Ўзбекистон | 15:41 / 22.07.2024
27496
4 дақиқада ўқилади

Ўқишни кўчириш давом этяпти: талабалар нималарни билиши керак?

15 июлдан 5 августгача хорижий ва маҳаллий ОТМдан ўқишни кўчириш учун аризалар қабули давом этади. “Перевод”ни кимлар, қай тартибда амалга ошира олади, қандай ҳолатда ўқишни кўчириш учун рухсат берилмайди?

Фото: Kun.uz

15 июлдан ўқишни кўчириш бўйича аризалар қабули бошланди.“Перевод” жараёнида талабаларда пайдо бўладиган саволларга қуйида батафсил жавоб олиш мумкин.

Давлат олийгоҳлариаро ўқишни кўчириш

Ўзбекистондаги бир давлат олий таълим муассасасидан бошқасига фақат 2 ҳолатда ўқишни кўчиришга рухсат берилади:

– талаба оила қурганда ва турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга кўчмоқчи бўлганда;

– давлат хизматчиси иш юзасидан бошқа ҳудудга кўчганда ва турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзандининг ўқишини ўша ҳудудга кўчирмоқчи бўлганда (ишга кирган вазирлик хати асосида).

Хориждан ўқишни кўчириш

Бунда талаба мос ва турдош йўналишга тест ёки ижодий имтиҳон топшириши керак. Шу билан бирга, талаба Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги имтиҳонидан ўтиш баллини тўплаши керак. Бу ерда талаба учун қўшимча имконият бор. Агар у белгиланган баллни тўплай олмаса, супер-контрактни тўлаб ҳам ўқишни кўчириши мумкин.

Бироқ бу тартиб фақат мос ва турдош йўналиш талаблари учун амал қилади. Хориждан мос ва турдош бўлмаган йўналишга ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.

Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат ОТМдан ўқишни кўчириш

Бунда талаба мос ва турдош йўналишга тест ёки ижодий имтиҳон топширади ва ўтиш баллини ҳам тўплаши керак бўлади. Бундай талаба ўтиш баллини тўплай олмаса, супер-контракт шартлари асосида ўқишини кўчиришига рухсат берилади.

Шу ерда муҳим жиҳат: мос ва турдош бўлмаган йўналиш учун эса бир марталик супер-контракт тўлаб, имтиҳонсиз кўчириши мумкин. Бу тартиб хорижий давлатдан Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган йўналиши учун амал қилмайди.

Қуйидагиларни давлат назорат қилмайди, кўчириш шартларини нодавлат ОТМнинг ўзи белгилайди:

– давлат ОТМдан нодавлат ОТМга ўқишни кўчириш тартибини нодавлат олий таълим муассасаларининг ўзи мустақил белгилайди;

– нодавлат ОТМдан нодавлат ОТМга ўқишни кўчириш;

– хориждан нодавлат ОТМга ўқишни кўчириш.

Қуйидагилар ОТМ ректори томонидан ҳал қилинади:

– давлат ОТМ ичида бир йўналиш ёки факултетдан бошқа йўналиш ёки факултетга ўқишни кўчириш;

– бир ОТМ ва ҳатто бир йўналиш доирасида таълим шаклини ёки тилни ўзгартириш.

Аризалар қабули

Республикадаги бир давлат олийгоҳидан бошқа давлат олийгоҳига ёки бир олийгоҳ ичида ўқишни кўчирмоқчи бўлган талабалар transfer.edu.uz сайти орқали ариза топшириши мумкин.

Хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан давлат ОТМга ўқишини кўчирмоқчи бўлганлар эса my.uzbmb.uz сайти орқали ҳужжат топширишлари мумкин.

Ариза топшириш жараёнида талабадан қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

– ариза (онлайн тарзда);

– транскрипт ёки рейтинг дафтарчаси (JPG ёки Pdf шакли);

– академик маълумотнома (ўқишни тикловчилар учун).

Маълумот учун, ўқишни кўчириш учун аризалар қабули 15 июлдан 5 августгача давом этади. Ўқишни кўчириш бўйича ўтиш балларининг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишишингиз мумкин. Бу йил энг юқори ўтиш балли ҳуқуқ соҳаси учун белгиланган – 140 балл. Кейинги юқори балли йўналиш – соғлиқни сақлаш йўналишида ўқишини кўчирмоқчи бўлганлар камида 129 балл тўплаши талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ўқишни кўчириш учун имтиҳон топширганларнинг 89 фоизи ўтиш баллини тўплолмаган эди.

Мавзуга оид