Ўзбекистон | 14:42 / 05.07.2024
29586
3 дақиқада ўқилади

Риштонда ИИБ хонасига олиб кирилган фуқаро ҳушини йўқотиб, реанимацияга ётқизилди

33 ёшли ҳайдовчи йўлнинг ҳаракатланиш мумкин бўлмаган қисмида автомобил бошқаргани ортидан, ички ишлар ходимлари билан жанжаллашиб қолган. Ходимлар унга нисбатан электрошокер қўллаб, хизмат хонасига олиб борган, у ерда фуқаро ҳушини йўқотиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Фото: Видеодан кадр

Кеча, 4 июл куни Фарғона вилояти Риштон туманида ИИБ ходимлари ва ҳайдовчи ўртасида жанжал келиб чиқди.

Ҳайдовчи йўлнинг ҳаракатланиш мумкин бўлмаган қисмида машина бошқаргани низога сабаб бўлган. Жанжал асносида ИИБ ходимлари ҳайдовчига электрошокер қўллаган ва хизмат хонасига олиб борган. Лекин бу хонадан фуқаро ҳушсиз ҳолда, замбилда олиб чиқилган: уни туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизишган.

5 июл куннинг биринчи ярми ҳолатига, фуқаро ҳалигача ўзига келмаган.

Kun.uz'га келиб тушган маълумотга кўра, Зоҳидон қишлоғида яшовчи 33 ёшли Равшан Мадалиев ўз машинасини туман марказидаги асосий йўлга чиқиш учун ҳаракатланиш мумкин бўлмаган қисмида бошқарган. Ўша ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган ППХ ходими ҳайдовчига чап томонда ҳаракатланиш мумкин эмаслигини тушунтираётган пайтда, ўзаро жанжал келиб чиққан.

Ҳайдовчи машинасини йўлнинг бошқа бир қисмига олмоқчи бўлганида, ходимлар машина йўлини тўсиб олишган. Низо пайтида машинанинг олд қисми букилган.

“ИИБ ходимлари аввал 2 киши эди. Кейин тўсатдан кўпчилик бўлиб кетишди. Машина йўлини тўсиб олиб, акамнинг машинани бошқа йўлга олишига тўсқинлик қилишди. Ходимлардан бири акамнинг қўлига электрошокер ишлатди. Кейин эса судраб, хизмат хонасига олиб кириб кетишди. Бу пайтда ходимлардан бири яна бошига урди. Акам хизмат хонасига киргунича ҳолати яхши эди. Уни хонада кўпчилик бўлиб калтаклашган. ИИБ хонасидан ҳушсиз ҳолатда чиқди. Тезкорлик билан реанимация бўлимига олиб бордик. Кечадан бери ўзига келмаяпти”, дейди воқеага гувоҳ бўлган ҳайдовчининг жияни.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи Равшан Мадалиев 2022 йилда автоҳалокатга учраши оқибатида миясидан оғир жарроҳлик амалиёти ўтказган.

Мурожаатчи, жанжал тасвирга тушиб қолган дўкон камерасидан барча кадрлар 5 нафар ППХ ходимлари томонидан, асл ҳолатни яшириш мақсадида ўчиртириб юборилганини айтмоқда.

Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати Kun.uz'га ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Мавзуга оид