Ўзбекистон | 17:49 / 08.07.2024
5750
2 дақиқада ўқилади

Йирик солиқ тўловчи бўлишнинг мезонлари янгиланди. Нималар ўзгарди?

Эндиликда йиллик соф тушуми 249,9 млрд сўмдан ошган юридик шахслар йирик солиқ тўловчи деб эътироф этилади (илгари бу миқдор 100 млрд сўм эди). Бу борада бир нечта соҳалардаги корхоналар истисно деб белгиланди. “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ ва унинг таъсисчилигидаги ташкилотлар ҳам йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилди.

Фото: Солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистонда юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонлари ўзгарди. Бу – Солиқ қўмитасининг тегишли қарори билан тасдиқланди.

Маълумки, акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва акциз тўланадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар йирик солиқ тўловчилар ҳисобланади. Эндиликда низомнинг бу бандига “алкогол ва пиво маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар бундан мустасно” деган сўзлар қўшилди ва улар йирик солиқ тўловчи деб эътироф этилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, суғурта ташкилотлари йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилиши мумкинлиги эътироф этилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ ҳамда улар таъсисчилигидаги ташкилотлар ҳам йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилди.

Аввалги тартибга кўра, маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календар йил якуни бўйича 100 млрд сўмдан ошган юридик шахслар йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритиларди. Энди бу мезон базавий ҳисоблаш миқдорининг 735 минг баравари миқдорида, яъни 249,9 млрд сўмга ўзгартирилди (ходимлар сони ўртача йиллик 10 нафардан кам бўлмаслиги кераклиги ҳам белгиланди). Бундан пахта-тўқимачилик кластерлари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, алкогол маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар мустасно.

Шунингдек, мазкур низом талаблари татбиқ этиладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати ҳар йили кейинги солиқ даври бошлангунга қадар 3 ойдан кечикмай Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши ҳам белгиланмоқда. Илгари рўйхат бир ойдан кечиктирмай Солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланарди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йилда бир қатор йирик солиқ тўловчиларнинг давлат бюджетидаги улуши кескин қисқаргани маълум қилинганди.

Мавзуга оид