Ростов ва Приморско-Ахтарскка дронлар ҳужум қилди
Нефтни қайта ишловчи завод ва кўп қаватли бино зарба остида қолган. Бир бола ҳалок бўлган, жароҳатланганлар бор.
Украинанинг пилотсиз учиш қурилмалари 5 июлга ўтар кечаси Краснодар ўлкасидаги Приморско-Ахтарск шаҳрига ҳужум уюштирди, деб хабар қилади регион губернатори Вениамин Кондратев. Приморско-Ахтарск Азов денгизи соҳилида жойлашган. Украина қуролли кучлари маълумотига кўра, Россия қўшини мунтазам равишда Приморско-Ахтарскдан Украина томон дронлар учириб келмоқда.
Губернатор Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари шаҳар устида бир неча дронни уриб туширганини хабар қилган. Унинг сўзларига кўра, уриб туширилган дронларнинг парчалари қулаши оқибатида шаҳардаги фуқаролик объектлари, хусусан, уч қаватли кўп квартирали уй ҳамда шаҳарнинг каттагина қисмини электр билан таъминловчи электр нимстанцияси шикастланган.
Телеграм-каналларда шикастланган уй акс этган кадрлар тарқалган.
Шунингдек, телеграм-каналлар турар жой биноси ҳамда электр нимстанция ҳудудидаги портлашлар акс этган видеоларни намойиш этган.
Аввалига Кондратев олти киши, жумладан икки бола жароҳатлангани ҳақида хабар берганди. 5 июл куни ўлка раҳбари аниқлик киритиб, жароҳатланганлардан бири, олти ёшли қизча шифохонада вафот этганини маълум қилди.
Ростов-Дон шаҳри ҳам дронлар зарбасига учраган, Ростов области губернатори Василий Голубев ҳудудда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ишлагани ҳақида хабар берган. «Ҳаво ҳужуми ва дронлар қулаши оқибатида Ростовда Дон дарёсининг чап соҳилида ҳамда Азов ҳудудида ёнғинлар юзага келган», — дея маълум қилади регион раҳбари. Расмийларнинг дастлабки маълумотида жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Shot телеграм-каналига кўра, Доннинг чап соҳилида учта ёнғин ўчоғи юзага келган. Манбанинг маълум қилишича, ҳужум нишони ИЭС-2 бўлган бўлиши мумкин. Маҳаллий аҳоли вакиллари бу сўнгги вақтлардаги энг кенг кўламли ҳужум бўлганини айтишган.
Astra телеграм-канали тарқатган тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Ростовда Новошахтинский нефтни қайта ишлаш заводи филиалига ҳужум қилинган, у ҳам Доннинг чап қирғоғида жойлашган. Astra юзага келган ёнғин акс этган видеони намойиш этган.
Украина қуролли кучлари ҳужуми ҳақида Курск области раҳбари Алексей Смирнов ҳам хабар берган. Унинг сўзларига кўра, украинлар ракетаси Беловский районидаги Белая қишлоғига келиб тушган, натижада мусиқа мактаби биноси ҳамда дўконлар шикастланган. Маҳаллий аҳоли вакилларидан ҳеч ким жабрланмаган.
РФ мудофаа вазирлиги тасдиқлашича, 5 июлга ўтар кечаси навбатчиликдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Краснодар ўлкасида украинларнинг 14 та дронини йўқ қилган, Ростов области узра 10 та дронни ишдан чиқарган ёки уриб туширган. Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Запорижжя области ҳудудида 26 та дронни уриб туширгани айтилган.
РФ мудофаа вазирлиги мунтазам равишда Украинага пилотсиз учиш қурилмалари билан ҳужум қилади ва Украина қуролли кучларини Россия шаҳарларига ҳужум қилишда айблайди. Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчукнинг маълум қилишича, 5 июлга ўтар кечаси Россия қўшини Украинага Shaheed русумли 32 та дрон билан ҳужум қилган, улар Курск ва Приморско-Ахтарскдан учирилган. Маълум қилинишича, украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Миколайив, Одесса, Херсон, Днипропетровск, Киев, Черниҳив ва Черкасс областларида 32 дронни уриб туширган. Расмийларга кўра, Киев области ҳудудида ҳужумлар оқибатида олтита хусусий уй ва бир автомобил шикастланган, яраланганлар йўқ. Бошқа регионлардаги ҳужумлар оқибатлари ҳақида маълумот берилмаган.
Мавзуга оид
21:07 / 28.11.2024
Путин Остонадаги чиқишида Зеленский офисига зарба берилиши мумкинлигига ишора қилди
18:30 / 28.11.2024
Трамп Украина бўйича махсус вакилини танлади. У урушни қандай тугатишни таклиф қилади?
17:49 / 28.11.2024
Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари «Орешник»нинг навбатдаги нишони бўлиши мумкин — Путин
10:18 / 28.11.2024