бир шиа ташкилоти — “Ансоруллоҳ”. Бу ташкилот “Ҳизбуллоҳ”ни кенг қўллаяпти қурол-яроғ масалаларида, керак бўлса жангарилар билан таъминлаши мумкин. Ҳусийлар ҳам бор, улар ҳам шиа гуруҳи сифатида “Ҳизбуллоҳ”ни қўллайди. Ироқдаги шиа гуруҳлари ҳам “Ҳизбуллоҳ”ни қўллайди, Баҳрайндаги шиалар молиявий қўллаяпти. Шу маънода “Ҳизбуллоҳ” яккаланиб қолмайди уруш бўлса. Фақат шиалар эмас, суннийлар ҳам “Ҳизбуллоҳ”га хайрихоҳлик билдиряпти, умумий ислом мотивида бирлашиш бўляпти. Исроил ўзи мана шу шиалар ва суннийлар бирлашувидан қўрқади. Исроил ва Ғарб доим шиа ва суннийларни бир-бирига қарши қилишга уриниб келган.
Камолиддин Раббимов: — Покистоннинг учдан бир аҳолиси – шиалар. У ердаги шиа имомлари агар Исроил билан “Ҳизбуллоҳ” урушса, биз ҳам боришга тайёрмиз, деган баёнотлар билан чиқди. “Ҳизбуллоҳ” – катта куч. Шу пайтгача “Ҳизбуллоҳ”дан 2-3 баробар кичик бўлган ҲАМАС Исроилни ҳарбий, маънавий ҳолсизлантирди. Коллектив Ғарбда, АҚШда ҳам ижтимоий тафаккур Исроилга қарши бўлиб қолди. Бугун АҚШдаги талабалар Исроилни қабул қилмайди, ёш авлодда Исроилга нисбатан салбий муносабат бор. Маълум йил ўтгач, шу ёшлар ҳокимиятга келади, асосий қатлам бўлади, шунда АҚШ ва Исроил муносабатларига таъсир қилади бу.
Маълумотларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” жангарилари сони 130-150 мингта, бу ўртача давлатнинг армиясига тенг. “Ҳизбуллоҳ” бу фақат жангарилар эмас, улар ижтимоий ҳимоя билан шуғулланади, ҳалок бўлган жангарилари оиласига қарайди, табиийки улар кейинги авлод жангчилари бўлиб шаклланади. “Ҳизбуллоҳ”нинг 1 йиллик бюджети тахминан 700 млн доллар, катта маблағ бу. Шиалар коллектив Ғарб, АҚШ, Исроил билан курашишда куч ишлатишга мойил, сунний давлатлар эса прагматик йўл тутади. Шу нарса Яқин Шарқдаги ижтимоий тафаккурда шиаларни ёқлаш, тушуниш ортиб бораётганини шарҳлайди.
— Кипрнинг геостратегик фактори Исроил ва Ливан ўртасидаги можарода қанчалик муҳим рол ўйнайди?
Бектош Бердиев: — Кипр – мусулмон дунёсига яқин, уларнинг ичида қолиб кетган бир орол, у ерда кўпроқ юнонлар яшаган. Усмонлилар империясидан кейин мустақил давлат бўлган. У ерда турклар ҳам яшайди, улар ўз давлатини – Шимолий Кипр Турк Республикасини эълон қилган, буни фақат Туркия тан олган. Ғарб давлатлари Кипрни Туркия таъсиридан чиқаришни ўйлайди, лекин НАТОдаги ҳамкори билан тўғридан тўғри тўқнашишни истамайди, шу сабаб кўпроқ сиёсий жиҳатдан қўллайди. Бугун Кипрнинг Туркияга тегишли бўлмаган қисми Исроил билан яхши алоқаларга эга, бу ҳамкорлик АҚШ томонидан қўлланади. Чунки Кипр ва Исроил ўртасидаги денгиз ҳудудларида катта газ конлари бор.
Кипр АҚШга геосиёсий жиҳатдан бир нечта масалада керак. Биринчидан, агар қачондир Туркия ва Исроил тўқнашуви бўлса, Исроилни қўллаш учун АҚШнинг ҳарбий самолётлари жойлашадиган жой бўлади, ҳозир у ерда умумий НАТО базалари бор. Иккинчидан, “Ҳизбуллоҳ”га зарба бериш учун АҚШга бир майдон бу ер. Шу сабаб АҚШ Форс кўрфазидан кўра Ўртаер денгизи билан боғлиқ ҳудудларни назорат қилмоқчи. “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил урушса ва Исроилга ёрдам беришга тўғри келса, энг қулай нуқта Кипр бўлади.
— Ливан чегарасидаги ҳозирги кескинлик нуқтаи назаридан, Эрон президентлик сайлови арафасида уруш бошланиш эҳтимолини қандай баҳолаш мумкин?
Камолиддин Раббимов: — Бу ерда 2 та нуқта бор. Эронда сайловлар иккинчи турга ўтди, бу нарса биринчи марта бўляпти Эрон тарихида, шу пайтгача иккинчи турга эҳтиёж бўлмаган сайловларда.
Ҳозир собиқ соғлиқни сақлаш вазири Пезешкиён биринчи ўринда кетяпти. У анча либерал шахс, ҳижоб, бошқа диний ишлар бўйича индивидуал масала, деган позицияда. Сайловлар бўйича асосий назоратчи бўлган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қандай қилиб бундай номзодни ўтказиб юборгани қизиқ. Иккинчи номзод эса Жалилий, у классик консерватор. Жалилий ҳокимиятга келса, Эроннинг Яқин Шарқ бўйича позициялари ўзгармайди. Лекин Пезешкиён келса, ўзгариш бўлади, имом билан президент ўртасида тафовут бўлади қарашларда. Пезешкиён АҚШ ва Ғарб билан ярашиш кераклигини айтяпти.
Исроил ҳокимияти биз Ливан ва “Ҳизбуллоҳ” билан боғлиқ масалада дипломатия тарафдоримиз, деяпти, яъни урушга шошилмаяпти. Сайлов ўтгунча уруш бошланиб кетиши эҳтимоли юқори эмас деб ўйлайман. Агар уруш бошланса, Пезешкиён ҳокимиятга келса ҳам, Эрон урушдан тўлиқ четда қолмайди. Шиа жамияти, шиа позицияси рол ўйнайди барибир. Шунинг учун сайловлар натижаси Яқин Шарқдаги оҳангга жиддий таъсир қилади: консерваторлар келса, Эрон позицияси ўзгармайди, Пезешкиён келса, Эрон ташқи сиёсати озми-кўпми кўриб чиқилади. Ташқи сиёсат ва хавфсизлик масаласи имом қўлида бўлса ҳам, унга ахборот етказиш, таъсир қилиш имкони бор президентда.
Бектош Бердиев: — Сайлов натижалари қандай бўлса ҳам, Эрон бу жараёнлардан четда қолмайди, у майдонга кириб бўлган, чунки шиа дунёсида Эрон устун ҳисобланади. Шиа дунёсининг етакчиси бўлган Эрон бу конфликтда ўзини кўрсатишга мажбур бўлади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.