Ўзбекистон | 13:55 / 24.07.2024
19468
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Telegram фойдаланувчиларининг аккаунти автоматик равишда фирибгарлик каналларига уланиб қолмоқда

Бу сўнгги бир неча кунда янада авж олди: Telegram созламасидан гуруҳларга қўшишни чеклаш ҳам иш бермаяпти. Турли номлар остидаги фирибгарлик каналларида эса пулини саноқли соатларда бир неча бараварга кўпайтириб бериш ваъдаси орқали одамларни чув туширишга ҳаракат қилинмоқда.

Бир неча кундан бери Ўзбекистонда Telegram фойдаланувчиларининг аккаунти автоматик равишда фирибгарлик каналларига уланиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳатто Telegram созламаларидан аккаунтни гуруҳларга қўшишни чеклаб қўйиш ҳам иш бермаяпти. 8-10 минглаб аъзо йиғилган каналларнинг ўзи эса махфий тарзда ташкил қилинган.

Одамлар қўшилиб қолаётган ҳар хил номдаги махфий каналларнинг барчасида турли йўллар ва усуллар билан пулни бир неча соатда 10-15 баравар кўпайтириб бериш ваъдаси берилмоқда.

Масалан, “Uzbekiston investuz” каналида 8 832 нафар аъзо йиғилган.

Каналда фуқаронинг лойиҳага пул тикиб, катта миқдорда маблағ ютиб олгани ҳақидаги ёлғон видеолавҳалари эълон қилинган бўлиб, улар 1000-1200 марта кўрилган.

Канал админи – Муҳаммадфозил Қодиров исмли шахс бўлиб, у одамларга бу иш давлат назоратидан ўтганини айтган ҳолда очиқчасига 1,5 млн сўм тўласа, бир соатда 20 млн сўм қилиб қайтариб беришни ваъда қилмоқда.

Навбатдаги канал “HALOL SARMOYA ISHLASH BEPUL” номи остида очилган. Каналда 23 967 аъзо борлиги кўрсатилган. Унда эълон қилинган постлар эса 2 минг мартагача кўрилган.

Эътиборлиси, ушбу канал эгаси ҳам Муҳаммадфозил Қодиров ҳисобланади. У ушбу каналда одамларнинг ишончига кириш учун шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда ўзи ҳам кўриниш берган.

Бундан ташқари, Муҳаммадфозил Қодиров ўз “личкаси”да манзилни ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб қўйган.

“HALOL SARMOYA ISHLASH BEPUL” каналида ҳам пулини 1 соатда 15 бараваргача кўпайтириб бериш ваъдаси билан одамларни чув туширишга ҳаракат қилинмоқда.

Шунингдек, “Golden daromad” канали ҳам айни шу “сценарий” асосида одамларни алдашга уринмоқда.

Каналда пулни кўпайтириб олиш шартлари жуда осонлиги, “депозит” қилинса 2-3 соатда натижа бўлиши, 1 млн сўм берган одам пулини 15 млн сўм қилиб қайтариб олиши ҳақида “чўпчак ўқилган”. Пулни эса Насиба Муродова исмли шахс номига очилган банк картасига ташлаш сўралмоқда.

Мазкур канал админи Исломжон Каримжонов билан боғланиб, лойиҳа ҳақида сўраб кўрдик. У ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини, фотошоп дастурида ясалган лицензиясини ҳамда “Online Broker International” МЧЖга ҳозирда тугатилган Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан 2019 йил 25 декабрда берилган лицензияни тақдим қилди.

Исломжон Каримжонов ўзини “Online Broker International” МЧЖ директори деб таништирди.

Очиқ маълумотлардан излаб кўрилганда “Online Broker International” МЧЖ ҳақиқатан ҳам 2017 йил давлат рўйхатидан ўтказилгани, қимматли қоғозлар ва товарларга шартномалар бўйича брокерлик хизмати кўрсатиши маълум бўлди. Аммо Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган МЧЖнинг таъсисчиси ва раҳбари сифатида бошқа шахслар келтирилган. Шунинг ўзиёқ бу фирибгарлик эканига яққол далилдир.

Пулни кўпайтириб беришни айтаётган фирибгарлик каналларининг барчасида “лойиҳа раҳбари”дан ишонч учун бирор ҳужжат сўралганида улар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини очиқ-ойдин тақдим этмоқда. Бироқ бирортасида пул ташланиши айтилаётган банк карталари уларнинг ўз номида эмас, бошқа шахслар номига очилган. Бу ушбу турдаги барча каналлар ва уларда айтилаётган ваъдалар ёлғон эканига яна бир исбот.

Kun.uz юртдошларимизни яна бир кафолатланмаган ва хавфли лойиҳаларга пул тикмасликка чақиради ҳамда Telegram аккаунт юқоридаги каби каналларга уланиб қолганида улардан чиқиб кетишни тавсия қилади.

Мавзуга оид