Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди
Қонуннинг мақсади шаҳарсозлик реновацияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
“Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Қонуннинг мақсади шаҳарсозлик реновацияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонуннинг амал қилиши ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари ва моддий-маданий мерос объектларининг реновацияси соҳасидаги муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қуйидагилар шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш учун асос ҳисобланади:
- шаҳарсозлик реновацияси ҳудудидаги ер участкаларини қайта режалаштириш;
- шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар жой объектлар яшаш, фойдаланиш, ишлатиш учун яроқсиз бўлиб, авария ҳолига келиб қолганлиги;
- ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнинг мавжудлиги;
- шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар жой объектлардан фойдаланиш ноқулай эканлиги ҳамда улардан фойдаланиш самарасиз аҳволга келиб қолганлиги;
- шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар жой объектларнинг муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмалари замонавий талабларга жавоб бермаслиги, энергия самарадорлик кўрсаткичлари паст эканлиги;
- шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида атроф-муҳитнинг меъморий қиёфаси экологик жиҳатдан зарарли бўлиб қолганлиги.
Қуйидагилар шаҳарсозлик реновациясининг асосий мақсади ҳисобланади:
- реновация лойиҳаси асосида ҳудудни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан самарали ҳолатга келтириш;
- яшаш, фойдаланиш, ишлатиш учун яроқсиз деб топилган авария ҳолатидаги уй-жой фондини инсон яшаши ва фойдаланиши учун яроқли ҳолга келтириш;
- ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларни бартараф этиш;
- уй-жой фондидан фойдаланиш қулайлиги ва унумдорлигини ошириш ҳамда ундаги шароитларни яхшилаш;
- замонавий мезонларга жавоб берадиган муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани яратиш, энергия самарадорлик кўрсаткичларини яхшилаш.
Шаҳарсозлик реновацияси қуйидаги турларга бўлинади:
- давлат ташаббусига кўра;
- мулкдорларнинг ташаббусига кўра;
- учинчи шахсларнинг ташаббусига кўра.
Шаҳарсозлик реновацияси мулкдорларнинг розилиги билан давлат ва жамоатчилик назорати асосида амалга оширилади.
Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш реновация лойиҳасига асосан реновация ҳудудида ер участкаларини қайта режалаштирган ҳолда бино-иншоотларни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан самарали ҳолатга келтириш юзасидан амалга ошириладиган қуйидаги шакллардан иборат:
- мавжуд объектни асосий конструкциясини ўзгартирмасдан реконструкция қилиш;
- мавжуд объектларни бузиш ва бўшаган ер участкасида бузилган объект тоифасидаги янги объектни қуриш;
- мавжуд объектларни бузиш ва бўшаган ер участкасида бошқа тоифадаги янги объектни қуриш ёки яшил ҳудудларни ва бошқа ҳудудий зоналарни ташкил этиш.
Шаҳарсозлик реновацияси дастури доирасида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шаҳарсозлик реновацияси дастурини амалга ошириш шаклларининг бири ёки бир нечтаси қўлланиши мумкин.
Мавзуга оид
16:02 / 20.11.2024
Варшава кўчаларидаги ўлимлар 2 баробарга камайтирилди: қандай қилиб?
20:45 / 09.10.2024
Тошкент шаҳри Бош режага кўра 3 та зонага ажратилади
18:30 / 07.10.2024
Қурилиш соҳасида аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳақида маълумот берилди
18:39 / 30.08.2024