Жаҳон | 19:30 / 12.07.2024
10643
9 дақиқада ўқилади

Арестович – қаҳрамонликдан «Кремл агенти» тамғасигача

Россия ва Украина ўртасидаги уч йилдан буён давом этаётган урушни кузатаётганлар Олексий Арестович ҳақида кўп эшитган. Уруш бошида Зеленский маъмуриятида маслаҳатчи бўлиб ишлаган ҳарбий, разведкачи, психолог ва блогер медиа учун чиқишлар қилиб мамлакат позициясидан туриб гапирарди. У кунлик брифингларда фронтдаги вазият ҳақида маълумот бериб борди. Ўзининг айтишича, ўша вақтда унинг рейтинги фақат Зеленскийникидан ортда қолаётган бўлган.

Фото: Арестович Telegram-канали

Нотиқлиги билан ажралиб турадиган Арестович аста-секин медиа оламида янада кўпроқ намоён бўла бошлади ва тез орада ҳуқуқшунос Марк Фейгин билан унинг YouTube-каналида уруш кундалиги типидаги жонли эфирлар қила бошлади. У фронтдаги вазият ҳақида маълумот бераркан украиналикларни ғалабага ишонтиришга интилар, Россиянинг фронтдаги мағлубиятларига урғу бериб шу тариқа жамиятда позитив кайфият улашарди.

Арестович ўз ишини жуда яхши уддалар ва табиийки украиналиклар уни яхши кўриб қолишди. Ахир урушгача асосан психологик чиқишлари билан машҳур бўлган блогер эндиликда урушда ғалаба яқин деган позитив кайфият улашадиган одамга айланганди. Қизиғи, Арестович фронтдаги ҳолат ҳақида ҳам, Россиянинг муваффақиятсизлиги ҳақида ҳам ёлғонсиз, асл фактлар асосида гапирарди. Қайси маълумотни беришни, қайси ҳолатга урғу беришни мукаммал ўзлаштиргани сабаб унинг чиқишларини кўрган украиналиклар ғалабага ишонарди.

Фейгин: «Арестович Кремл манфаатига ишламоқда»

Яқинда Арестович билан 1,5 йил давомида фронтдаги воқеалар ҳақида одамларга маълумот бериб борган Марк Фейгин собиқ шериги Алексей Арестович хоин экани, у Кремл манфаатларига ишлаётгани ҳақида гапириб қолди. Бунга исботи борлигини ҳам қўшимча қилди. Хўш, охирги бир йилда нима воқеа бўлдики, украинларга ғалаба умидини улашаётган салкам мамлакат қаҳрамонига бирданига «Кремл агенти» деб қарай бошлашди?

«Пропаганда генераллари»га қарши ёлғиз жанг

Арестович уруш бошида украинларни тинчлантирувчи чиқишлар билан чекланмай Киевнинг Россияга қарши энг асосий ахборий жангчисига айланди. Ҳарбий соҳадан мукаммал хабари бўлган собиқ разведкачи рус тилидаги эфирларда Россиянинг муваффақиятлари ёлғонлиги ҳақида исботлар келтира бошлайди. Унинг эфирларини юз минглаб одамлар кўрар ва уларнинг катта қисми россияликлар бўлган.

Фото: Украина президенти офиси

Шу боис Арестович рус тилидаги чиқишлари билан тинимсиз Россия ахборот майдонига таъсир ўтказарди. У уруш бошида аёвсиз жанг майдонида Соловев, Скабева, Симонян каби рус пропагандачиларига қарши Киев томонидан ёлғиз курашди дейиш ҳам мумкин ва у айтаётган гапларига соғлом ақл соҳиблари ишониши қийин бўлган бу «рус пропагандаси генераллари» фонида ақлли, салобатли кўринарди. Бир сўз билан айтганда, урушнинг дастлабки ойларида Олексий Арестович украинлар орасида шон-шуҳратга кўмилди.

Кейинроқ эса Украина қуролли кучлари уруш ҳақида маълумотларни ўзи тақдим этиш йўлига ўтди ва қайсидир маънода Киевнинг Арестовичга эҳтиёжи қолмади. Аммо Олексий бу билан медиа оламидан кетмади ва бир қадар эркин форматга ўтиб, Марк Фейгин билан бирга уруш кундалигини олиб борди. Унга бош штабдан махфий маълумотлар тақдим этилар, керак бўлса зарур маълумотлар айнан унинг рус тилидаги эфирлари орқали сиздириларди.

Бурилиш нуқтаси

2023 йил январ ойига келиб барчаси ўзгарди. 13 январ куни Россия армияси Украина томон отган Х-22 товуш тезлигида учувчи ракетаси Днипро шаҳридаги турар жой биносига урилиши оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлади. Бу уруш бошидан буён Украинага амалга оширилган энг қирғинбарот ракета зарбаларидан бири эди.

Фото: Wojciech Grzedzinski / The Washington Post / Getty Images

14 январ куни «Фейгин LIVE» каналидаги чиқишида Арестович ўз манбаларига асосланиб, ракета Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уриб тушириши оқибатида турар жой биносига қулаганини айтди. Бу руслар учун айни муддао эди, чунки Кремл шу тариқа қонли зарба учун масъулиятни осонгина ракетани уриб туширган Киевга тўнкаб қўйди.

Украина Қуролли кучлари тезда бу бўйича раддия бериб, мамлакатда русларнинг товуш тезлигида учадиган ракеталарини уриб туширадиган техника йўқлигини маълум қилади. Аммо энди кеч бўлганди. Рус каналларда бу баёнот яшин тезлигида тарқалади. Ҳатто Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу маълумотни Арестовичга манба кўрсатган ҳолда эълон қилди.

Бу воқеадан кейин украин жамиятида Арестовичга нисбатан норозилик кучайди. У ўз хатосини кам ухлагани, маълумотни қайта ишлашга улгурмагани билан изоҳлади, бу учун кечирим сўради. Аммо кўп ўтмай кечиримини қайтиб олди.

«Йигитлар, мен шунчаки чарчадим. 320 кун давомида бошқа ишларга қўшимча равишда кечқурунги жонли трансляциялар, доимий уйқусизлик, доимий ахборот юкламалари, командировкалар. Кунига миллионлаб контактлар ва барчаси ... «ўта шошилинч» ва «ўта муҳим» информациялар», – дея тушунтирди у ўзининг уруш давридаги ишлаш шароитини.

Истеъфо

2023 йил 17 январ куни Арестович истеъфога чиқади. «Мен маданиятли хулқ-атворнинг намунасини кўрсатмоқчиман: жиддий хато қилиндими – демак истеъфога. Ўтган сафар мен кетганимдан бир ярим ой ўтиб уруш бошланганди. Кўрамиз, бу сафар нима бўларкин», деб изоҳлади у ўз қарорини ва ижтимоий тармоқларда аризасининг суратини илова қилди.

Арестович феномени. Украина президенти девонидаги шов-шувли истеъфо ҳақида 

Истеъфодан кейин ҳам унинг Фейгин билан эфирлари давом этди. Бу эса Арестович ҳам Киевнинг расмий одами эканини англатарди. Аммо ўтган йил август ойига келиб Фейгин ва Арестович миллионлаб одамлар томоша қиладиган лойиҳани тўхтатди. Аввалига Фейгин шунчаки ижодий таътил олишганини айтди, кейин лойиҳа ёпилганини эълон қилди. Бу вақтда тармоқда Арестович номидан Фейгин танқид қилинган Facebookʼдаги пост тарқалди. Фейгин буни фейк деб атади. Арестович эса бу ҳақда ҳеч нима демади.

Фото: Арестович Telegram-канали

Лойиҳа ёпилгани эълон қилинган куни эса Арестович россиялик мухолиф журналист Юля Латининага интервюсида шов-шувли баёнот берди: «Бизнинг (Украина ахборот макони назарда тутилмоқда – тарж.) энг катта хатомиз россияликларни жанг қилишга илҳомлантирдик. Сафарбарлик ёшидаги потенциал русларга уларнинг хотинлари, болаларини ҳайвон дейиш орқали ажойиб мотивация бердик», деди ўша чиқишида сиёсатчи.

Унинг чиқиши Россиянинг Украинага босқини оқлаш деб қабул қилинди ва шу билан Арестовични таъқиб қилиш бошланди. Айни дамда унга нисбатан Украинада иккита, Россияда битта жиноий иш очилган. Арестович анчадан буён Украинада эмас ва қаерда яшаётганини айтмайди. Аммо Украинани тарк этганидан буён Болтиқбўйи давлатларида, АҚШда ва Исроилда бўлиб, у ерлардаги тадбирларда қатнашгани маълум. Украиналик журналист Дмитрий Гордон сиёсатчи АҚШда эканини айтган.

Президентлик даъвоси

Олексий Арестович Украинада таъқибга учрай бошлагач, ўз каналида фавқулодда тез-тез рус тилига нисбатан муносабатни ўзгартириш тўғрисида чиқишлар қила бошлади. Бу учун эса уни «Россия пропагандачисига айланишда» айблашди. 2023 йил охирига бориб эса Олексий Арестович Украина президенти бўлмоқчи эканини маълум қилди. «Украинани Путин Россиясига айлантиришларини истамайман, шу учун президент бўлмоқчиман», деб изоҳлади сиёсатчи ўз чиқишини.

Шундан кейин у Киевни тез-тез танқид қилишга киришди. Уруш вақтида ўзи кўкларга кўтарган Зеленскийни кескин танқид қилиб истеъфога чиқишга чақирди. Танқидлардан уни президент маъмуриятига ишга олган Ондрий Ермак ҳам қуруқ қолмади. Бу орада Арестовичнинг президентлик амбициялари тобора кучайиб борди. Аммо 2024 йил Украинада президентлик сайловлари ўтказилмади. Бунга ҳарбий ҳолат эълон қилингани, уруш кетаётгани сабаб қилиб келтирилди.

Фото: Арестович Telegram-канали

2024 йил июн ойига келиб эса Арестовичнинг уруш бошидаги маслакдоши Марк Фейгин уни Кремлда пул олишда ва Россия манфаатларига ишлай бошлаганликда айблади. Фейгинга Арестович уруш бошида қўлга олинган ва Азов баталёни командирларига алмашилган Путиннинг Украинадаги одами Виктор Медведчукдан пул олиши, музокараларда россиялик журналист Алексей Венедиктов воситачи сифатида қатнашганини иддао қилди. Аммо бу гаплар ҳозирча исботлангани йўқ.

Қаҳрамонликлан хоинликкача бир қадам

Мана шунақа гаплар. Уруш бошида украинлар эфирларини умид билан кутадиган, улар учун тинчлантирувчи дори ўлароқ меҳнат қилган Арестович урушнинг учинчи йилида «Кремл агенти» деган тамғани олди. Уруш мана шундай аёвсиз, бадбахт нарса. У одамларда ишончни аста-секин ўлдиради. Биз мавзуга яна қайтамиз.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Мавзуга оид