Ўзбекистон | 22:52 / 22.07.2024
5572
3 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси яна бир банкни жаримага тортди

Ҳар бир мижозига 250 минг сўм бериш ваъдаси билан реклама тарқатган AVO банк жаримага тортилди. Сабаби, Рақобат қўмитасига кўра, бу рекламага ишониб банк мижози бўлган фуқаролар ваъда қилинган пулларни тўғридан тўғри ҳисобрақамларига ўтказиб ола олмайди. Қўмита номақбул реклама учун аввалроқ Ипотекабанкни ҳам жаримага тортганди.

Фото: Shutterstock

AVO банк (собиқ Ўзагроэкспортбанк) реклама қонунчилигини бузган деб топилиб, жаримага тортилди.

Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, бу банк кўрсатаётган хизматлари ҳақида нотўғри реклама тарқатаётгани юзасидан қўмитага мурожаат келиб тушган.

Мурожаатда, банк сайтининг “AVO бонуслари” саҳифасидаги реклама ахборотларида “250 000 сўм ҳар бир янги мижозга”, “+250 000 минг сўм Сизга ва AVO'нинг ҳар бир янги мижозига”, “Ҳисобингизга 250 000 сўм олиш” ва “Картага 250 000 сўм олиш” каби маълумотлар кўрсатилгани, бироқ банк томонидан ҳар бир янги мижозга 250 000 сўм пул берилмаслиги, мазкур пул кўринишидаги бонусларни олиш учун банк мижози маълум бир ҳаракатларни амалга ошириши лозимлиги, шунда ҳам мижозга 250 000 сўм пул маблағи нақд пул кўринишида тақдим этилмасдан, банкнинг мобил иловаси орқали бонус баллари кўринишида тақдим этилиши маълум қилинган.

Олиб борилган ўрганишда аниқланишича, AVO банкнинг расмий веб-сайтида “AVO – Ўзбекистондаги энг қулай мобил банк” мазмунидаги реклама жойлаштирилган. Банк томонидан ҳар бир янги мижоз учун 1 бонус бали 1 сўмга тенг бўлган бонус баллари тақдим этилади, мижознинг ўз хоҳишига кўра, бу бонусларни пул маблағларига алмаштириш ёки банкнинг кўрсатган хизматлари учун тўлов сифатида ишлатиши мумкин. Шу сабабдан рекламаларда “Ҳар бир янги мижоз учун 250 000 сўм олинг”, “Ҳар бир таклиф қилинган шахс учун 50 000 сўм”, “Ҳисоб рақамига 250 000 сўм олинг” мазмунидаги иборалардан фойдаланилган. Лекин мижозлар бу пул маблағларини ҳисоб-рақамларига тўғридан тўғри ўтказиб ола олмайди.

Шу билан бирга, ушбу банкнинг ОАВ ва ташқи реклама воситаларида тарқатган реклама ахборотлари қўшимча равишда ўрганилганида, бир қатор камчиликлар аниқланган.

Шуларни инобатга олиб, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси 1-қисми ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси 1-қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “AVO Bank” АЖга нисбатан реклама ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани натижасида белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди, дейилади расмий хабарда.

Жарима суммаси очиқланмаган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органи аввалроқ Ипотекабанкни ҳам номақбул реклама тарқатгани учун жаримага тортганди.

Мавзуга оид