Спорт | 07:30 / 01.07.2024
22373
7 дақиқада ўқилади

Инглизларда драма, испанларни финалдан олдинги финал кутмоқда. Еврода кун ўйинлари

Жуд Беллингҳэм қўшимча дақиқаларда шедевр голи билан Англияни шармандаликдан қутқарди, Испания гуржистонликларга тўртта гол урди.

Фото: Getty Images

Европа чемпионатида плей-оффнинг иккинчи куни биринчисидан ҳам қизиқарлироқ кечди. Аввалига мухлислар Англиянинг бу Евродаги зерикарли бўлмаган илк ўйинига гувоҳ бўлишди, чунки словакларга қарши ўйинда жамоа охирги дақиқаларгача ҳисобда ортда борди. Испания эса кутилганидек нисбатан кучсиз рақиб саналган гуржистонликларни аямади.

Турнирда илк овертаймлар

Англия – Словакия – 2:1
Голлар:
0:1 – 25 Шранц, 1:1 – 90+5 Беллингҳем, 2:1 – 91 Кейн.
Англия – Пикфорд, Уокер, Стоунз, Геҳи, Триппиер (Палмер, 66), Райс, Фоден (Тоуни, 90), Беллингҳем (Конса, 105), Майну (Эзе, 84), Сака, Кейн (Галлаҳер, 105).
Словакия – Дубравка, Пекарик (Тупта, 109),, Шкриняр, Вавро, Ганцко, Куцка (Беро, 81), Лоботка, Дуда (Бенеш, 81), Гараслин (Суслов, 61), Шранц (Дёмбер, 90), Стрелец (Боженик, 62).
Огоҳлантиришлар: Геҳи (3), Майну (7), Куцка (13), Беллингҳем (17), Шкриняр (45+1), Пекарик (77), Вавро (108), Дёмбер (114), Суслов (120+2).

Ҳужум чизиғи юлдузлар билан тўлиб-тошган, лекин гуруҳ босқичида атиги икки гол билан кифояланган Англия миллий жамоасидан бу сафар ҳам зерикарли ўйин кутилаётганди. Рақиб ҳам асосан ёши катта футболчилардан иборат таркибидан келиб чиқиб, бу турнирдаги прагматик жамоалардан бири эди, бу ўйинда ҳам бошланғич таркибда 37 ёшли Пекарик ва Куцка тушишди, умуман асосий таркибнинг фақат икки футболчиси – Ҳанцко ва Боженик 28 ёшдан кичикроқ.

Лекин Франческо Калцона шогирдлари ўйинни ҳужумкор бошлади ва биринчи рақам остида ҳаракат қилди, 5-дақиқада Гараслин бошлаб берган ҳужум давомида Ҳанцконинг узоқ устун томон берган узатмасига Шранц ета олмади. 12-дақиқада Гараслин яна жарима майдонига ёриб кирди ва хавфли вазият яратди. Инглизлар эса дастлабки 17 дақиқаликдаёқ учта сариқ карточка олишди.

Кўп ўтмай шок ҳолат юзага келди — Словакия барибир ўз голини урди. Стрелец «Уч шерлар»нинг ҳимоячилари кутган бўшлиқ томонга эмас, ҳимоячилар орасидан олдинга ташланган Иван Шранцга пас узатди ва у Пикфордни ожиз қолдириб, турнирдаги учинчи голини урди.

Саутгейт жамоаси турнир бошидан буён илк бор ўзини қониқтирмайдиган ҳисобда ўйнашига тўғри келди ва ҳужумлар уюштиришга мажбур бўлди. Бўлим охирида словаклар жарима майдонидан чиқа олмай қолишди. Иккинчи бўлимда инглизлар босимни янада кучайтиришди ва дарвоза ишғол ҳам этилди. Аммо Кейннинг узатмасидан кейин тўпни ўзи тепиши керак бўлган Триппиер уни офсайдда турган Фоденга узатиб хато қилганди.

Кейин эса Саутгейт кутилмаган юришларни амалга оширди. Чап қанот ҳимоясида ўйнашга мажбур бўлаётган Триппиер жароҳат олганида ўнг қанот вингери Букайо Сака унинг ўрнига ўтказилди, унинг жойини эса захирадан тушган Коул Палмер эгаллади. Аммо омад инглизларга кулиб боқай демасди. Аввалига Кейн дарвозабон ҳудудида туриб тўпни тўрга йўналтира олмади, кейин Райснинг зарбаси устундан қайтганида уни дарвозага тўғрилаб юбора олмади. Фақат охирги дақиқаларда, қўшиб берилган олти дақиқанинг бешинчиси ўтиб бораётганида инглизларга омад кулиб боқди — аутдан оширилган тўпни Геҳи жарима майдони марказига ўтказиб берди ва бутун ўйин давомида сояда бўлган Жуд Беллингҳем саҳнага чиқиб, миллий қаҳрамонга айланди. Унинг чалқанча услубда йўллаган фантастик зарбаси Англияни тарихий шармандаликдан қутқариб қолди ва ўйин овертаймларга ўтди. Бу инглизлар учун ўйин давомида дарвоза соҳасига тўғри борган илк зарба эди.

Кейн Жуднинг голини нишонлашда шерик бўлди

Овертаймлар бошланганида ҳам ўзига кела олмаган словаклар иккинчи голни ҳам ўтказиб юборишди. Захирадан тушган Тоуни жарима майдони ичида туриб қарама-қарши томондаги Кейннинг бошига тўпни ташлаб берди ва жамоа сардори бу сафар аниқ ҳаракат қилди.

Жуд ғалаба голини нишонлашда Кейнга шерик бўлди 

Ҳисобда олдинга чиқиб олган инглизлар яна куч тежаш режимига ўтди ва ғалабани сақлаб қолди. Энди жамоани чоракфиналда бир кун олдин амалдаги чемпионларни турнирдан чиқариб юборган Швейцария кутмоқда.

Бир дарвозага ўйин

Испания – Гуржистон 4:1
Голлар:
0:1 – 18, автогол Ле Норман, 1:1 – 39 Родри, 2:1 – 51 Фабиан Руис, 3:1 – 75 Уилямс, 4:1 – 83 Олмо.
Испания – Унаи Симон, Карваҳал (Навас, 81), Лапорт, Ле Норман, Кукуреля (Грималдо, 66), Фабиан Руис (Мерино, 81), Родри, Педри (Олмо, 52), Уилямс, Ямал, Мората (Ойарсабал, 67).
Грузия – Мамардашвили, Какабадзе, Кашия, Гвелесиани (Квеквескири, 79), Двали, Лочошвили (Цитаишвили, 63), Китейшвили (Алтунашвили, 41), Кочорашвили, Чакветадзе (Давиташвили, 63), Кварацхелия, Микаутадзе (Зивзивадзе, 79).
Огоҳлантиришлар: Мората (44), Давиташвили (71).

Ҳозирги «қизил фурия» турлича услубда ва ҳатто тўпни рақибга топшириб ўйнаши мумкин — жамоада ҳар қандай ёндашувда ҳам барчаси жойида бўлади. Гуржистон эса ўз тарихидаги илк йирик турнирда катта илҳом билан тўп сурмоқда.

Саралаш турнирида испанлардан икки ўйинда ўн гол ўтказган жамоа (7:1, 3:1) анча кучайган. Ўшанда Гуржистон дарвозасига ҳатто ҳимоячи Ле Норман ҳам гол урганди. Энди эса у ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. У қулай вазиятдаги Кварацхелияга бораётган узатмани тўсишга уриниб, Евродаги саккизинчи автогол муаллифига айланди. Эндиликда автоголлар бўйича Евро-2020 турнирида ўрнатилган рекордни такрорлаш учун яна учта қадам қолди.

Испания эса бўлим охирларида баҳсли гол эвазига ҳисобни тенглаштирди. Родрининг зарбасидан кейин тўп бурчакка бораётганида Алваро Мората тўп йўлида туриб қолганди.

Гол VAR орқали текширилди. Ҳакамлар офсайд ҳолатини узоқ вақт – 107 сония давомида қидиришди, аммо гол урилишида қоидабузарлик қайд этилмади.

Мората пассив офсайдда эди. Бу ўринда у дарвоза соҳасига тўғри бораётган тўп йўлида тургани эмас, дарвозабоннинг кўриш ҳудудини тўсмаганига эътибор қаратилди. У ўз вақтида дарвозабондан узоқлашган ва зарба берилаётганида Мамардашвили барчасини яққол кўриб турганди.

Бу голли ҳужумда Гуржистон жароҳат туфайли Китейшвилидан ҳам айрилди. Ўйиннинг қолган қисмида ушбу ҳавбекнинг йўқлиги ҳам билинди. Испания майдон марказидан осонгина ўтиб кета бошлади. Иккинчи бўлимда фаворитлар машғулотдагидек эркин ҳаракат қилишди ва учта гол уриш билан чекланишди — 4:1.

Испания чинакамига яхши жамоа бўлиб шаклланганини яна бир бор намойиш этди. Гуржистон эса Еврони муносиб тарзда, олқишлар остида тарк этди. «Қизил фурия»ни энди 5 июл куни Германияга қарши катта ўйин кутмоқда. Бу финалдан олдинги финал бўлади.

Чоракфиналнинг икки жуфтлиги маълум:

Мавзуга оид