Жаҳон | 12:29 / 01.07.2024
4454
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Telegram'ни тафтиш қилмоқчи: Дуровнинг компанияси фойдаланувчилари сонини яшираётганликда айбланмоқда

Еврокомиссия вице-президенти Вера Йоуровага кўра, Telegram мессенжери ўзининг Евроиттифоқ мамлакатларидаги фойдаланувчилари сонини камайтириб кўрсатиш орқали зарарли контент ва дезинформацияга қарши курашиш мажбуриятидан қочаётган бўлиши мумкин.

Фото: gazeta.ru

«Мен Telegram'га ишонмайман. Мен уларнинг (Европадаги) фойдаланувчилари сони 42 млн эканига ишонмайман. Биз комиссиядагилар сервис аллақачон 45 млндан ортиқ фойдаланувчига эга эканига ишончимиз комил. Еврокомиссия айни пайтда биз суриштирув бошлашимиз керак ёки йўқлигини текширмоқда», деган Йоурованинг сўзларини келтирмоқда Süddeutsche Zeitung.

Европада қабул қилинган янги қонунга кўра, фойдаланувчилари сони 45 миллиондан ошган рақамли платформалар зарарли контент, хусусан пропаганданинг тарқалиши ҳамда наркотрафик ва контрабандага қарши курашиш бўйича жиддий чоралар кўриши керак. Telegram эса Европа Иттифоқидаги фойдаланувчилари сонини 42 миллион деб кўрсатиб, бу қонун мессенжерга тааллуқли эмас деб ҳисоблаяпти.

Европа қадриятлари ва очиқлик бўйича еврокомиссар Вера Йоурова 2 июн куни Bloomberg агентлигига берган интервюсида Еврокомиссия Telegram мессенжерининг ЕИдаги фойдаланувчилари сонини текширишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, реал фойдаланувчилар сони расман эълон қилинган 42 миллиондан кўпроқ ва Еврокомиссия «Telegram'ни чуқурроқ ўрганиши»га тўғри келади.

Бунгача Европа Иттифоқи Telegram'нинг қатъий тартибга солинмаганини таъкидлаб, мессенжерни дезинформация тарқатаётганликда айблаган эди.

Хабарлар алмашинувига мўлжалланган мессенжер кремлпараст аккаунтларнинг дезинформация тарқатишдаги асосий қуролига айланиб бўлган ва бу фейк хабарлар билан курашиш бош масалага айланган европалик мулозимларнинг қаттиқ эътирозига сабаб бўлмоқда, деб ёзган Bloomberg.

«Telegram'да дезинформация очиқ ва мутлақо назоратсиз тарқатилмоқда», – деган Эстония бош вазири Кая Каллас. Контентни ўчириш учун берилган талабномалар кўпинча эътиборсиз қолдирилади, деган у.

Европадаги расмийларга кўра, Telegram пропагандистик гуруҳлар ўз информациясини кенгроқ аудиторияга етказиш учун контентни фаол ижтимоий ҳамжамиятлар орқали тарқатишга мўлжалланган ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда.

«Telegram турли россияпараст субъектлар, шунингдек, анчадан буён дензинформация тарқатиб келаётган алоҳида шахслар орасида машҳур, чунки контентнинг модерацияси амалда йўқ», – деган Словакия Ички ишлар вазирлиги қошидаги ҳибрид таҳдидларга қарши курашиш маркази собиқ директори Даниэл Мило.

Европа Иттифоқи яқинда Европа сайловларида ёвуз мақсадлардаги дезинформация тарқалишига халақит бериш мақсадида ноқонуний ва зарарли контентларга қарши курашиш бўйича ўз ваколатларини кенгайтириб олди.

Бироқ, Telegram'га келганда бу чоралар самарасиз — чиндан самарали воситаларни фақат Европада 45 млн актив фойдаланувчиларга эга платформаларга қўллаш мумкин. Telegram эса, юқорида қайд этилганидек, ЕИга аъзо давлатларда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилари сони 42 миллионта эканини билдирган.

Мавзуга оид