Жаҳон | 23:08 / 24.07.2024
9758
2 дақиқада ўқилади

Путинга ваъда қилинган биринчи рус электромобили Хитойда йиғиладиган бўлди

Россияда ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган “Атом” электромобилини Хитойда йиғиш режалаштирилмоқда. Гарчи унинг лойиҳасини ишлаб чиққанлар аввалдан буюртмани йиғишни бошлаб юборган бўлса-да, ҳозирча автомобил ишлаб чиқарилмаяпти, деб ёзмоқда РБК.

Фото: atom.auto

Электромобил лойиҳасини ишлаб чиққан “Кама” АЖ ва Россия тўғридан тўғри инвестициялар фонди (РФПИ) Хитойнинг XY Group («Сюан Юан») халқаро корпорациясини жалб қилишга келишиб олган, деб хабар бермоқда фонднинг матбуот хизмати. Ҳамкорликка кўра “Атом”ни Хитой бозорида ўтказиш, шунингдек Ҳарбин шаҳрида электромобилни ишлаб чиқариш учун саноат майдони ва қувватларни излаб топиш назарда тутилган. Режаларда Хитойда қўшма тадқиқот ва ишланмалар маркази тузиш ҳам бор.

Аввалроқ РФПИ “Атом”ни ишлаб чиқариш учун 2 млрд рубл сармоя ажратилишини маълум қилган. Бугунга келиб бу автомобил учун 105 мингдан зиёд аввалдан буюртмалар олинган.

Ўтган йилнинг охирида “Ростех” бош директори Сергей Чемезов РФ президенти Владимир Путинга “Атом”нинг тажриба намунаси 2024 йилда пайдо бўлиши, 2025 йилдан бошлаб серияли ишлаб чиқариш бошланишини айтган эди.

РБКнинг аниқлик киритишича, “Атом” 7 сонияда 100 km/h тезликка эришади, автомобилнинг юриш захираси эса 500 kmʼни ташкил этади. “Атом” дизайнини Италиядаги бюролардан бири ишлаб чиққан.

 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид