Самарқандда қурилиш майдонида қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташланди
Самарқанд шаҳридаги қурилиш корхонаси масъуллари 4 туп қимматбаҳо ва 1 туп кам қимматли турдаги дарахтни илдиз қисми билан қазиб ташлаб, йўқ қилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилиши билдирилган.
Самарқанд шаҳридаги қурилиш майдонида дарахатлар кесиб ташланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Экология бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида қурилиш ишларини олиб бораётган “С.Е.Ш.” МЧЖ масъуллари томонидан ҳудуддаги 4 туп қимматбаҳо ва 1 туп кам қимматли турдаги дарахт илдиз қисми билан қазиб ташлаб, йўқ қилинган. Ҳолат Самарқанд вилояти Экология бошқармаси Экологик назорат инспекцияси ҳамда шаҳар назорат инспекцияси томонидан олиб борилган назорат рейд тадбири давомида аниқланган.
Ҳозирда, дарахтларнинг йўқ қилиниши оқибатида ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланган. Ҳолатда жиноят аломатлари бўлганлиги учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Аввалроқ Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида сотиш учун 5 туп чинорни кесган 4 киши қамалган эди. Суд ҳукми билан уларнинг иккитаси 2 йил, иккитаси 1 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилганди.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмига кўра, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мавзуга оид
16:18
Янгийўлда 5 туп дарахтни кесиб ташлаган шахс табиатга 533 млн сўм зарар етказди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
09:28 / 08.11.2024