Ўзбекистон | 20:22 / 19.07.2024
6303
2 дақиқада ўқилади

Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди

Қирғизистон президентининг икки кунлик ташрифи доирасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан мамлакатимизда бўлган Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг давлат ташрифи якунланди.

Икки кунлик ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди, уларнинг якунида етакчилар кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди. Энергетика, автомобилсозлик ва тўқимачилик саноатида йирик қўшма лойиҳаларга старт берилди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон санъат усталарининг концертини томоша қилдилар.

Сўнгра етакчиларнинг мулоқоти Хивада давом этди. «Хива гиламлари» комбинатининг ишлаб чиқариш қувватлари, «Made in Uzbekistan» бренди остидаги маҳсулотлар кўргазмаси билан танишдилар.

Президентлар рафиқалари билан биргаликда қадимий Хива шаҳрининг тарихий-меъморий дурдоналарини ҳам зиёрат қилдилар.

Ташриф тадбирлари якунлангач, Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Урганч халқаро аэропортида Садир Жапаров ва рафиқасини кузатиб қўйди.

Шундан сўнг давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид